26.12.2015

САВОЛ ВА ЖАВОБ

— Мен ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан эдим. Яқинда таътил муддати ниҳоясига етади. Иш жойимга борсам, раҳбаримиз ўрнимга янги ходим олганини айтди. Агар бирор ўрин бўшаса, ўзимиз чақирамиз, деди. Шу ҳолат тўғрими? Бу борада қонунчилигимизда белгиланган меъёрлар ҳақида билмоқчи эдим.

 

Дилноза Юлдашева, Тошкент вилояти.

 

Садоқат АХМАНОВА, Яшнобод туманидаги 10 давлат нотариал идораси нотариуси:

— Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга кенг имконият ҳамда шароит яратиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келинади. Қонунчилигимизда ҳам уларга қатор қулайлик ҳамда имтиёзлар белгиланган.

Саволга келадиган бўлсак, ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилиниши мумкин эмас. Бу ҳақда Меҳнат кодексининг 237-моддасида белгилаб қўйилган. Фақатгина корхона фаолиятининг тугатилиш ҳолатлари бундан мустасно. Ҳатто ушбу ҳолатда ҳам шартнома албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

Бундан ташқари, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида уларга меҳнат ҳақи ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, аёл ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари сақланиб қолади. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи сақланади.

Юқорида қайд этилган меъёрларга риоя қилинмаган корхона, ташкилот раҳбари ёки ходим жавобгар ҳисобланади.



DB query error.
Please try later.