26.12.2015

ЭЛЕКТОРАТ МУРОЖААТИ ҲАР ХИЛ

Бироқ улардан бирортаси ҳам эътиборсиз қолмаслиги керак

Халқимизнинг табиати шундай — ҳеч ким бирор идоранинг эшигини бесабаб тақиллатиб келмайди. Зарурат туғилмаса, муаммосини ошкор қилмайди. Кимдир мутасадди идоранинг эшигига келиб ёрдам ёки маслаҳат сўрабдими, уни қандайдир савол ёхуд масала ўйлантираётган бўлади.

Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши бу масалага алоҳида эътибор қаратяпти. Партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти изчил йўлга қўйилмоқда. Мурожаатларга ҳамкор ташкилотлар ёрдамида ечим топилмоқда, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак берилмоқда.

Мурожаатларга масъулият билан қараш партиямизнинг Жамоатчилик қабулхоналарига одамлар эътибори ва ишончини ошираяпти.

— Сиёсий партия ўз электорати вакиллари манфаатини самарали ҳимоя этиши, одамларнинг кўнглига йўл топиши учун, аввало, уларни ташвишга солаётган масалаларни чуқур билиб, ҳал қила олиши керак, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сирожиддин АЪЗАМОВ. — Айтиш керакки, ўтган йиллар давомида вилоят партия кенгашида бу борада ўзига хос тажриба тўпланди. Жойларда электорат манфаатларини таъминлаш мақсадида 21 Жамоатчилик қабулхонаси фаолият юритмоқда.

Фуқаролар мурожаатлари партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар ҳамкорлигида ижобий ечим топаяпти, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммолари ҳал этила­япти. Якунланаётган йилни сар­ҳисоб қиладиган бўлсак, ҳозирга қадар Жамоатчилик қабулхоналарига 776 мурожаат келиб тушди. Уларнинг 80 фоизи ижобий ҳал этилди. Айрим мурожаатлар бўйича юридик маслаҳатлар берилиб, қолганлари назоратга олинди.

Мурожаатларнинг асосий қисми коммунал хизматлар сифати, иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, банкдан кредит олиш масалалари билан боғлиқ. Албатта, мурожаатларда турли муаммолар кўтарилади, кенг қамровли саволлар ўртага ташланади. Шунинг учун турли соҳа мутасаддилари ва мутахассислари билан доимий алоқа йўлга қўйилган. Мурожаатларни атрофлича ўрганиб, ҳал этишда, айниқса, депутатларнинг хизмати катта бўляпти. Буларнинг барчаси одамларни ўйлантириб келаётган масалаларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Маълумки, партиямиз Сайлов­олди дастурида ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига амал қилиш, давлат ҳокимиятининг сайланма органларида аҳолининг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилган, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири Ғулом ҲОШИМОВ. — Демак, Сайловолди дастуримизни рўёбга чиқаришда Жамоатчилик қабулхоналаримизга келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. Шундай пайтлар бўладики, фуқаро ўзини ўйлантираётган масала юзасидан кимга, қаерга мурожаат қилишни билмайди. Шуларни инобатга олиб, ўзимиз аҳоли орасига кириб боришимиз, уларга яқин бўлишимиз керак. Бу масалада чекка ҳудудларда ташкил этилаётган кўчма Жамоатчилик қабулхоналари жуда қўл кел­япти.

Ҳафтанинг ҳар пайшанба ва жума кунлари партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимиз ўзаро келишган ҳолда, режа асосида ҳудуддаги маҳаллалар, айниқса, чекка қишлоқларда кўчма Жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этишмоқда. Бу йил ушбу қабулхоналарга аҳоли томонидан 800 га яқин мурожаат бўлди. Шундан 148 таси коммунал, 50 таси уй-жой қуриш учун ер ажратиш, 174 таси иш билан таъминлаш, 56 таси иш ҳақи, нафақа ва пенсияни ўз вақтида олиш масалаларида.

