24.12.2015

ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ФАОЛИЯТИДА

қандай ўзгаришлар бўлади?

Шу йилнинг 3-4 декабрь кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида бир қатор қонунлар, хусусан, янги таҳрирдаги «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилиб, маъқуллангани барчамизга маълум. Аввало, таъкидлаш керакки, мазкур қонун дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, аҳолини сифатли, хавфсиз дори воситалари, дори-дармон билан таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилди.

Демак, ушбу қонун фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бу ҳақда янада тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларига муро­жаат қилдик.

Саттор Раҳматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда. Айниқса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши халқимиз ҳаёт даражасининг юксалишида муҳим аҳамиятга эга бўляпти. Айтиш керакки, янги таҳрирда қабул қилинган «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонун соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Қонунда дори воситалари, тиббий буюмлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин уларни қўллашга рухсат берилишига қаратилган меъёрлар акс этган. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлаш, сақлаш, ташишга нисбатан қўйиладиган асосий талаблар, мамлакатимиз ҳудудига тиббий препаратларни олиб кириш ва мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш тартиби мустаҳкамланмоқда. Аҳолини хавфсиз дори воситалари билан таъминлашнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, қонун фармакологик назоратни амалга оширишга қўйилган талабларни, соғ­лиқни сақлаш муассасаларининг ушбу соҳадаги ваколатларини, функцияларини белгилаб бермоқда.

Яна бир муҳим масала. Мамлакатимизда қўлланилаётган дори воситаларидан фуқароларни кенг хабардор қилиш, фармацевтика фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техникаларнинг давлат реестрини ёритиб бориш йўлга қўйилмоқда. Шунинг­дек, рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхати ҳамда дори воситалари ва бошқа тиббий воситалар тўғрисидаги расмий ахборотни жойлаштириш талаби жорий этилмоқда. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамда шу соҳага алоқадор бўлган барча юридик шахслар билан мазкур масалада тегишли тартибда иш олиб бориш, ножўя таъсирларни ўз вақтида аниқлаш, фармацевтика фаолияти очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

Зайнаб Бердиева, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Таъкидлаш ўринлики, мазкур ҳуқуқий ҳужжатда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникага бўлган техник талабларни тартибга солишни халқаро амалиёт билан уйғунлаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш бўйича етакчи хорижий давлатлар тажрибаси, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамо­йиллари инобатга олинган. Қонун дори воситалари ҳамда фармацевтика фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни тиббиёт амалиётига самарали татбиқ қилиш, аҳо­лини сифатли ва кафолатланган дори препаратлари билан таъминлаш, давлат ҳамда бош­қа идораларнинг соҳадаги масъулиятини ошириш мақсадларини назарда тутади.

Масалан, халқаро тажрибадан шу нарса маълумки, ҳар бир давлат ўзининг Давлат фармакопеясини тасдиқлайди ҳамда нашр этади. Шундан келиб чиқиб, мазкур Қонунда давлат фармакопеяси, яъни дори воситаларига ва тиббий буюмларга доир талабларни, умумий фармакопея мақолаларини, дори воситаларининг ҳамда тиббий буюмларнинг сифатини назорат қилиш усулларини ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами бўлган расмий нашрни ишлаб чиқиш ва уни чоп этишга бўлган талаблар белгиланган.

Яна бир эътиборли томони, Қонунда дорихоналарнинг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Унга кўра, дорихона дори воситаларини ва тиббий буюмларни реализация қилиш, шунингдек, уларни тайёрлашни амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахс шаклида ҳам, юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида ҳам ташкил этилиши мумкин. Дори­хоналарнинг филиаллари ҳам, даволаш-профилактика ­муа­ссасаларининг дорихоналари ҳам дорихоналар жумласига киради.

Сенат йиғилишида қонунни муҳокама қилиш, маъқуллаш жараёнида бир нарсага амин бўлдимки, мазкур ҳу­қуқий ҳужжат тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар самарасини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби бир қатор вазифаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Аҳад Аҳмедов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонунда дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайёрлаш, сақлаш, ташишга нисбатан қўйиладиган асосий талаблар, мамлакатимиз ҳудудига тиббий препаратларни олиб кириш ва мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш тартиби мус­таҳ­кам­лан­моқда. Аҳолини хавфсиз ва самарали дори воситалари билан таъминлашнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳол­да, қонун ­фармакологик назоратни амалга оширишга қўйилган талабларни, соғлиқни сақлаш ­муассасаларининг ушбу соҳадаги ваколатларини, функ­цияларини белгилаб бермоқда. Қо­нунда до­рихоналарнинг ҳуқуқий ­ма­қоми, уларнинг ходимларини касб­га тайёр­лаш даражасига қўйиладиган талаблар белгилаб берилди. Дори воситалари, тиббий буюмлар давлат рўй­хатидан ўтказилгандан кейин уларни қўл­лашга рух­сат берилиши кўзда тутилган.

Яна бир муҳим жиҳати, мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида давлат ор­ган­ла­рининг масъулиятини кучайтириш эътиборга олинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг дори воситалари ҳамда фармацевтика соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради, дори воситаларини, тиббий буюмларни ҳамда тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини белгилайди.

Мазкур Қонун дори воситалари ҳамда фармацевтика фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни тиббиёт амалиётига самарали татбиқ қилиш, аҳолини сифатли ва кафолатланган дори препаратлари билан таъминлаш, давлат ҳамда бошқа идораларнинг соҳадаги масъулиятини ошириш мақсадларини кўзлайди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.