29.12.2015

МЕҲР ҲИС ЭТИЛАДИ

Зоминдаги Мурувват уйи директори Нишонбой Фозиловга мактуб

«Меҳр-шафқат ва саломатлик» фонди томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Кекса ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳаёт сифатини юксалтириш» давлат ижтимоий буюртмаси асосида Мурувват уйига 32 миллион сўмлик хайрия ёрдами топширилди.

Ассалому алайкум, Нишонбой ака!

Биласизми? Ногиронлар истиқомат қилаётган Мурувват уйларига бир марта бўлса-да, бориш учун инсонга чидам, сабр, бардош, ирода керак. Яна меҳр ҳам зарур, албатта.

Бир ҳақиқат бор — ушбу даргоҳга келиб кетаётган биз каби инсонларнинг йўриғи бошқа. Улар бу ерга бир йилда бир марта, нари борса, икки марта келиши мумкин.

Мурувват уйида қалбимни бир туйғу эгаллаб олди. Бу, биринчи нав­батда, соғ эканимизга шукр қилиш. Тўрт мучамиз саломатлиги боис ҳаёт олдимизга қўяётган баъзи бир масала ва муаммоларни ечишимиз, ҳал этишимиз, бунинг учун курашишимиз кераклигига иқрор бўлдим.

Келинг, дастлабки фикримизга қайтсак. Яъни бу масканга келиб кетувчилар кўп. Лекин Сизнинг раҳбарлигингиздаги фидойи жамоа жисмоний ва ақлий имконияти чекланган 300 нафарга яқин хотин-қиз саломатлиги, тинчлиги, ҳаёти учун доимий жавобгарсизлар.

Бу ғоятда масъулиятли ва машаққатли ишда Сизга Мурувват уйида меҳнат қилаётган шифокорлар, ҳамширалар, тарбиячилар елкадош бўлишаётган экан. Бир сўз билан айт­ганда, аҳил жамоангизни меҳри бу ерда яшаётган инсонларни ҳаётга боғлаб турибди.

Тўғриси, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди раҳбари
Асрол Мирзааҳмедов бошчилигида Зомин томон йўлга тушганимизда, кўнглимдан турли ўйлар ўтди: бу маскан кўримсиз бир жой бўлса керак, деб тасаввур қилган эдим. Лекин Мурувват уйи­га етиб борганимиздан сўнг у ердаги манзара мени лол қолдирди.

Мурувват уйи ҳовлисида қиш бўлишига қарамай, очилиб турган гуллар, ям-яшил арчалар, турли мевали дарахтлар ҳар қандай кишининг баҳри дилини очади. Беморлар яшайдиган бинолардаги тозалик, саранжом-саришталик, уларга кўрсатилаётган эътибор кўнгилни ёриштиради. Қалбга хотиржамлик, таскин бағишлайди.

Назаримда, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги Мурувват уйларига Зомин Мурувват уйини намуна сифатида кўрсатиш керак. Улар бу ерда тажриба алмашишсин. Ўрганишсин.

Сиз бизни бир кекса аёл ёнига олиб бордингиз. Унга меҳр билан қараб, «бу аёл отамни кўрган» дедингиз. Шунда менда ва ҳамроҳларимда савол туғилди. Лекин Сиз унга жавоб беришга шошилмадингиз. Бизни яна Мурувват уйи ҳаёти билан таништиришда давом этдингиз.

Барибир қизиқишим устун келиб, отангиз ҳақида сўрадим. Фахр-ифтихорга йўғрилган сўзларингизни эшитиб, Сизга бўлган ҳурматим яна бир карра ошди.

Айтишингизга қараганда, отангиз Араб Фозилов чорак аср давомида мазкур Мурувват уйига раҳбарлик қилган, бу ердаги беморларнинг айримлари у кишини кўрган экан. Отангиз ўтқазган дарахтлар бугун ҳам соя бермоқда, мева бермоқда.

Нишонбой ака, Сизга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат туйғулари отангиздан ўтган бўлса керак. Сизнинг сиймоингизда мен ҳар бир фарзанд отасининг ишини давом эттириши қанчалик зарурлигига, муҳимлигига яна бир бор иқрор бўлдим.

