26.12.2015

ПОРЛОҚ ИСТИҚБОЛИМИЗ ВА ЭЗГУ НИЯТЛАРИМИЗ ИФОДАСИ

28 декабрь — Мустақиллик ва эзгулик монументи очилган кун

Бундан ўн йил муқаддам Мустақиллик майдонида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан халқимизнинг эзгу интилишлари ифодаланган, ёш авлод қалби ва онгига истиқлол ғояларини, миллий ғурур ва ифтихор, ватанпарварлик туйғуларини чуқурроқ сингдиришга хизмат қиладиган Эзгулик аркаси бунёд этилиб, Бахтиёр она ҳайкали ўрнатилди.

Президентимиз Ислом Каримов 2005 йилнинг 28 декабрида Мустақиллик майдонида қад ростлаган янги монумент пойига илк бор гулчамбар қўйди. Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан ушбу муаззам мажмуага ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи — Мустақиллик ва эзгулик монументи деб ном берилди.

Мустақиллик ва эзгулик уйғун тушунчалардир. Халқимиз учун мустақиллик — озодлик, тинчлик, ҳурлик, фаровонлик, ор-номус, эзгулик эса — меҳр-оқибат, маънавий баркамоллик деганидир.

Мана шу икки буюк қадрият замирида халқимизнинг асрий интилишлари, эзгу орзу-умидлари, бу мажмуанинг сиёсий ва инсоний маъноси яққол мужассам, десак хато бўлмайди. Олижаноб ниятлар билан янги оила қураётган минглаб ёш йигит-қизларимиз Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркасидан ўтиб, оқ поёндоз шаклидаги кенг йўлакдан юриб, ушбу монумент пойига зиёратга келар экан, фарзандини бағрига босиб турган бахтиёр она сиймосида ўзининг беғубор орзуларини кўргандек бўлади, деб таъкидлаган Юртбошимиз.

Мустақиллик майдони ва унга туташ ҳудудда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин кўзгуси бўлган муҳташам меъморий иншоотлар, яшил майдон ва хиёбонлар барпо этилди. Бундай катта бунёдкорлик ишлари туфайли бугунги кунда бу масканнинг қиёфаси ўзгариб, бутунлай янгича маъно-мазмун касб этмоқда.

Майдоннинг кўркига кўрк қўшиб турган бу обида, ундаги Ер курраси тасвирида алоҳида ажралиб турган Ўзбекистон харитасини кўрган юртдошларимиз онгу шуурида чексиз ғурур ва ифтихор туйғулари жўш уради. Фарзандини бағрига олиб турган бахтиёр она сиймосида мунис онасини, беғубор болалигини, баркамол авлодни тасаввур қилади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталган бебаҳо неъмат бор. Ҳар қайси онгли инсон жондан азиз фарзандининг бахтини, камолини ўйлаб, ҳамиша эзгу орзу-интилишлар билан яшайди, ўз зурриёдининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлишини истайди.

Мустақиллик майдони марказида Бахтиёр она ҳайкали қад ростлагани аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган азалий интилиш — соғлом авлод орзуси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланганини яққол ифодалайди. Зеро, Бахтиёр она — она Ватан рамзи. Бу тушунчанинг айнан она сиймоси орқали ифода этилиши, мамлакатимиз бош майдонида Бахтиёр она ҳайкалининг барпо этилиши юртимизда онага, аёл зотига ҳурмат-эҳтиром, соғлом авлод орзуси нақадар юксак даражага кўтарилганидан далолатдир.

Юртбошимиз ташаббуси билан кириб келаётган 2016 йилга Соғлом она ва бола йили, деб ном берилганидан мақсад ҳам халқимизнинг барча орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмуни бўлган соғлом ва баркамол фарзандлар тарбиясини янги босқичга кўтариш, уни бағрида ардоқлаб, эзгу фазилатлар руҳида камолга етказадиган аёл зотини улуғлаш, соғлом ва аҳил оилани эъзозлашдир.

Умумхалқ байрамлари ва тантанали маросимлар арафасида, мамлакатимиз спортчилари нуфузли халқаро мусобақалар олдидан ёки юртимизда йирик халқаро танлов ва мусобақаларни ўтказиш арафасида Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиши қутлуғ анъанага айланди. Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли делегациялар ва бошқа юксак мартабали меҳмонлар ушбу обида пойига гул қўйиб, мустақил Ватанимизга ҳурмат бажо келтиради.

Мустақиллик майдонидан зиёратчилар қадами узилмайди. Мактаб ўқувчиларию талабалар, нуроний отахону онахонлар бу табаррук масканда мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканини чуқур ҳис этади, бугунги тинч, фаровон ҳаётимиз учун шукроналар айтади. Эзгу ниятлар билан янги ҳаёт бўсағасига қадам қўяётган келин-куёвлар Эзгулик аркасидан ўтиб, Бахтиёр она ҳайкали пойига гул қўяркан, пок орзулар билан эртанги кунга қадам қўяди.

Муҳташам майдон, ундаги Мустақиллик ва эзгулик монументи ўзининг бетакрор қиёфаси, теран маъно-мазмуни билан халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, ёруғ келажакка интилишининг ёрқин ифодаси сифатида барчамизни шу буюк Ватанга садоқат билан хизмат қилишга даъват этаверади.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.