24.12.2015

СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА — КЕЛАЖАК ТАЯНЧИ

Инсон бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан-да фаровон турмуш кечиришни хоҳлайди. Ўғил-қизларим соғлом ва баркамол, бекаму кўст ва бахтли яшасин, деб тиним билмай меҳнат қилади.

Юртимизда ҳар бир йилга ном бериш, унинг ижро механизми бўлган тегишли давлат дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш эзгу анъана тусини олди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимизнинг 2016 йилни Соғлом она ва бола йили деб эълон қилганлиги мени жуда тўлқинлантириб юборди.

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида болаларнинг соғ­лом туғилиши ва соғ­лом ул­ғайиши учун катта шароит яратилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини та­комиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвий тизим шаклини олди. Бугун замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. 

Айни пайтда болалар спортининг ривожи соғлом авлодни тарбиялашнинг яна бир муҳим воситасига айланди. Барча ҳудудларда, хусусан, чекка қишлоқларда бун­ёд этилган замонавий спорт мажмуаларида 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу жараёнга қизларни жалб этишга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Соғлом турмуш тарзини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, ўз салоҳияти ва фикрига эга бўлган қизларни жисмонан ҳамда маънан тарбиялаш, аёлларимиз ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида 2006-2007 ўқув йилидан бошлаб институтимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш таълим йў­налиши очилган. Ҳар йили мазкур бўлимга ҳужжатлар нафақат пойтахтимизда, балки барча вилоятларнинг ўзида қабул қилин­япти. Ҳозиргача спортнинг оммавий турлари бўйича 2000 нафарга яқин талаба-қиз инс­титутимизни битириб, турли вилоятларда соғлом авлодни вояга етказиш йўлида меҳнат қилмоқда.

Соғлом она ва бола йилида турли ижтимоий масалалар, жумладан, оилада соғ­лом турмуш тарзини шакл­­лантириш, қизларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, аёл мураббийлар сонини ошириш каби масалаларга эътиборни янада кучайтириш талаб этилади.

Мен мутахассис сифатида Соғлом она ва бола йили муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастурига ўз таклифларимни билдирмоқчиман.

Биринчидан, мактабгача тарбия муассасаларида ўйин майдонлари, сув ҳавзалари, спорт залларини кенгайтириш ва сифатли спорт анжомлари, асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, жисмоний тарбия мутахассисларини жалб этиш орқали соғломлаштириш тадбирларини замонавий таълим асосида лойиҳалаштириш ва уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш;

Иккинчидан, болалар тарбия муассасалари ва ўқув юртларида «Жисмоний тарбия» давлат дастурлари таркибини кенгайтириш (қўшимча спорт турлари, туризм, валеология ва ҳ.к.) асосида улардаги соат миқдорларини ошириб бориш;

Учинчидан, «Полвонжонлар», «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», Универсиада спорт ўйинлари, «Маҳалламиз спортчилари», «Оилавий спорт», «Балли, қизлар», «Хотин-қизлар спартакиадаси», «Халқ миллий ўйинлари фес­тивали» телевизион ўйинларини янада оммалаштириш ва жойларда уларнинг мониторингини олиб бориш;

Тўртинчидан, иқтидорли ўғил ва қиз болаларни кўпроқ болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига ҳамда Олимпия захиралари спорт коллежларига жалб этиш;

Бешинчидан, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олим­пия ўйинлари иштирокчилари, ғолиблари, уларнинг мураббийлари, тажрибали мутахассис — олимлар ва спорт ташкилотлари раҳбарлари билан маҳаллалар, ўқув масканларида давра суҳбатлари ташкил этишни йўлга қўйиш лозим, деб ҳисоблайман.

Президентимиз таъкидлаганидек, она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мус­таҳкам бўлади. 2014 йил 28 январда ўтказилган Ўзбекис­тон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг нав­батдаги йиғилишида эса фарзанд соғлом бўлиши учун оилада соғ­лом муҳит шаклланиши, аввало, ота-она спорт билан шуғулланиши зарурлиги алоҳида таъкидланган эди.

Дарҳақиқат, халқимизда қуш уясида кўрганини қилади, деган мақол бор. Ота-она ибрати бола тарбиясида ўта муҳим аҳамиятга эга.

 

Клара ШАКИРЖАНОВА,

ЎзДЖТИ профессори,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози.



DB query error.
Please try later.