01.01.2016

НАСИБ ҚИЛСА, ЯНА ЎЗБЕКИСТОНГА БОРАМИЗ

Турли йилларда мамлакатимизда бўлган, Ўзбекис­тонга нисбатан катта меҳр ҳиссини туядиган хорижлик дўстларимиз жуда кўп. Биз улар билан боғланиб, юртдошларимизга аталган байрам табрикларини ёзиб олдик.

Афсана ЭЛЕСКЕРЛИ, Озарбайжон:

— Янги йил яқинлашмоқда. Мен бутун дунё халқларига, жумладан, ўзбек ва озар халқига тинчлик-хотиржамлик тилайман. Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ривожланишда давом этаверсин.

Янги йил ҳар бир одам учун ўтган йилда қилган ишларини сарҳисоб қиладиган, келгуси йилдаги режаларини белгилаб оладиган кун. Мен Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсоннинг кўнглидаги эзгу мақсадлари ушалишини тилайман.

Бой маданий тарихга эга бўлган Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари бугунги кунда ҳам маданий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаб бормоқда. Икки давлатда ҳам ҳар йили маданият кунлари, турли тадбирлар уюштирилаётгани халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни янги даражага олиб чиқмоқда.

Қадим-қадимдан ривожланиб келаётган дўстона алоқаларимиз янада мустаҳкамланиб бораверсин. Ўзбекистон ва Озарбайжонда камол топаётган ёш авлод ушбу ришталарнинг янада мустаҳкамланиши йўлида жонбозлик кўрсатсин.

Айни пайтда Ўзбекистонда кўплаб озарбайжонликлар тинч-тотув яшаб келмоқда. Бу ҳам ўзбек халқининг қанчалик бағрикенглигидан далолат беради. Мен уларни ҳам янги йил байрами билан табриклайман.

Янги йил барчамиз учун қутлуғ келсин!

Мигель САНТОС, Буюк Британия:

— Ўзбекистонга меҳрим бўлакча. Ҳар гал юртингизга борганимда ажиб ҳиссиётлар оғушида қоламан. Доим ёрдамга шай, эътиборли, кулиб турадиган одамларни севмай бўладими...

2015 йилда Ўзбекистонга «Шарқ тароналари» фестивалида қатнашиш учун бордим. У ерда ўзим тасвирга олган видеоларни ижтимоий тармоқдаги саҳифамга жойлаштирдим. Уни кўрган дунё­нинг турли мамлакатларида истиқомат қилаётган икки юздан ортиқ одам Ўзбекистон ҳақида илиқ фикр билдирди.

Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бўлдим. Улардан такрорланмас таассуротлар билан қайт­дим. Тўғриси, яна икки йилдан кейин бўладиган «Шарқ тароналари» фестивалини кутиб ўтирмай тезроқ Ўзбекистонга бориш ҳисси мени бир лаҳза тарк этгани йўқ.

Янги йилда Ўзбекистон халқига дунёдаги барча яхшиликлар ёр бўлишини тилайман. Сизнинг Ватанингизда инсон бахтли яшаши учун ҳамма шароит бор. Асосийси бу юртда кўнгли очиқ, яхши одамлар истиқомат қилади. Улар ҳурматга, эътирофга муносиб.

Сизлар ўзбеклигиздан, Ўзбекистон фуқароси эканингиздан фахрланишингиз керак. Ҳар бирингизга соғлик-саломатлик тилайман. 2016 йил сизнинг ҳаётингизда энг яхши йиллардан бири бўлиб қолишига ишонаман.

Аксель ПОРШ, Германия:

— Ўзбекистонликлар дўстни қадрлайдиган меҳмондўст халқ. Уларга бўлган чексиз ҳурматимни жуда узун қилиб ёзишим керак.

Мен Ўзбекистонга уч марта борганман. Шу пайтгача Тошкент, Самарқанд ва Навоий шаҳарларида бўлдим. Лекин кўришим керак бўлган шаҳарлар сони анчагина. Ўйлайманки, кейинги саёҳатимда бу ниятим ҳам амалга ошади.

Буюк ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон халқи ўзининг бой тарихи ва буюк келажаги билан фахрланиши керак. У ерда бўлганимда кўнгли очиқ, самимий одамларга дуч келдим. Уларнинг кўпчилиги билан дўстлашдим. Ҳамон биродарликни сақлаб келяпмиз. Мен Ўзбекистон халқига, хусусан, у ерда яшаётган дўстларимга қалбимдаги барча эзгу тилакларимни йўллайман. Кўплаб ўзбекча сўзлар қатори «насиб қилса» жумласини ёдлаб олганман. Ўзбек дўстларим билан суҳбатлашганда бу сўзни доимо ишлатаман. Насиб қилса, яна Ўзбекистонга борамиз!

Азизуллоҳ Абдуллоҳ ўғли ФОРЎБИЙ, Канада:

— Гарчи Афғонистонда туғилган бўлсам-да, миллатим ўзбек бўлгани учун Ўзбекистонга бўлган муҳаббатим баланд. Мен бу табаррук юртни она Ватаним деб ҳисоблайман.

Умримнинг 20 йилга яқини Тошкент­да ўтган. Бу қутлуғ шаҳарда уйланганман, фарзандларим туғилган. Шу боис бутун оиламиз билан Тошкентни севамиз, соғинамиз, кўзимизга суртамиз.

Ўзбекистонлик тилдош, қондош азизларимизни янги йил билан оилам номидан табриклайман!

Жонажон Ўзбекистоннинг бугунги кунда тараққиёт йўлида барқарор, олға қадам қўяётганида, кундан-кунга обод ва фаровон, тинч ва тотув ҳаёт кечираётганида бу саховатли, фирдавсмонанд заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг, унинг маллати, насл-насаби, дини, эътиқодидан қатъи назар, муносиб ҳиссаси борлигини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Мухтассар қилиб айтганда, улуғ Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик-осо­йишталик нақадар катта бойлик эканини бутун дунё аҳли жуда яхши билади.

Президент Ислом Каримов Соғлом она ва бола йили деб ном берилган янги 2016 йил юртингизга тинчлик, оилангизга фаровонлик, файз ва қут-барака, фарзандларингизга улкан зафарлар олиб келсин.

Буюк Ўзбекистон аҳолиси мана шу файзли дамларда ҳалол меҳнат, пешона тери билан ёзилган очиқ дастурхон атрофида ўтириб, унутилмас байрамни кутиб олсинлар.

Янги йилда ҳар бирингизга осмон-осмон бахт, омад, қувонч, меҳр-муҳаббат, мустаҳкам соғлик, хурсандчилик ҳамроҳ бўлсин. Ўзбекистон янада обод бўлиб, бундан-да чирой очиб равнақ топишини Аллоҳдан сўрайман.

Ҳар бирингизнинг пок ният ва тилакларингизни Аллоҳ қабул қилсин!

Янги йил барчангизга муборак бўлсин!

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.