05.01.2016

ЎзХДП ЭЛЕКТОРАТ БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

ўтказаётган мулоқотлар туфайли жойлардаги муаммоларни чуқурроқ ўрганиш имкони ортмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда 10 мингга яқин ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият юритмоқда. Аҳолини ўйлантираётган турли ижтимоий масалаларни ҳал қилишда, одамларга меҳр ва эътибор кўрсатишда уларнинг ўрни, аҳамияти беқиёсдир. Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­си Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келяпти. Турли лойиҳалар, акциялар ўтказмоқда. Шулардан бири «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси бўлди.

Ўзбекистон ХДП Марказий ­Кенгаши бўлим мудири Алишер ­Равшановга ушбу лойиҳа ва унинг самаралари ҳақида айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

— Азалдан маҳалла миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналар ўчоғидир, — дея гап бошлайди у. — Хонадонлардаги тўй-маросимлар ёки кимгадир бирор-бир ёрдам кераклиги ёхуд ким кўмакка, ким эътиборга муҳтожлиги, хуллас, ҳаммаси маҳаллага маълум бўлади. Демак, маҳалла ичига кириб бориш, бу инс­титут билан ҳамкорликни янада кучайтириш орқали партиямиз электорат вакиллари ва сайловчиларга яқин бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда, мазкур лойиҳа ишлаб чиқилган эди.

Лойиҳа 2010-2015 йилларга мўлжалланган бўлиб, шу йиллар давомида маҳалла аҳолиси, хусусан, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий билимини янада ошириш, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, мутасадди ташкилотларнинг аҳоли билан мулоқотини кенг ташкил қилиш чоралари кўрилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган янги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тарғиботига алоҳида эътибор қаратилди.

Маҳаллаларда истиқомат қилувчи кексалар турмуш тарзи ўрганилди. Ёлғиз, боқувчисини йўқотган қариялар аниқланиб, уларга ижтимоий кўмак берилди. Айни шу жиҳатлар лойиҳанинг асосини ташкил этди.

Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, лойиҳа доирасида пар­тия­миз фаоллари, депутатлар мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига қадар етиб боришга эришди. Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибамиз мус­таҳкамланди. Одамларни ўйлантираётган муайян ижтимоий масалалар жойида бартараф этилди, кўпчиликнинг оғири енгил бўлди. Демак, маълум маънода мақсадимизга етдик.

— Ўзбекистон ХДПнинг бош ғояси кучли ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ. Лойиҳанинг бу йўналишдаги ўзига хослиги нималарда кўринди?

— Лойиҳага кўра, мамлакатимиз бўйлаб аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ масалаларда кўплаб давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказилди. Натижада меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш, касаначиликнинг замонавий шаклларини ривожлантириш орқали қишлоқ жойлардаги хотин-қизларни ишга жойлаштириш, умуман, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш масалаларида барча ҳудудлардан таклифлар олинди.

Шунингдек, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар мутахассислари иштирокида одамларни ўйлантираётган саволларга жавоб берилди. Кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил қилиниб, мурожаатларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Айтиш керакки, мазкур лойиҳани ўтказиш жараёнида бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилинди. Тадбирлар давомида маҳаллий ҳокимликларнинг қурилиш ҳамда коммунал масалалари бўйича масъул раҳбарлари, бандлик, соғ­лиқни сақлаш, халқ таълими бўлимлари, солиқ инспекцияси, бюджетдан ташқари пенсия жам­ғармаси, тижорат банклари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди масъуллари аҳоли вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришди. Ўз ишини бошлаш истагида бўлганларга кўмаклашилди. Пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг қонунчиликка мувофиқ равишда манзилли тўланиши бўйича жамоатчилик назорати кучайтирилди.

— Лойиҳа доирасида ижти­моий масалалар бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар ўрганилди. Хўш, бугун айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳолини қандай масалалар кўпроқ ўйлантиряпти? Уларга ечим топиш учун партия ташкилотлари, депутатлар томонидан қандай чоралар кўрилди?

— 2010-2015 йилларда лойиҳа давомида 5 мингга яқин учрашув, мулоқот ва давра суҳбати ташкил этилди. Аҳоли ижтимоий масалалар юзасидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларига 18 мингга яқин таклиф, мулоҳаза билдирди. Уларнинг аксарияти маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилди. Шунингдек, фуқаролардан тушган мурожаатлар юзасидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига 200 га яқин масала киритилди.

Айтиш керакки, лойиҳа доирасидаги тадбирларда депутатлар томонидан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун, «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури тўғрисида»ги қарорлар, шунингдек, «1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармоннинг ижросига ҳам алоҳида аҳамият берилди.

Лойиҳа доирасида ташкил этилган кўчма Жамоатчилик қабулхоналарига ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги камчиликларни бартараф этиш каби масалаларда мурожаатлар бўлди. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Шунингдек, мурожаатлар асосида касб-ҳунар коллежларининг 5 минг нафарга яқин битирувчиси ва хотин-қизларнинг ишга жойлашишига кўмаклашилди.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар натижасида жойлардаги муаммолардан яқиндан хабардор бўлдик. Бу келгусида кўпроқ амалий ишлар, ҳаётий масалалар билан шуғулланишимизда муҳим аҳамият касб этади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.