29.12.2015

ДЕМОКРАТИК ТАРТИБ-ҚОИДАЛАР

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳаётимиздан тобора мустаҳкам ўрин олишига имкон яратади

Фуқаролик жамияти шароитида фуқароларнинг ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлиги, жамият бошқарувида фаол иштирок этиши долзарб ҳаётий масала ҳисобланади. Бу жараёнлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари орқали амалга ошади.

Ҳозирги кунда республикамизда 10 мингга яқин фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, уларнинг 190 дан ортиғи шаҳарча, 1290 дан зиёди қишлоқ, 157 таси овул, 8110 дан кўпроғи маҳалла фуқаролар йиғинларидир. Истиқлол йилларида мамлакатимизда «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамо­йили асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Конституциямизнинг 105-моддасига кўра, «Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди. Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фа­олия­тини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланади».

Бош Қомусимиздаги мазкур меъёр асосида мус­тақиллик йилларида мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилингани чуқур маъно-мазмунга эгадир.

Маҳалла фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари тўғрисида»ги қонуни 2013 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинди. Қонунга киритилган янги қоидаларга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириши, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқлаши, бандликка кўмаклашиши ҳақида меъёрлар белгиланган. Бу вазифаларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бош­қа жамоат ташкилотлари, айниқса, Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан ҳамкорликда қатор тадбирларни ўтказиб келмоқда. «Маҳалла — аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳасини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Шунингдек, қонун билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан, коммунал хизматлар кўрсатиш сифати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконияти яратилмоқда. Хусусан, маҳаллаларга ўз ҳудудида хусусий тадбиркорлик, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашиш, тегишли маслаҳат марказларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича қўшимча ваколатлар берилган.

Маълумки, ҳозирга қадар фуқаролар йиғинларида саккизтадан ўн бештагача комиссия фаолият юритаётган эди. Бу жараёнда ягона амалиётни таъминлаш мақсадида қонунда яраштириш, маърифат ва маънавият, тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар билан ишлаш, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт, экология ва табиатни муҳофаза қи­лиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунинг­дек, ҳудуддаги муаммоларнинг долзарблигига қараб, бош­қа комиссиялар ҳам тузилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг яқин кўмакчисига айланиб бораётган «Маҳалла посбони» жамоат тузилмаси фаолиятига қонунда алоҳида ўрин берилган. Мамлакатимизда тинч­лик, осойишталик, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлик қилиши ҳамда уларга кўмаклашиши белгиланган.

Янги таҳрирдаги Қонунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларининг амалга оширилишига кўмаклашиш, улар фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизм­лар ишлаб чиқиш масалалари ҳам кўзда тутилган.

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири, энг аввало, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини такомиллаштиришга, шунингдек, ушбу масалада маҳалла аҳлининг фаоллигини оширишга йўналтирилган. Мазкур сайлов учун таклиф этилган механизмда раис ва унинг маслаҳатчилари лавозимига катта ҳаётий тажрибага эга, аҳолининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлган энг муносиб фуқароларнинг сайланишини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлаш ҳамда сайланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда очиқлик ҳамда ошкораликни ошириш назарда тутилган.

Мазкур Қонунга мувофиқ, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳини шакллантириш фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билангина амалга оширилади. Ишчи гуруҳ таркибига тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгаши депутатлари ҳам киритилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига кўрсатилган номзодлар сайловдан олдин фуқаролар йиғини олдида чиқиш қилиб, ўз дастурини эълон қилади.

Кўриб турганингиздек, ушбу меъёрлар, демократик тартиб-қоидалар фуқаролар йиғинлари сайловларининг очиқлиги, шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлаб беради.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, фуқаролар ўзини ўзи бош­қариш органларининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши юртимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

 

Мансур МУРАДИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тошкент олий ҳарбий техник билим юрти ўқитувчиси.



DB query error.
Please try later.