26.12.2015

РАҚС САНЪАТИНИНГ ЁШ ЮЛДУЗЛАРИ

Пойтахтимизнинг «Истиқлол» санъат саройи. «Эътироф — 2015» миллий мукофоти ўз совриндорларини кутмоқда. Ҳамма ҳаяжонда. Ниҳоят, 23 номинация бўйича йил ғолиблари эълон қилина бошланди...

— «2015 йилнинг энг яхши раққосаси» номинацияси ғолиби... Дилором Мадраҳимова!

Нозиккина қиз саҳнага чиқади. Ҳамма уни олқишлайди...

1997 йилда Президентимизнинг «Ўзбекистонда миллий рақс ва хореография санъатини ривожлантириш тўғрисида»ги Фармонига асосан пойтахтимиздаги хорео­графия билим юрти ҳамда Маданият институтининг (ҳозирги Санъат ва маданият институти) хоре­ография бўлими базасида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ташкил этилган эди.

— Бизда санъатга ҳавас қўйган ёшлар учун узлуксиз таълим тизими жорий этилган, — дейди Тошкент давлат миллий рақс ва хо­реография олий мактаби ректори Шуҳрат Тўхтасимов. — Истеъдодли ўғил-қизларимиз шу соҳага ихтисослашган мактабда таҳсил олади, коллеж ва институт фаолият кўрсатиб турибди. Магистратуранинг бунга қўшилиши нур устига нур бўлди.

Бу ерда нафақат юксак маҳоратли санъат юлдузларини тайёрлаш, балки сер­қирра қадимий рақс анъаналарини давом эттириш, ушбу санъат тури бўйича устозлар меросини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган ўқув йили якунида биринчи қалдирғочлар — магистр-битирувчилар мустақил ҳаётга йўлланма олди. Энди улар шу соҳада педагогик-илмий изланишни давом эттиради.

Шогирдларимиз турли халқ­аро кўрик-танловларда иштирок этиб, сов­ринли ўринларни олиб кел­япти. Рақс бўйича «Эътироф-2015» миллий мукофотига лойиқ кўрилган Дилором Мадраҳимова ҳам ана шундай истеъдодли ўқувчиларимиздан.

Дилором Мадраҳимова санъаткорлар оиласида вояга етди. Онаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ­Гулмира Мадраҳимова ­«Навбаҳор» рақс ансамбли бош балетмейстери, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби катта ўқитувчиси.

Дилором олти ёшлигидан рақсга қизиқди. Тўққиз ёшида республика фестивалида «Шўх қиз» халқ рақси билан қатнашиб, ҳакамлар томонидан биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.

Ёш раққоса Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида таҳсил олди, ҳозир ушбу даргоҳнинг балетмейстер-режиссёрлик бўлимида ўқиш билан бирга, «Навбаҳор» рақс ансамбли раққосаси сифатида барча оммавий тадбирларда иштирок этиб келаётир.

— 2015 йилда Санкт-Петербург шаҳрида «Art-Premium» ижодий бирлашмаси томонидан хореография санъати бўйича «Под небом Петербурга» деб номланган III халқаро танловда халқ рақси йўналиши бўйича Гран-при — бош совринга сазовор бўлдим ва Париж шаҳрида ўтказилган «PARIS DE LA DANCE» халқаро танловида иштирок этиш учун сертификат олдим, — дейди ­Дилором Мадраҳимова.

— Илм даргоҳимизда санъат соҳасида ўз истеъдодини намоён қилаётган ёшлар учун барча шароитлар яратилган, — дейди хореография факультети декани ўринбосари Бахтиёр Алимов. — Биз кўпинча турли вилоятларда бўлиб, узоқ қишлоқлардан ана шундай истеъдодларни топиб, мактабимизга жалб қиламиз.

Илм даргоҳи ўқитувчилари таъкидлаганидек, санъат соҳасида яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар туфайли ёшларимиз ўз истеъдодларини намоён этишмоқда. Эришилган ютуқлар эса уларни янги марралар сари руҳлантиради.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.