01.01.2016

ТЕАТР ТОМОШАЛАРИ – БОЛАЖОНЛАРГА

...Янги йил томошаларига ошиқаётган болажонларни эртак қаҳрамони – Қородам кутиб олади. У кичкинтойлар билан ўйинга тушади, кейин уйчасида ёлғиз зерикиб ўтирган Бўрини даврага таклиф қилиб, унга Хўжа Насриддиндан келган телеграммани ўқиб беради. Шунда Апшу хола келиб, Бўрини ўзи томонга оғдирмоқчи бўлади. Қородам, Бўривой ва Хўжа Насриддин болалар билан бирга бадан тарбия машқлари қилиб, Апшу холани қувишади ва томоша залига кўтариладилар.

— Байрам томошалари 22 декабрдан бошланган бўлиб, 2016 йилнинг 10 январигача давом этади, — дейди Республика қўғирчоқ театри бош режиссёри Шаҳноза Ишмуҳамедова. — Тадбирларимизда Соғлом она ва бола йилига алоҳида эътибор қаратдик. Эртак қаҳрамонлари ҳам болажонлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади.

Ҳафтанинг тоқ кунлари «Новогодный калейдоскоп», жуфт кунлари «Янги йил мўъжизаси» номли театрлашган томошалар ҳар куни уч мартагача намо­йиш қилинади.

— Бизда янги йил тадбирлари 8 январгача давом этади, — дейди Республика ёш томошабинлар театрининг адабий эмакдоши Елена Портенко. — Мактаб ўқувчиларининг қишки таътили мароқли ўтиши учун барча имкониятлар ишга солинди. Тошкент давлат цирки майдонида Қорбобо ва Қорқиз, Шум бола ва бошқа эртак қаҳрамонлари, масхарабозлар иштирокида кунига икки марта театрлаштирилган Янги йил томошалари намойиш қилинаяпти. Қорбобо ва Қор­қиз эртак қаҳрамонлари билан биргаликда болаларни саҳнага чорлаб, улар билан интерактив ўйинлар ўтказади. Бунда болалар бевосита томоша иштирокчисига айланадилар.

 Асосий томошаларимиз театрнинг ўзида давом этади. Болажонларимиз учун рус тилида «Фунтикнинг саргузаштлари», ўзбек тилида «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» сингари спектакллар кунига уч мартагача намойиш этилади.

Мактаб ўқувчиларининг қишки таътили даврида истироҳат боғлари, марказий майдонлар, спорт саройларида Янги йил томошалари намойиш қилинмоқда. Меҳрибонлик уйлари, болалар шифохоналари, «SOS — болалар маҳалласи» ҳамда шаҳар ва туман марказларида ўтказилаётган янги йил арчаси болалар қувончига қувонч қўшмоқда.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.