Айтиш керакки, мурожаатларни ўрганиш, самарали ҳал этишда Чирчиқ, Бекобод, Ангрен, Олмалиқ шаҳар кенгашлари ҳамда Оҳангарон, Пскент, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Зангиота, Қибрай, Қуйи Чирчиқ туман партия кенгашлари фаоллик кўрсатмоқда. Мазкур партия ташкилотларида Жамоатчилик қабулхоналари иш тартиби тўғри йўлга қўйилган, мурожаатларга ечим топишда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзолари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан таш­қари пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари, Бандликка кўмаклашиш марказлари ва бошқа қатор идора-ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти билан боғлиқ муаммоларимиз йўқ, мурожаатларни кўриб чиқиш, ҳал қилиш масалаларида ҳамма ишларимиз жойида, деган фикрдан йироқмиз. Агар бундай ўйлайдиган бўлсак, энг аввал, ўзимизни алдаган бўламиз. Номига ишлаб турган Жамоатчилик қабулхоналари ҳам йўқ эмас. Баъзи жойларда партиямиз ташкилотлари, айрим депутатлар мурожаатларга, одамларни ўйлантириб, қийнаб турган муаммоларга юзаки муносабатда бўлаётган ҳолатлардан кўз юммаслигимиз керак. Хато-камчиликларимизни яширмасдан, аксинча, рўй-рост муҳокама қилиб, уларни бартараф этиш чораларини кўрсак, одамларга яқиндан ёрдам берган, электоратимиз манфаатларини ишончли ҳимоя қилган бўламиз.

ЎзХДП ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАСИГА МУРОЖААТ ҚИЛГАН ЭДИМ...

Жавлон ТУРҒУНОВ, Зангиота тумани, иккинчи гуруҳ ногирони:

 — Тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолдим. Лекин ҳаётимдан ҳеч нолимайман. Ҳар доим меҳрибон ва самимий инсонлар атрофимда, қўллаб-қувватлаб, кўнглимни кўтариб юради. Ҳозир уй шароитида устозларим математика, она тили, тарих, инглиз тили ва бошқа фанлардан сабоқ бермоқда. Аниқ фанларга кўпроқ қизиқаман. Келажакда маиший техникаларни таъмирловчи уста бўлмоқчиман.

Шу йил август ойида Ўзбекистон ХДП Зангиота туман кенгашининг Жамоатчилик қабулхонасига протез оёқ мосламасини олиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилгандим. Туман кенгаши раиси Моҳира опа мурожаатимни ўрганиб чиқиб, протез мосламаси олишимда ёрдам берди.

Алимардон АБДИРАШИДОВ, Зангиота тумани:

— Коллежни тамомлагач, чорвачилик билан шуғулланишга қарор қилдим. Бунга бизда имконият катта. Иш бошлашим учун менга дастлабки сармоя зарур эди. Шуни ўйлаб, Ўзбекистон ХДП Зангиота туман кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилдим. Туман кенгаши яқиндан ёрдам берди, бизнес-режамни «Микрокредитбанк» туман филиалига топширдим. Орадан 15-20 кун ўтгач, менга 10 миллион сўм кредит беришди. Дастлаб икки бош қорамол, ем-хашак олдим. Мана, ҳозир улар тўрт бош бўлди. Ҳар куни ўртача 20 литрга яқин сут олиняпти.

Ҳафиза САЙИЛОВА, Чирчиқ шаҳри:

— Жорий йил август ойида Ўзбекистон ХДП Чирчиқ шаҳар кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Икки ҳафта ўтмай, шаҳар партия кенгаши раҳбари
Дониёр Азизхўжаев қўнғироқ қилиб, иш топилганини айтди. Ҳозир шаҳримиздаги 4-мактабда тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишлаяпман.

Юлдуз ЭГАМҚУЛОВА, Юқори Чирчиқ тумани, биринчи гуруҳ ногирони:

— Ўзбекистон ХДП Юқори Чирчиқ туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига ногиронлик аравачаси олиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган эдим. Бироз вақт ўтгач, мурожаатим Тошкент вилоят партия кенгаши томонидан кўриб чиқилаётганини айтишди. Унча кўп кутганим йўқ. Эсимда, 25 август куни ногиронлик аравачаси олиб келиб беришди. Катта раҳмат...

Бу каби миннаддорликлар тобора кўпайиб бораётганида айнан
Жамоатчилик қабулхоналари хизмати катта бўлмоқда.

 

Меҳрож ДАРХОНОВ



DB query error.
Please try later.