05.01.2016

ЯНГИ ОРЗУЛАР ВА ҲАЁТИЙ МАРРАЛАР

Инсон зоти борки, Янги йил оқшомида янги орзу-ниятларни дилига туга­ди. Оиласига, юртига тинчлик, омонлик сўрай­ди. Яқинларига эзгу тилаклар билди­ради, совға-саломлар улашади. Тонггача теле­фон қўнғироқлари тин­майди, миллион-мил­лион яхши тилакларни диллардан дилларга етказади.

Юртимизда Янги йил кутишнинг ўзига хос яна бир анъанаси бор. Соат миллари тунги ўн иккига яқинлашгани сайин оила даврасида­гилар­нинг барчаси эътиборни телевизорга қаратади, ҳамма ҳаяжон билан мамлакатимиз ­Президенти табригини кутади.

Бу йил ҳам шундай бўлди, катта-ю кичик бир тан, бир жонга айланиб, юртбошимиз табригини тинглади. Унда ўтаётган 2015 йилда эришилган ютуқлар эътироф этилди. «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган ҳаётий савол қўйилиб, босиб ўтган йўлимизга баҳо берилди.

Одамларни қизиқтирган муҳим масалалардан бири янги йилда бизни нималар кутаётганини эшитиш эди. Президент, аввало, бутун дунёда глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётгани, дунё бозорида вазият ноаниқ бўлиб қолаётгани, турли таҳдидлар тобора кучайиб, жаҳондаги кўпгина давлатлар бошига катта бир савдо бўлиб, шу жумладан, бизнинг елкамизга ҳам тушганини кўриш, кузатиш қийин эмаслигини уқтириб ўтди. Лекин ана шундай вазиятга қарамасдан, де­йилади табрикда, бизнинг прог­ноз ва ҳисоб-китобимиз шуни кўрсатадики, кириб келаётган 2016 йилда иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 7,8 фоизга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9,5 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларнинг миқдори турли манбалар ҳисобидан 15 фоизга ошиши кутилмоқда.

Бу рақамлар нимани билдиради? Демак, Ўзбекис­тонимиз иқтисодиёти мустаҳкамланиб, ривожланган давлатлар қаторига кўтарилиши учун яна бир дадил қадам ташланади. Шунинг ҳисобидан аҳоли даромади ошиб, турмуши янада фаровонлашади.

Табрикда яна бир рақам алоҳида келтирилди. 2016 йилда ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар давлат бюджети умумий харажатларининг 59,2 фоизини ташкил этади.

Бу нима дегани? Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, болалар боғчалари, мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юрт­лари моддий-техник базаси янада мустаҳкамланади. Тиббиёт, маданият ва спорт соҳасида янги имкониятлар яратилади. Буларнинг ҳаммаси, аввало, халқимиз бахту саодати учун қилиняпти. Соғлом она, соғлом бола ва соғлом авлодни тарбиялаш, буюк ишларга қодир соғлом миллатни шакллантириш учун қилиняпти.

Президентимиз табригида халқимиз кўнглини кўтариб, ғурурини оширадиган, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлайдиган қатор бунёдкорликлар ҳам қайд этиб ўтилди. Улардан айримларига эътибор қаратайлик: 2016 йилда умумий қиймати 5 миллиард 500 миллион АҚШ доллари бўлган 164 та йирик ишлаб чиқариш объектида қурилиш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топширилади.

Улар қандай объектлар, кўлами, қудрати қандай?

Мана, диққат билан қаранг: Толимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 450 мегаватт бўлган иккита буғ-газ турбинаси, Ангрен иссиқлик электр станциясида 150 мегаватт қувватга эга бўлган энергия блоки, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 70 минг тонна мис ишлаб чиқарадиган металл эритиш корхонаси...

Ўзимизга бир савол бериб, фикрлаб кўрайлик: Бу корхоналар ишга тушса, мамлакат, одамлар қандай манфаат кўради?..

Табиийки, юртимиз иқтисодий қуввати янада ошади, минг-минглаб янги иш ўринлари очилади, одамлар ишли бўлади, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади...

Яна учта мисолни келтирсак, янги йилда бизни қандай муҳим, қувончли, ёруғ воқеалар кутаётганига иқрор бўламиз.

