29.12.2015

ИШЛАЁТГАН ОДАМ

бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ яшайди

Ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш, умуман, исталган соҳада бирон лойиҳанинг амалга ошиши, барқарор янги иш ўрни яратилиши ўз-ўзидан бўлмайди. Бу бир киши, фақат бир ташкилотга боғлиқ эмас. Бунга ҳар биримиз масъулмиз. Ҳар бир мутасадди раҳбар ва депутат қўлни-қўлга бериб жойларда юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда талабчан ва ўзаро ҳамкор бўлса, тараққиётимиз тезлашади, юртимиз обод, турмушимиз янада фаровон бўлади.

Шунинг учун ЎзХДП бирлашмалари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида белгиланган лойиҳаларни тизимли мониторинг қилишга, шу орқали ижросини таъминлашга, айни пайтда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суришга эътиборни кучайтирмоқда.

2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ҳар қачонгидан қатъиятлик билан назорат олиб бормоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда Дастурнинг ҳар бир ҳудудда самарали ижро этилишига ҳаракат қилиняпти.

Шу тариқа аҳолини ишга жойлаштиришда юзага келаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилаяпти. Яқинда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳимиз дастур ижроси қандай олиб борилаётганини ўрганди.

Маълум бўлишича, Дастурга асосан Хоразм вилоятида 60 200 кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган эди. Шунга асосан жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 56528 киши ишга жойлашди. Яратилган иш ўринларининг 45 мингдан ортиғи қишлоқ ҳудудларига тўғри келади. Дастур ижросида марказий ўрин кичик бизнесга қаратилган бўлиб, ушбу соҳада 46 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланди.

Жумладан, Шовот туманида «Узтекс Шовот» МЧЖ томонидан ип-калава ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига 295, Урганч туманидаги «Тилло домор» хусусий корхонаси томонидан сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳисобига 100, Хазорасп туманида «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси» томонидан енгил автомобиллар эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳисобига 50 иш ўрни яратилди.

Касб-ҳунар коллежи битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ташаббуси билан Марказий банк ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор тадбирлар ўтказилди. 1099 нафар битирувчига 15,6 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ҳар бир фуқаронинг турмуш фаровонлиги, аввало, унинг доимий иш билан таъминланганлигига боғлиқ, албатта. Шунда у ўз қобилиятини рўёбга чиқариш, жамият учун фойдали иш қилиш имконига эга бўлади. Шу боис кириб келаётган 2016 йилдаги энг асосий вазифаларимиз қаторида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи алоҳида устуворлик касб этмоқда.

Биринчи навбатда эътиборимизни Дастурда белгиланган коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масаласи ўзига жалб этади. Ўтган йиллар тажрибасини инобатга олган ҳолда, 2016 йилда мамлакатимиз миқёсида 511 мингдан ортиқ коллеж битирувчисини ўзлари эгаллаган мутахассисликлар бўйича ишга жойлаштириш керак бўлади. Бу борада Дастурда қатор чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, битирувчиларни ишга жойлаштириш билан бир қаторда, уларга ўз тадбиркорлик фаолиятини юритишлари учун тижорат банклари томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратиш тажрибасини давом эттириш белгилаб олинган.

Шунингдек, келгуси йилга мўл­жалланган Дастурда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъект­ларини молиявий қўллаб-қувватлаш амалиёти давом эттирилиб, шунинг ҳисобидан 197 мингга яқин иш жойларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу мақсадларга тижорат банклари томонидан 2015 йилга нисбатан 20 фоизга кўп кредит маблағлари йўналтирилиши белгилангани иш бошлаш учун молиявий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эга, албатта.

Таъкидлаш керакки, Дастур ижроси таъминланиши, аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга тайёр бўлмаган кишилар манфаатига хизмат қилади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, 2016 йилда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, янги иш ўринлари очишда фаол иштирок этиш ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Бунда аввало, депутатлик назоратини янада кучайтириш талаб этилади. Бизнингча, Дастур ижросини ҳар ой якуни бўйича туман, шаҳар ҳокимликлари қошидаги доимий ишчи комиссия йиғилишларида танқидий муҳокама этиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни жойида ва ўз вақтида бартараф этишни таъминлаш устидан тизимли депутатлик назоратини ўрнатиш керак. Бунда, айниқса, манзилли рўйхатларга киритилган корхоналарга бино, ер ажратиш, кредитлаш, хомашё таъминоти, коммуникацияларга уланиш масалаларига алоҳида масъулият билан қараш лозим.

Шунингдек, Дастур ижроси билан боғлиқ масалалар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг сессияларида мунтазам муҳокама этиб борилиши жуда ҳам муҳим.

Бугунги кунда оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда янгиларини барпо этишда инвестиция таклифларини кўпайтириш долзарб масаладир. Бунда партиямиз гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир келгуси режаларни вилоятларни ривожлантиришнинг истиқболли дастурлари билан ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқиши, бунинг учун зарур ахборот базасини шакллантириш жуда муҳим. Ҳозирда партиянинг парламентдаги фракция­си кўмагида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича амалий таклифлар тайёрлаш, бу борада мавжуд имкониятларни ўрганиш юзасидан таҳлилий ишларни амалга ошириб келмоқда. Янги йилда бу ҳаракатни амалий ташаббуслар билан янада кучайтиришимиз лозим бўлади.

 

Раимберган САБУРОВ,

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси.



DB query error.
Please try later.