29.12.2015

ҲАР БИР ОИЛАНИНГ

пойдевори мустаҳкам бўлсин

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Юнусобод туман кенгашининг «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти ташаббуси билан давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун яратилган шарт-шароитдан самарали фойдаланиш, оилаларда соғ­лом турмуш тарзини шакллантиришни тарғиб қилиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

— Мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. — дейди ЎзХДП Юнусобод туман кенгаши раиси Нигора Эшметова. — Хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, бутун бир механизмга айланди. Бугун замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

ЎзХДП Сайловолди дастурида инсон саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ўтказилаётган тадбирларда хотин-қизлар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Президентимиз илгари сурган «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади», деган ҳаётбахш ғоя ҳар бир юртдошимиз қалбига чуқур кириб бориши, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланиши лозимлигини алоҳида уқтириб ўтди. Чиндан ҳам ҳаёт давомчилари бўлган оналарга, келажагимиз таянчи ва суянчи бўлган фарзандларимизга, оилага ғамхўрлик қилиш бутун жамиятнинг эртасини ўйлаш демакдир. Шу маънода олиб қарасак, оналарга, болаларга ғамхўрликнинг янада кучайиши миллат келажагига эътибор янада ошаётганини билдиради.

— Мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Кимё Шокирова. – Ҳар бир оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлишига эришиш, жамиятда ҳар бир гўдакнинг соғлом туғилиши ва яшаб кетишини тўла кафолатлайдиган зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда.

Йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир.

Мен шифокор сифатида шуни айтаманки, ҳамма нарсанинг меъёри бўлганидек, турмуш қуришнинг ҳам ўз шарти, тартиб-қоидалари бор. Эрта турмуш қуриш инсон соғлиғини оғир аҳволга солиб қўйиши, бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай экан, бу борада биз депутатлар, партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти аъзолари ташаббускор бўлишимиз, маҳаллаларда ота-оналар, ёшлар ва хотин-қизлар орасида тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз зарур.

Тадбирда оилада, жамиятда тиббий маданиятни ошириш бўйича савол-жавоблар бўлди. Бу каби тадбирлар ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларда ўз соғлиғига масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.

 

Аброр ҚУРБОНОВ



DB query error.
Please try later.