29.12.2015

САЙЛОВЧИ ИШОНЧИ

қандай оқланади?

Депутат халқ вакили сифатида кўксига нишон тақади. Бу мансаб ҳам, мартаба ҳам эмас, аслида катта масъулият, шараф дегани. Чунки унинг зиммасида аҳоли ишончи турибди, берилган ваъдалар асосида фуқаролар ундан амалий иш кутяпти. Демак, сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуши янада фаровон бўлишига кўмаклашиш ҳар бир депутатдан изланиш ва тинимсиз меҳнатни талаб этади. Мана, сайловдан кейин деярли бир йил вақт ўтди. Шу даврдаги фаолиятимизга назар ташласак, нимага гувоҳ бўламиз?

Депутат сифатида, аввало, сайловчилар билан ҳамнафас бўлишга, ҳар ҳафта фуқаролар билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини эшитишга ҳаракат қилдим.

Фаолиятим давомида бир нарсага амин бўлдимки, сайловчилар мурожаатларига эътиборсиз қараш нафақат депутат, балки партия обрўсига ҳам путур етказади. Фуқаро сизга ўзини ташвишга солаётган масала ҳақида сўз очдими, демак, унинг ортида ҳал қилиниши керак бўлган муаммо бўлади. Уларни вақтида ўрганиш, кечиктирмасдан бартараф этиш орқали кимнингдир оғири енгил бўлади, айрим ҳолларда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммолар бартараф этилади. Бунда депутатлик сўрови имкониятларидан фойдаланиш яхши самара беради. Бу тажрибада ўз исботини топган.

Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаат билан чиқиш ҳуқуқига эга. Бу депутатлик сўрови ҳисобланади. 

Депутатлик сўрови, аввало, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга оширади, қонунлар ижросига ўзига хос таъсир кўрсатади. Энг асосийси, сайловчилар, партия электорати вакилларини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 

Яқинда Бухоро вилоят Жондор туманидаги «Хумин» қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси қишлоқда спорт майдони қуриш масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Қишлоқда сп­орт­га чанқоқ ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида спортнинг кураш, дзюдо, футбол, бадиий гимнастика ва бошқа турлари билан шуғулланиб келаётганлари бор. Демак, қишлоқда стадион қурилиши улар учун катта қулайлик ва имконият яратади. Шуларни ҳисобга олиб, ушбу масала юзасидан туман ҳокимига сўров юбордим ва у ижобий ҳал этилди. Спорт майдончаси қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Депутат учун масаланинг катта-кичиги бўлмаслиги керак. Чунки унинг ортида фуқаролар манфаати туради. Шу боис ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги, уни ҳал этиш халқ вакилининг бурчи ва вазифасидир. Депутат сў­рови турли масалаларда бўлиши мумкин. Фикримча, ҳар қандай сўров муаммо атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг юборилсагина кутилган самара беради. Депутат ҳам, масалани ечишга кўмак берадиган партия ташкилоти ҳам шунга амал қилиши керак. Масала аниқ ва асосли қўйилган депутатлик сўровининг таъсир кучи юқори бўлади.

Ғиждувон туманидаги бир гуруҳ фуқаролар ёзма мурожаат қилишди. Уларнинг мурожаатида «Сарвари» қиш­лоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 24-сон ва «Заран­гари» қишлоғидаги 8-сон мактаблар таъмирталаблиги тўғрисида маълумотлар келтирилган. Мазкур масала юзасидан вилоят ҳокими ўринбосарига сўров юборилди. Ҳозир сўров бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Айни кунларда халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашида партиямиздан сайланган 17 нафар депутат фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти пар­тия­миз дастурий мақсад-вазифаларини амалга оширишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишмоқда. Шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида давлат ҳокимияти ҳамда бош­қаруви органларининг мансабдор шахсларига жами 86 депутатлик сўрови юборилди. Муҳими, уларнинг аксариятига вақтида жавоб олинди ва электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни жойларда ҳал этишга эришилди.

Аҳолидан тушган мурожаатлар асосан ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган. Биз ҳар бир мурожаат, унда кўтарилган муаммо ёки таклиф бўйича алоҳида тартибда ишлаймиз. Баъзида шундай мурожаатлар бўладики, масалани ўрганиш ва уни ечиш учун ишчи гуруҳи тузилади. Бунда гуруҳ таркибига малакали ҳуқуқшунос ва турли соҳа мутахассисларини ҳам жалб қиламиз. Муаммони бартараф этиш давомида фаоллар жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини ўрганади. Бу тажриба фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Яна бир масала. Депутатлик сўровига мутасадди ташкилот раҳбарларининг масъулиятини ошириш чораларини кўришимиз лозим. Айрим ҳолларда баъзи идоралар раҳбарлари депутат юборган сўровга эътиборсиз қараётганини ҳам айтиб ўтиш ўринли, деб ўйлайман. Аслида депутатлик сўрови қонуний кучга эга. Унга депутат ҳам, мутасадди ташкилот раҳбари ҳам эътиборли бўлиши талаб этилади.

Президентимиз «Парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган ғоят муҳим вазифа — қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётганлиги устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир», деб алоҳида таъкидлаган эди. Депутатлик сўрови бу вазифани амалга оширишда асосий восита, қонуний механизм ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир депутат бу институтдан самарали фойдаланиш ҳақида янада чуқур ўйлаб кўриши зарур.

 

Раззоқ ОСТОНОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.