Биринчиси — Қамчиқ довонини кесиб ўтадиган 19 километрлик туннель қурилиши якунланиб, Фарғона водийсини бутун Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўл ишга тушади. Бу тарихий воқеа бўла­ди. Биринчи навбатда одамлар узоғини яқин қилади, довон орқали қатнов қишин-ёзин йўлга қўйилади, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланади. Янги иш ўринлари яратилади. Бугун хизмат юзасидан ёки тижорат ишлари билан довондан ошиб ўтаётган енгил машиналар қатнови маълум даражада камаяди, демак, газ ва нефть маҳсулотлари иқтисод қилинади...

Иккинчиси — «Тошкент — Самарқанд» тезюрар темир йўл қатнови Бухорога етиб боради. Бухороликлар орзуси ушалади. Йўловчиларга ва сайёҳларга қулайлик яратилади. Энг асосийси, вақт тежалади. Маданиятли транспорт хизмати йўлга қўйилади. Бу ўз навбатида одамлар руҳиятига, дунёқарашига ҳам таъсир этади, уларнинг ҳаётга муносабатини ўзгартиради...

Учинчиси — «Женерал моторс — Ўзбекистон» акциядорлик жамиятида «Т-250» моделидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқарила бошланади.

Янги моделдаги автомобиль ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон автосаноати изчил ривожланиб, такомиллашиб бораётганини билдиради. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Асакада енгил автомобиль ишлаб чиқара бошлаганимизда бу соҳа келажагига шубҳа билан қараганлар бўлганди, бу иш ўзбекларнинг қўлидан келмайди, деб ўйлашганди. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон дунёда автомобиль ишлаб чиқараётган саноқли давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олди. Жорий йил режасидаги янги автомобиль ишлаб чиқарилиши автосаноат соҳасидаги тараққиётнинг янги босқичини бошлаб беради, жаҳон бозорига янада рақобатбардош автомобиллар етказиб беришга имкон яратилади.

Бу ишлар бир томондан, мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтиради, иккинчи томондан, халқимиз ғурурини оширади, нималарга қодирлигини яна бир бор намоён этади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керак, бу режаларнинг ҳар бири кеча бизга афсона эди, мисоли эртак эди. Бугун эса буларнинг барчаси ҳаётий, асосли орзу ниятларга айланди. Бироқ орзу-ҳавас билан иш битмайди, албатта, янги йил келиши билан мўъжиза рўй бериб, бу ишлар ўз-ўзидан бажарилиб қолмайди. Мўъжизани одамлар яратади. Асрларга таътигулик бу бунёдкорликлар, аввало, катта ақл-идроқ, ирода, жасорат ва матонатни, триллион-триллион маблағни талаб этади. Бунга халқимиз салоҳияти, тажрибаси, давлатимиз куч-қудрати етарли, албатта. Мустақиллик йилларида амалга оширилган беқиёс бунёдкорликлар буни тасдиқлаб турибди.

Халқда шундай ҳикматли гап бор: Янги йил қандай бошланса, шундай давом этади. Янги — 2016 йилни биз яхши ниятлар билан Соғлом она ва бола йили, деб атадик. Мамлакатимиз Президенти барчамизга самимий дил сўзларини изҳор этди. Юртимиз тинчлиги, халқимиз омонлигини тилади.

Янги йилнинг ўзига хос яна бир қувончли, шарафли, ифтихорли жиҳати борки, бу ҳар биримизга ҳар қачонгидан ҳам катта масъулият юклайди. Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик қутлуғ тўйи нишонланади. Шунинг учун ҳам 2016 йилнинг режалари улкан, юки залворли, масъулияти ҳам шунга яраша. Президентимиз ўз табригида 2016 йилимиз 2015 йилга нисбатан кам бўлмасдан, хосиятли ва самарали бўлишига тўлиқ асосларимиз бор, деди.

Хосият ва самара нимага боғлиқ? Агарки, юртда ҳалоллик, поклик, аҳиллик, меҳр-оқибат ва албатта тинчлик бўлса, одамларнинг нияти ёруғ, улуғ бўлса, ғайрати-шижоати баланд бўлса, хосият ҳам, самара ҳам, барака ҳам бўлади.

Бу ҳаёт ҳақиқатини ўтган йиллар давомида кўп бор кўрдик, билдик. Нимагаки эришган бўлсак, халқимизнинг айнан ана шундай юксак фазилатлари, юртимиздаги тинч­лик-аҳиллик туфайли эришдик. Демак, янги йилда янада баланд марраларни эгаллашимиз, бахтли-саодатли бўлишимизга асос ҳам, ишонч ҳам етарли.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.