01.01.2016

ЯНГИ РЕЖАЛАР, ЁРУҒ МАҚСАДЛАР БИЛАН

Янги йил кутиб олинмоқда

БАХТИЁР БОБО ВА НАБИРА

2015 йил 31 декабрь, соат 10:30. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томон отландик. Йўл-йўлакай невараларини Мустақиллик майдонидаги Янги йил байрами тантаналарига олиб келаётган отахонга дуч келдик. Очиғи, шунчаки саломлашиб ўтиб кетолмадик. Бир-биримизни байрам билан қутладик.

— Янги йилда невараларни бир хурсанд қилай дебсиз-да...

— Ҳа, худди шундай. Аслида, ҳар кунимиз ўзи байрам-ку, — дея гап бошлади отахон. — Болаларнинг қувончини қаранг. Тўғриси, одам фахрланиб кетади. Энди, қизларим, бу ёруғ кунлар қадрини болалиги оч-наҳор, усти енгил-юпун ўтган, бир кулса, ўн йиғлаган биз каби кексалар яхшироқ тушунади. Минг раҳмат, бу йил бизнинг йилимиз бўлди, энди нав­бат буларга.

У невараларига ишора қилиб, кулимсиради. Хайрлашаётиб исм-шарифини сўрадик. Эркин Йўлдошевман, Тошкентдан, дея ўзини таништирди отахон.

Биз ана шундай байрам кайфияти билан партия биносига кириб бордик. Фойе байрамона безатилган. Ўртада арча... Дар­ҳол байрам кайфияти сезилди.

 

ҲАЁТИЙ ЛОЙИҲАЛАР, ТАЪСИРЧАН ТАДБИРЛАР

Биринчи қаватда Марказий Кенгашнинг Мафкуравий ва тар­ғибот-ташвиқот масалалари бўлими жойлашган. Хонада бўлим мудири Алишер Равшанов, сектор мудири Аброр Қурбонов, катта референт Сирожиддин Шоназаров бўлимнинг 2015 йилда амалга оширган ишлари, ютуқ ва камчиликлар, келгуси режалар хусусида суҳбатлашишаётган экан. Бу биз учун айни муддао бўлди. Аслида партиямиз Марказий Кенгашига ташрифимиздан мақсад ҳам йил якунлари бўйича партия тизимидаги ишлар ҳақида маълумот олиш эди.

— 2015 йилда мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишларида қандай натижаларга эришилди?

Бу саволга бўлим мудири бироз ўйлаб, кейин жавоб берди:

— Ишларимиз кўп бўлди. Йил бошида худди ҳозиргидек йиғилишиб, кўплаб вазифаларни белгилаб олгандик. Шу асосда «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази», «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» лойиҳалари доирасида 1500 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Уларда 114 мингга яқин киши қатнашди.

Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида тўрт босқичли туркум машғулотлар ташкил этилди. Биз учун энг муҳим жиҳати, уларда одамлар шунчаки иштирокчи бўлиб қатнашмади, балки жонли мулоқотлар давомида мавзу юзасидан ўз фикри, нуқтаи назари, таклифларини билдирди. Умуман, 2015 йил биз учун самарали йил бўлди.

Партия фаоли шу сўзларни айтар экан, янги йилда ҳаётий ғояларга бой бўлган лойиҳалар, амалий ишлар режалаштирилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шу пайт хонага мафкура йўналишида минтақалар бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботини қўлида тутганча бўлим ходими Гулчеҳра Зоҳидова кириб келди ва суҳбатимизга қўшилди:

— 2015 йилда тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб бориш бўйича тажрибамиз анча ошди, десам, адашмаган бўламан. Тадбирларни нафақат марказда, балки маҳаллаларда, хусусан, олис ҳудудларда, бошланғич ташкилотларда ўтказишга кўпроқ эътибор қаратдик. Шу орқали партиямиз дастурий мақсадлари, ғояларини аҳоли орасида янада чуқур ва кенг тарғиб қилишга эришдик.