Ёшлигингизни, куч-қувватингизни ўғирлаган мана шу Мурувват уйи, ундаги инсонлар Сиз учун қанчалик азизлигини ич-ичимдан тушуниб етдим.

Сиз Зомин тумани халқ таълими тизимида юқори лавозимларда ишлагансиз. Ўзингизнинг айтишингизга қараганда, бир куни мутасаддилар розилигингизни олмасдан ҳам Сизни Мурувват уйига раҳбар қилиб тайинлаган. Ўшанда улар одамийлик, яхшилик, эзгулик Сизга ота мерос эканини билишган бўлса керак, деб ўйлайман.

Мана, ўшандан бери ўтган йигирма йил давомида Сиз ҳаётингизни Мурувват уйи ва ундаги ҳар бир инсон билан чамбарчас боғладингиз.

Менга битта фикрингиз жуда маъқул бўлди. Нафақат маъ­қул, балки мени жуда тўлқинлантириб юборди. Сиз тажриба алмашиш учун бир гуруҳ ҳамкасбларингиз билан Жанубий Кореяга борганингизни, у ердаги Мурувват уйлари фаолияти билан яқиндан танишганингизни ҳикоя қилиб бердингиз. Ушбу мамлакатда Мурувват уйларида яшаётган беморларга сарфланадиган маблағнинг ярмини давлат, қолганини уларнинг яқинлари қоплар экан. Шуни билганингиздан кейин Ўзбекистонимизни нақадар бой, қанчалар инсонпарвар мамлакат эканига яна бир марта амин бўлибсиз, фахрланибсиз.

Нишонбой ака! Сизнинг раҳбарларни баҳолаш мезонингиз ҳам эътиборга сазовор. Сиз уларга Мурувват уйига бўлган муносабатига қараб баҳо берар экансиз.

 «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фонди томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Кекса ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳаёт сифатини юксалтириш» давлат ижтимоий буюртмаси асосида ташкил этилган тадбирда Мурувват уйига 32 миллион сўмлик совға-саломлар топширилди. Бу кун ҳақиқий тантанага айланиб кетди.

Беморларнинг юзидаги мамнунлик, кўзларидаги қувонч учқунлари бизга ҳам кўчди. Шу пайт телефонингиз жиринглади. Кимдир билан самимий суҳбатлашдингиз. Бизга қараб: Зомин тумани ҳокими Баҳриддин Сафаров ҳам тадбирга келаётганини айтдингиз.

Сўзларингизга қараганда, ҳоким Мурувват уйига алоҳида эътибор қаратар экан. Бирор-бир муаммо юз берса, биринчи нав­батда, уни ҳал этиш учун бел боғларкан. Сизнинг ўртангиздаги дўстона муносабатни телефондаги мулоқотдан ҳам сезган эдим.

Нишонбой ака, Сиз Мурувват уйига кўрсатилаётган эътибор учун, аввало, Президентимизга миннатдорлик билдирдингиз.

Шу пайт бемор қизларингиздан бири бизга шеър ўқиб берди. У билан худди ота боладай гаплашдингиз. Шунда улар сизни яхши кўришига, сизга интилишига, ишонишига гувоҳ бўлдим.

Суҳбатимиз давомида нимадир бир армонингиз борлигини ҳам сезгандай бўлдим. Мен эса уни Сиздан сўрашга жазм этдим. Ва шуни билмасам бўлар экан, деган афсус бутун борлиғимни эгаллаб олди. Бу ердаги беморлар ҳам яқинларини соғинаркан, кўргиси келаркан. Лекин улар жигарлари борлигини аллақачон унутишган...

Зомин Мурувват уйида англаб етганим шу бўлдики, меҳр ҳис этилар экан. Меҳрдан меҳр яралар экан. Мана шу меҳр эса Сизу бизнинг қалбимизни ёритишига ишонаман.

Нишонбой ака! Донишмандлардан бири: «Осмоннинг устуни бор», — деган эди. Бу гапни эшитган одамлар: «Устунларни биз кўрмаяпмиз, қани улар», — деганида аллома: «Осмоннинг устуни бу — яхши одамлар», — деган экан. Ўшалардан бири Сиз бўлсангиз керак деб ўйладим.

Сизга чексиз ҳурмат билан,

 

Фаррух ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.