26.12.2015

КОЛЛЕЖ БИТИРУВЧИСИ

қаерда, қандай шароитда иш бошлаши унинг кейинги тақдирини ҳал этади

Ҳар бир йигит-қиз катта ҳаётга қадам қўяр экан, ўз ишига эга бўлишни, куч ва билимини ўз оиласи фаровонлиги йўлида сарф­лашни, эл-юрт равнақига ҳисса қўшишни истайди. Бу жараёнда, албатта, уларни қўллаб-қувватлаш, орзу-ниятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис янги иш ўринлари яратиш, бу борадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳар бир оила, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, ёшларнинг эртанги кунга, ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборат.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатига йиғилганлар шу масалада атрофлича фикр юритишди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уларнинг банд­лигини таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича вазирлик ва идоралар, банк-молия тузилмалари мутасаддилари, касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари ўзаро фикр алмашишди. 

Бугунги кунда мамлакатимизда 1500 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей фаолият юритмоқда, уларда бир ярим миллионга яқин ўқувчи таҳсил олади. Уларга пухта билим бериш, ўқувчиларнинг давомати, фанларни ўзлаштириши, ишлаб чиқариш амалиётини муваффақиятли ўташи, битирувчиларни уч томонлама шартнома асосида ишга жойлаштириш каби долзарб масалалар юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Масалан, ҳар йили умумтаълим мактаблари 9-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва интилишлари ҳамда меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, коллежлардаги йўналиш ва ихтисосликларга ўзгартишлар киритил­япти. Бу корхоналарни зарур мутахассислар билан таъминлаш имконини бермоқда. Шунингдек, коллежларда ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти самарали йўлга қўйиляпти, корхоналар ва коллежлар ўртасида узвий ҳамкорлик юзага келмоқда. Буларнинг барчаси битирувчилар банд­лигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. 

Депутатлар коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш, бу борада мутасадди идоралар, иш берувчилар масъулияти ҳамда жавобгарлигини кучайтириш мақсадида меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга риоя қилиниши зарурлигини алоҳида қайд этишди.

— Бугун коллежни тамомлаётган битирувчининг ҳаётга муносабати шаклланишида у қаерда, қандай шароитда иш бошлаши катта аҳамиятга эга, — дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Демак, ёшларни иш билан таъминлашга ҳар биримиз масъулмиз ва бунга бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ. Менимча, коллеж битирувчиларини кўпроқ барқарор иш ўринларига жойлаштириш, амалиёт учун керакли шароит яратиш, айниқса, шу масалада ёшларга ғам­хўрлик қилиш, меҳр кўрсатиш, меҳнат ярмаркаларини барча ҳудудларда тизимли ташкил этиш ишларини янада кучайтириш, бу борада маҳаллий ҳокимликлар, солиқ, банк-молия тузилмаларининг масъулиятини ошириш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Давра суҳбати якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарор қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.