Улар билан суҳбатимиз қизғин тус олди. Партия фаоллари бизга тарғибот-ташвиқот воситалари бўлган услубий қўлланмалар, тадбирлардан тасвирий лавҳаларни кўрсатишди. Партия тизимида мафкуравий йўналишда амалий ишлар борлигига, режалар шунчаки қоғозда қолиб кетмаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

 

ОДАМЛАРНИНГ ОҒИРИ ЕНГИЛ БЎЛМОҚДА

Хонадан чиқар эканмиз, биринчи қаватдаги фойеда Аҳоли банд­лиги ва ижтимоий масалалар бўлими мудири Назира Матёқубовани учратдик. Мақсадимизни билгач, бизни ўз хонасига етаклади.

— Гапнинг очиғи, 2015 йил партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий ишлар, ташаббусларга бой бўлди, — деди у. — Масалан, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида пар­тия­нинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дас­тури қабул қилинган. Унга кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан 78 масала киритилди. Доимий комиссияларда эса 123 масала муҳокама этилди. Аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётган Жамоатчилик қабулхоналарига йил давомида 9 мингга яқин мурожаат бўлди. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди, демак, партиямизга ишониб қабулхона эшигини қоққан кўплаб одамларнинг оғири енгил бўлди.

Айтганча, 2015 йилда биз кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ­фаолиятини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратдик. Ҳар ойда икки марта депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва партия фаоллари жойларга чиқиб, аҳоли мурожаатларини тинглади. Муаммоларга ечим топишда бош-қош бўлишди. Бу тажрибани кейинги йилда ҳам изчил давом эттирмоқчимиз.

— Демак, янги йилда режалар янада улкан бўлади...

— Албатта! Олдимизда муҳим ва масъулиятли вазифалар турибди. 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросида фаол иштирок этишни режалаштирдик. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия­миз фракциясининг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан биргаликда ишлаш кўникмасини мустаҳкамлаш, партия ташкилотларининг бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, маҳаллалар, қишлоқ фуқаролар йиғинлари, банк, молия муассасалари билан ҳамкорлигини кучайтириш кўзда тутилди. Шунингдек, бандликни таъминлашда бошланғич партия ташкилотлари ташаббускорлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

 

9937 БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ

Бу таклифнинг аҳамияти, моҳияти бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сектори фаоллари билан суҳбатимиз давомида янада ёрқинлашди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, бу сектор 2015 йил сентябрь ойида ташкил этилди.

Сектор мудири Дониёр ­Каримов бизга партия бошлан­ғич ташкилотлари фаолияти, улар ишини кучайтириш учун нималарга аҳамият берилаётгани ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, намунали бошланғич ташкилотларнинг иш тажрибасини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида минтақавий семинарлар ташкил этилган. Бошланғич партия ташкилоти етакчиларини рағбатлантириш, улар билан мунтазам алоқани йўлга қўйиш борасида чора-тадбирлар белгиланган.

— Бугунги кунда партиямизнинг 9937 бошланғич ташкилоти бор, — дейди сектор мудири. — Уларнинг ишини замон талабига мос-лаштириш, етакчилар фаоллигини ошириш ва аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтириш ишлари янги йилда янги бос­қичга олиб чиқилади.

 

ОИЛАНИНГ, ЖАМИЯТНИНГ БАХТИ

«Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш — биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос бўлиб, биз бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз». Президентимиз 2016 йилни Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилар экан, бу фикрни алоҳида таъкидлади. Шунинг ўзиёқ хотин-қизларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш муҳим вазифа эканини кўрсатмоқда. Айтиш керакки, ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти фаолияти айнан шу масалалар билан чамбарчас боғлиқ.

Тўртинчи қаватга кўтарилдик. Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори ходимлари ўтирган хонага кириб борганимизда, аёлларга хос бўлган гўзаллик, нафосат уфуриб турганини ҳис қилдик. Хона бурчагида кўркам арча безатилган. Кўтаринки кайфият билан сектор мудири Гулшан ­Асатовани суҳбатга тортдик.

