29.12.2015

ҲАЁТИДАН РОЗИ ОДАМЛАР

Яқинда партиямиз фаоли Шоназар Жовлиев «Чироқчи тумани марказидаги янги бозорчамизда бўлдингизми?» деб сўради. Ҳали боролмаганимни айтдим. У киши бозорни таърифлай кетди:

— Кўрсангиз кўзингиз қувонади. Қишлоқ туманида бунақа бозор қурилади деб ҳеч ўйламагандик. Ҳудуди жуда катта, аҳолиси йил сайин кўпайиб бораётган туманимиз учун бундай бозор айни муддао бўлди. Энди одамларимиз қўшни Шаҳрисабз, Қарши ёки Самар­қанд шаҳарларига овора бўлиб боришмайди. Бозор жамоаси аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга ҳам муносиб ҳисса қўшаяпти.

...Янги йил арафасида ниятим ушалиб, Чироқчи марказидаги янги бозорга бордим. Кўркам, ихчам савдо дўконлари... Турли хил кийим-кечаклар...

Меҳнат фахрийси Жўра Жалилов билан суҳбатлашиб қолдим. У туманнинг яқин ўтмишдаги аҳволини эслади...

Дарҳақиқат, Чироқчи туманида муаммолар жуда кўп эди. Қишлоқларда аҳолига маданий-маиший, савдо, тиббий хизмат кўрсатиш каби муҳим масалалар ўз ҳолига ташлаб қўйилганди. Биргина мисол. Чияли бозорида кийим-кечаклар, миллий ҳунармандчилик буюмлари сотиларди. Ёзда чанг-тўзон, қишда лой бўладиган майдонда савдо қилинарди. Ўша пайтда вилоятимизга раҳбар бўлган Ислом Каримов томонидан шўролар ҳукмронлиги давридаёқ Қаш­қадарёда эзгу ишлар бошлаб юборган эди. У киши бошқа туманлар қатори, Чироқчида ҳам ободончиликка катта эътибор қаратди. Хусусан, Чияли бозори қайтадан қурилди. Мус­тақиллик йилларида эса туманда кўплаб янги мактаб, коллеж, шифохона, магазин, тўйхоналар бунёд этилди.

Бундан икки йил аввал Тошкентда Чироқчи шаҳрининг бош лойиҳаси тайёрланди. Дуч келган жойда қурилиш қилиш тақиқланди. Шаҳар марказидаги эски болалар боғи ўрнида бутунлай янги истироҳат маскани бунёд этилди.

2009 йили пахта тозалаш корхонаси таъмирланиб, модернизация қилинди. Натижада завод ҳовлисининг 1,1 гектари янги буюм бозори қуриш учун ажратилди. Чироқчи шаҳри ва туманининг ярми узоқ йўл босиб, Чиялига ёки қўшни Шаҳрисабзга қатнашга мажбур эди. Лойиҳа тузилди, ер ажратилди, тадбиркорлар томонидан 305 дўкон қурилди. Бироқ бозор ривожланиб кетмади, кам-кўсти борлигини барча кўриб турганди. Натижада 2015 йил бошида туман ҳокимлиги томонидан «Сарбон баракаси» МЧЖ раҳбарлигига Мамасоат Жўраев тавсия қилинди.

— Дарҳақиқат, бу бозорда ўзгариш қилиш зарур эди. Мана, бугун натижасини кўряпмиз, — дейди Давлат солиқ қўмитасининг бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси вилоят бўлими ходими Шавкатжон Холиёров. — Туманда 9 бозор бор. Улар орасида «Сарбон баракаси» солиқларни ўз вақтида тўлаши, кундан-кунга обод бўлиб бораётгани билан ажралиб туради...

