Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
24.12.2015

ҚОНУН ИЖРОСИ БИЛАН КУЧЛИ

Нўмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича муҳим бир масалага эътибор қаратилган.

Яъни оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатларини тўғри белгилаш, оммавий ахборот воситалари фаолияти устидан назорат қилишнинг иқтисодий механизмларини, ахборот манбаларининг ёпиқлигини, шунингдек, таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан бўлаётган маълум даражадаги босимларни бартараф қилиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш зарурлиги алоҳида қайд этилган, шу мақсадда ўтган йили «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида» Қо­нун қабул қилинган эди.

Қонунда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳу­қуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш, шу билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтириш талаблари назарда тутилган.

Шунингдек, унда давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартиблари аниқ белгилаб берилган. Қолаверса, аҳолининг, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб боришини таъминлаш механизми яратилган.

Президентимиз илгари сурган Концепцияда мазкур қонуннинг жорий этилиши ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давлат ички ҳамда ташқи сиё­сатининг очиқлиги ва ошкоралигини, мамлакатимиз ва хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни ҳисобга олган ҳолда таъминлаши зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Ушбу масалалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуннинг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, шунингдек, Фарғона вилоятидаги давлат органлари тизимидаги ижросини ўрганди. 18 декабрь куни қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида мазкур ўрганиш, яъни назорат-таҳлил якунлари вазирлик ва ҳокимлик мутасаддилари иштирокида муҳокама қилинди.

Назорат-таҳлил тадбирини амалга ошириш давомида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вазирликнинг Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти бош­қармаси, вазирлик тасарруфидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Фарғона вилояти ва Олтиариқ тумани ҳокимияти ҳамда «Ўзстандарт» агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси фаолияти ўрганилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ахборот соҳасининг мутахассислари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳининг аниқлашича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан Қонунни амалиётга татбиқ этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Интернет глобал тармоғида расмий веб-сайт­лари фаолияти йўлга қўйилиб, тизимли равишда маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда, зарур ахборотларни ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган жойларга жойлаштириш, архив ва ахборот-кутубхона фондлари орқали тақдим этиш тизими жорий қилинган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборотлар тайёрлаш, уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, оммавий тадбирлар ташкил этиш, ахборот хабарлари тайёрлаш билан шуғулланувчи ахборот хизматлари фаолияти изчил йўлга қўйилмоқда.

Назорат-таҳлил фаолиятининг алоҳида ўзига хослиги шундаки, ўрганишнинг дастлабки вақтлариданоқ жараённи ёритишга оммавий ахборот воситалари кенг жалб этилди. Ўрганиш жараёнларининг бевосита ёритиб борилиши қонун ижроси юзасидан жамоатчиликнинг фикри билан танишиш имкониятини берди.

Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ўртасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлик соҳасидаги фаолиятидан қониқиш даражаси бўйича ижтимоий сўровномалар ҳам ўтказилди. Сўровномада иштирок этган оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятлари институтлари вакилларининг 92 фоизи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиб келаётгани, 95 фоизи қонун талабига мос равишда ахборот олишга доир сўровларига ўз вақтида жавоб олишаётгани, 98 фоизи давлат органлари томонидан ташкил этилган оммавий тадбирларда (матбуот анжумани, брифинг ва бошқалар) иштирок этаётганини маълум қилган.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасидаги ишларнинг истиқболдаги самарадорлигини ошириш тегишли қонуности ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш билан чамбарчас боғлиқдир. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида»ги қарори асосида тасдиқланган чора-тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга.

Ушбу қарор асосида тасдиқланган комплекс чора-тадбирларга асосан яқин вақт ичида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив ­муассасаларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом», «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома», «Ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ коллегиал мажлисларида иштирок этиш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом», «Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома»ни ишлаб чиқиш каби бир қатор вазифалар белгиланган.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу вазифалар бажарилиши Қонунни амалиётга татбиқ этиш самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни кучайтиришга, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг қабул қилаётган қарорлари бўйича масъулиятини оширишга, шунингдек, ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.