05.01.2016

2016 ЙИЛНИНГ 1 ЯНВАРИДАН

солиқ соҳасида қандай ўзгаришлар бўлди?

Ўтган 2015 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмагани аҳоли фаровонлиги ошиб бораётганини англатади. Бунда, албатта, мамлакатимиз солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, янгиликлар ҳам муҳим омил бўляпти. Аҳамиятли томони, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар бу йил ҳам изчил давом этиб, қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлари жорий этилади.

Бугун дунёнинг кўп­лаб мамлакатларида давлат бюджетини режалаштиришда солиқ сиёсатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки бу бевосита иқтисодиёт барқарорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шу маънода, мамлакатимизнинг жорий йилга мўлжалланган солиқ сиёсатида муҳим ўзгаришлар бўлди. Бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фрак­ция­си аъзоси Фарҳод УМАРОВга мурожаат қил­дик.

— Аввало, таъкидлаш керакки, дунёда ҳукм сураётган мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазиятга қарамасдан, жорий йилга мўлжалланган солиқ сиёсатида қатор енгилликлар кўзда тутилди, — дейди у. — 2016 йилда олиб бориладиган солиқ сиёсати ўтган йиллардаги каби хўжалик юритувчи субъ­ект­лар ва аҳоли учун солиқ юкини янада пасайтиришга, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ва бу соҳада маъмурий чораларни кучайтириш ор­қали хўжалик юритувчи субъектлар мод­дий-техник базасини мустаҳкамлаш ва меҳнатни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Масалан, 2016 йилда жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғининг иккинчи поғонаси бўйича солиқ ставкасини 8,5 фоиздан 7,5 фоизгача, ўрта даражадаги даромадга эга бўлган тўловчилар учун солиқ юки 6,2 фоиздан 5,5 фоизгача камайди. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизгача пасайди. Бу ялпи ички маҳсулотда хизмат кўрсатиш соҳасининг улушини 55 фоизга етказиш имконини беради.

Умуман олганда, солиқ сиёсати бўйича белгиланган чораларнинг амалга оширилиши натижасида, 2016 йилда солиқ юки 2015 йилдаги ЯИМга нисбатан 19,2 фоиздан 18 фоизга камайиши кутилмоқда.

— Маълумки, шу йилнинг 1 январидан «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кучга кирди. Кодексда белгиланган янги нормалар ҳақида тўхталсангиз...

Қонунга асосан Солиқ кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Солиқ кодексидаги 96-модданинг иккинчи қисми янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра, давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг банк­лардаги ҳисоб варақалари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш тартиби белгиланди. Яъни давлат солиқ хизмати органи солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинганда судга мурожаат қилишга ҳақли. Шунингдек, солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаганда, солиқ ҳисоботи ва молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, солиқ хизмати органи судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, ҳужжатда қайд этилишича, солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда, қўшилган қиймат солиғининг ортиқча тўланган суммаси (ушбу Кодекснинг 10-бобига мувофиқ) солиқ тўловчига қайтарилади.

Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг солиқ даври якунларига кўра, ҳисобланган солиқ суммасидан ортиқчалиги сақланиб қолган тақдирда, ушбу ортиқча сумма кейинги солиқ даврига, қўшилган қиймат солиғи бўйича эса келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади.

Яна бир муҳим масала шундаки, юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари суғурта бадалларини йилига энг кам иш ҳақининг тўрт ярим бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди. Бунда деҳқон хўжалигининг бошлиғи суғурта бадалларини мажбурий тартибда, бошқа аъзолари эса, ихтиёрийлик асосида тўлайди. Белгиланган миқдордаги суғурта бадалларининг тўланиши деҳ­қон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.

Солиқ кодексига яна бошқа бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.