Бироқ бунга осонликча эришилмади. Туман раҳбарияти, бозорнинг янги раҳбари кўпчиликнинг бошини қовуштирди. Режа тузилиб, бирин-кетин амалга оширила бошланди. Бозор дарвозаси қаршисидаги ташландиқ майдон обод қилиниб, иккита фаввора қурилди. Атрофида сал­қин ичимлик, енгил таом сотиладиган бўлди. Электр­да узилишлар кўп бўлгани учун 8-10 миллион сўм маблағ эвазига трансформатор ва узатгичлар пухта таъмирланди. Кунда минг­лаб одамлар кириб чиққандан кейин яхши таомларга эҳтиёж туғилди. Ҳозир Бахтиёр Ҳамроев ва Учқун Ҳамидов ўз ошхонасида мазали овқатлар тайёрламоқда. Озиқ-овқат дўкони, иккита сартарошхона очилди.

— Ота-боболарим ҳам сартарошлик билан шуғулланишган, — дейди Ўроз Боймирзаев. — Ўттиз беш йилдирки, шу ҳунар этагидан тутганман. Шогирдларим кўп. Уларни ҳалолликка, покликка ўргатаман.

Бозорнинг асосий йўналиши кийим-кечак, буюм ва газмоллар. Бошқа туманлардан ҳам харидорлар келади. Дўкондор Қаҳрамон Жўраев пластик карточкага ҳам савдо қилинишини айтди.

— Илгари деҳқон бозорида савдо қилардик, — дейди тадбиркор Ҳосил Хушшиев. — Мана, яхши лойиҳа асосида ўзимизга дўкон қуриб олдик. Терминалимиз бор, юртимизда ва четда ишлаб чиқарилган газмолларни савдога чиқарамиз. Қаранг, харидорлар танлаб олишаяпти. Солиқлардан қарзимиз йўқ...

— Шу бозорда турфа газмоллар сотилгани одамлар учун қулай бўлди, — дейди кичик корхона раҳбари Дилшода Саидова. — Чеварларни тўплаб, алоҳида цех ташкил қилдик. Замонавий тикиш машиналаримиз бор. Харидорлар бозордан ўзларига маъқул газмолларни олишади. Ўлчаб, турли бичимдаги кўйлак, халатларни тикиб берамиз. Цехда олти нафар тикувчи меҳнат қилаяпти.

Бозор маъмурияти кўплаб хайрли ишларга ҳам бош қўшган экан. Чироқчи шаҳри марказида шу йил ёзда ишга тушган болалар дам олиш ва истироҳат боғини бунёд этиш учун 2 миллион сўм маблағ ўтказиб берилибди. Тумандаги 29-мактабнинг 25 нафар, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 21 нафар болаларини бошдан-оёқ кийинтиришибди.

Маъмуриятнинг кичик, ихчам идорасига кирганимда, ўзаро суҳбатнинг гувоҳи бўлдим.

— Барчага шароит яратиб бераяпсиз, — дейди тадбиркор Раъно Қурбонова. — Мана, оиламизнинг орзуси ушаладиган бўлди. Янги уй қуриш учун кредит олдик, дастлабки тўловларини тўладик.

— Қураётган янги уйингиз фарзандларингизга, оилангизга буюрсин, — дейди хурсанд­чилик билан Мамасоат Жўраев. — Президентимиз Соғлом она ва бола йили ҳақида гапириб, қандай муҳим вазифаларни белгилаб берди. Демак, турмушимиз янада фаровонлашади, фарзандларимиз соғлом бўлиб камолга етади. Насиб этса, жамоамиз билан муҳтож оилаларга кўмак берамиз. Энг муҳими, бозоримиздан барака кўтарилмасин.

— Янги йил кириб келаяпти, — дейди харидор Ҳимоят Йўлдошева. — Албатта, совға-салом олиш керак. Мана, бозордан қизимга чиройли кўйлак харид қилдим. Жуда сифатли, арзон. Насиб қилса, яна келамиз.

Одамлар бозор хизматидан, бугунги ўзгаришлардан хурсанд. Бозорнинг олдинги аҳволи билан ҳозиргисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Бугунги бозор замонавий, муҳташам, кўркам, файзли ва баракали бозор.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.