07.01.2016

ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ

қандай хизмат кўрсатади?

Бир эслайлик. 2003 йилда электрон рақамли қонуний имзо жорий қилинган эди. Кейинчалик ҳужжатларнинг электрон шаклда айланиши ҳам юзага келди ва давлат органлари, хўжалик юритувчи субъект­ларнинг иш фаолиятида бу жуда асқотди. Шу тариқа 150 дан ортиқ орган ва муас­сасалар уланган ягона ҳимояланган электрон почта яратилди.

Айтиш керакки, бу мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишдаги муҳим қадамлар эди...

Бугунги кунга келиб электрон давлат хизматларини тақдим этиш доирасида давлат органларининг ўзаро, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлигини таъминловчи ягона технологик инфратузилмани шакллантиришга доир ишлар кўлами кенгайди. Идоралараро ахборот тизимлари, электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базалари ва ахборот ресурсларини жорий қилиш мақсадида электрон ҳукумат соҳасидаги муносабатлар қонун билан мустаҳкамланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Бу турли маъмурий тартиб-­тао­милларни янада енгиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ­фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш, самарадорлигини ошириш учун ҳуқуқий асос яратди.

Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ўтган йили 18 ­ноябрда қабул қилинди. Сенат томонидан эса 3 декабрда маъқулланди. Қонун 2015 йилнинг 9 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланди. Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач, кучга киради.

ҚОНУННИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ, АҲАМИЯТИ НИМАДАН ИБОРАТ?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, электрон ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратишдан иборат. Шунингдек, ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш, ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базаларини, Ягона интер­актив давлат хизматлари порталини ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантиришга хизмат қилади.

Шу маънода, қабул қилинган янги ҳуқуқий ҳужжат давлат органлари ­фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, аҳолига, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Қонун «электрон ҳукумат» фаолиятини ташкил этишнинг давлат органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги, даъво қилувчиларнинг электрон давлат хизматларидан тенг фойдаланиши, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби принципларини мустаҳкамлайди.

ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ ТИЗИМИДА ҚАНДАЙ ЯНГИ НОРМАЛАР ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ?

— Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда «электрон ҳукумат», давлат хизмати, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш, электрон давлат хизмати, электрон давлат хизматининг регламенти, «электрон ҳукумат»нинг ягона идентификаторлари каби тушунчалар қонунчиликка илк бор киритилмоқда ва уларга тегишли таърифлар берилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Нўъмон Акбаров. — Қонунда электрон ҳукуматнинг асосий принциплари белгиланган. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши, «бир дарча» принципи бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш, давлат органларининг ҳужжатларини бирхиллаштириш ва электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторла­ридан фойдаланиш, шунингдек, ­электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш ҳамда ахборот хавф­сизлигини таъминлаш мазкур принциплар қаторидан жой олган.

Қонун, шу жумладан, «бир дарча» принципи асосида электрон ҳужжат алмашиш имкониятларини кенгайтирмоқда, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқанинг самарали механизмларини яратишни, электрон давлат харидлари тизимини ривожлантиришни назарда тутмоқда. Масалан, қонуннинг 8-моддасига асосан, электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи бундай хизмат кўрсатиш учун бош­қа давлат органларида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиши талаб этиладиган ҳолларда электрон давлат хизмати кўрсатиш «бир дарча» принципи бўйича амалга оширилади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари барча ариза берувчиларнинг электрон давлат хизматларидан тенг равишда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.

— Қонунда электрон давлат хизматларини кўрсатувчи Вазирлар Маҳкамасининг, марказда ва жойлардаги давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг ваколатлари, функциялари, шунингдек, фуқароларнинг, жисмоний ҳамда юридик шахс­ларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари белгилаб берилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Аваз Ўринбоев. — «Электрон ҳукумат» фаолиятининг тартиби, асосий инфратузилма хусусиятлари белгиланган.

Масалан, Қонунда электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширувчи органлар қайд этилган. Унга кўра, электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ва бошқа давлат органлари амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси электрон ҳукуматнинг шакллантирилишини ва ишлашини унинг асосий принципларига мувофиқ таъминлайди, Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини юритиш тартибини, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимининг ишлаш тартибини белгилайди. Бундан ташқари, электрон давлат хизматларини кўрсатишда электрон давлат хизматлари кўрсатувчи бир неча давлат органи иштирок этадиган бўлса, ўша электрон давлат хизматларининг регламентларини, электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолаш услубини, шунингдек, электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўр­саткичларини тасдиқлаш ҳам айнан унинг ваколатига киритилган.

ЭЛЕКТРОН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ҚАНДАЙ КЎРСАТИЛАДИ?

— Қонунда электрон давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Феруза Эшматова. — Унга асосан, электрон давлат хизматлари ахборот ва интерактив давлат хизматлари тарзида бўлиши мумкин. Ахборот давлат хизмати ариза берувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган, давлат органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш ва бошқача тарзда тарқатиш йўли билан кўрсатиладиган электрон давлат хизматидир. Интерактив давлат хизмати эса ариза берувчига ариза берувчи ва электрон давлат хизмати кўрсатувчи давлат органи ўртасида икки томонлама электрон ҳамкорлик йўли билан кўрсатилади.

Интерактив давлат хизматлари қонун ҳужжатлари асосида ва ахборотни тўплаш, сақлаш, унга ишлов бериш, уни узатиш ҳамда алмашиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида ташкил этилиши, электрон давлат хизматларининг тасдиқланган регламенти асосида кўрсатилиши керак. Шунингдек, шахсга доир маълумотларга ишлов беришни назарда тутувчи хизматлардан ариза берувчиларнинг хавфсиз фойдаланишини, сўров юбориш ва электрон давлат хизматининг натижасини олиш имкониятини таъминлаши керак.

Бундан ташқари, ариза берувчининг электрон давлат хизматларини олиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳам белгиланди. У электрон давлат хизматларидан ўз вақтида ва электрон давлат хизматларининг тасдиқланган регламентларига мувофиқ фойдаланиш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олишга ҳақли.

Электрон давлат хизмати кўрсатилишининг бориши тўғрисида ўзаро ҳамкорликнинг турли шакллари (расмий веб-сайт, телефон, электрон почта, тезкор алоқа ва бошқалар) орқали ахборот олиш, электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органларга ёки мансабдор шахсларга ёхуд судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Шу билан бирга, электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолашда иштирок этиш, бундай хизматларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши ҳам мумкин.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.