— Партиядошларимизнинг кўпчилиги 2015 йилда сектор фаолияти янги лойиҳа ва ташаббуслар билан бойигани тўғрисида гапиряпти. Сиз бунга нима дейсиз?..

— Ҳа, энди бошқа бўлим ва сектордагилар ҳар доим бизни шундай қўллаб-қувватлаб туришади-да. Бундан кўнглимиз тоғдай кўтарилади. Ўтган йили қанот ташаббуси билан жойларда «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари», «Қишлоқда қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш — уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муҳим жиҳатидир», «Қонунлар тар­ғиботи ойликлари» лойиҳалари доирасида 3000 дан ортиқ тадбир ўтказилди, уларда 110 минг нафарга яқин хотин-қиз иштирок этди. Тадбирлар жараёнида ижтимоий ҳимояга оид қонун ҳужжатлари ижросида юзага келаётган 300 дан ортиқ масала аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Жумладан, 200 га яқин масалага депутатлик сўровлари, оғзаки ва ёзма мурожаатлар орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ечим топилди.

Яна бир муҳим лойиҳамиз 2015 йилда биринчи марта «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови ўтказилди. Мазкур кўрик-танлов барча минтақаларда юқори савия­да ташкил этилди. Шу орқали партиямиз сафидаги фаол ва иқтидорли, сиёсий билимдон аёллар кашф этилди. Танловнинг республика босқичи бу йил февраль ойида бўлиб ўтади.

Соғлом она ва бола йилида зиммамизда янада катта вазифалар турибди, қатор янги лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Фурсатдан фойдаланиб, барча аёлларни, партиямиз фаоллари ва депутатларни байрам билан табриклайман. Оналаримиз бошимизда ҳамиша омон бўлсин!

ТАЯНЧ ВА СУЯНЧ БЎЛАДИГАН ЁШЛАР

«Келажакда партия етакчиси бўламан, депутат бўламан, одамларга қўлимдан келганча ёрдам қиламан», деган орзу-истакли ёшларни бирлаштирган «Истиқбол» ёшлар қанотининг ўтган йилда амалга оширган ишлари тўғрисида ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ёш­ларнинг ижтимоий-сиёсий фаол­лигини ошириш сектори мудири Умурбек Бектемиров улардан айримларини санаб ўтди:

— Жойларда «Ёшларга оид қонунчилик — ёшлар нигоҳида», «Коллеждан — корхонага», «Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида» лойиҳалари асосида туркум тадбирлар ўтказилди. Айниқса, қишлоқларда яшовчи йигит-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, улар ўз имконияти ва истеъдодини намоён этишига кўмаклашилди. Шунинг­дек, ёш фаолларнинг ижтимоий-сиёсий билимини юксалтириш ишлари ҳам кенг кўламда олиб борилди. Натижа ёмон бўлгани йўқ. ЎзХДП сафида бўлишга қарор қилган йигит-қизлар сони ошди, хайрихоҳларимиз кўпайди. Ҳозир бундай ёшлар 135 минг нафардан ортди.

Бу йил чин маънода соғлом ва баркамол авлод йили бўлади. Шундан келиб чиқиб, соғлом турмуш тарзини ёшлар орасида янада кенг тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтларини самарали ўтказиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича бир қатор ло­йиҳаларни амалга оширишни режалаштирдик.

* * *

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши биносидан чиқар эканмиз, йил давомида қилинган ишларнинг учқунлари ҳақида суҳбатлашганимизни яхши билардик. ЎзХДП ташкилотлари, парламентдаги фракцияси, депутатлик гуруҳлари томонидан Сайловолди дастури ижроси бўйича амалга оширилган ишлар, кўтарилган ташаббуслар ҳақида кўп гапириш мумкин...

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.