24.12.2015

МАҲАЛЛА ТИНЧ БЎЛСА, ЮРТ ТИНЧ БЎЛАДИ

 Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Тошкент шаҳридаги кўп қаватли турар-жойлар, маҳалла ва мавзеларда видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш ишларини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ва унинг ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

— Мазкур фармойиш билан боғлиқ масала оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани ва фикр-мулоҳазалар хилма-хиллиги жамоатчиликнинг бу жараёнга қизиқиш билан қараётганини билдиради, — деди Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси бош директори Илҳом Маҳкамов. — Чунки бу ҳар бир фуқаро, маҳалла, жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ ўта муҳим масала. Ҳар бир одам уйим-жойим тинч бўлсин, дейди, оила хотиржамлиги учун қўлидан келганча ҳаракат қилади.

Кўп қаватли турар-жойлар, маҳаллаларга видео-кузатув мосламалари ўрнатилиши, бу энг аввало, жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилгандир. Тошкент шаҳрида 9200 дан ортиқ кўп қаватли уй бор, оилавий ётоқхоналар билан қўшиб ҳисоблаганда, улар сони 9500 мингга яқин. 4200 дан ортиқ кўча, тор кўча ва шоҳ кўчалар борлиги ҳисобга олинса, қилинадиган ишлар кўлами қанчалик кенглиги аён бўлади.

Шунинг учун 2016 йилдан тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг олтита — Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, улар ҳудудига видео-кузатув мосламалари ўрнатилади ва йил давомида мониторинг қилиб борилади.

Ҳозирги пайтда пойтахтимизда юздан ортиқ тадбиркорлик субъектлари видео-кузатув мосламалари олиб келиш, сотиш билан шуғулланади, улардан бир қанча таклифлар тушган. Бундан ташқари, Хитой, Жанубий Корея, Россия Федерациясининг бевосита шундай мосламалар ишлаб чиқарадиган корхоналаридан ҳам таклифлар бор.

Буларнинг ҳаммасини ўрганаяпмиз, сифат кўрсаткичи, қамрови, ишлаш муддати, нархларини аниқлаяпмиз. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, видео-кузатув мосламалари аҳоли билан келишилиб, уларнинг талаб ва истаклари, эҳтиёжлари, кам таъминланган оилалар имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Энг муҳими, бу иш жамоат хавф­сизлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётганини ҳар бир фуқаро тушуниб етиши керак.

— Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар ҳудуди чорраҳаларида «Шаҳар хавфсизлиги» лойиҳаси бўйича марказлашган видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш ва ишга тушириш жараёнлари давом этмоқда, — деди Тошкент шаҳар ИИБ Бош бошқармаси алоқа бўлими бошлиғи, подполковник Носир Аҳмедов. — Кўп қаватли турар-жойлар, маҳалла ва мавзеларда бундай мосламаларнинг ўрнатилиши ҳам аҳоли хавфсизлигини таъминлабгина қолмасдан, турли хил жиноятлар содир бўлишининг олдини олади. Мосламалар ўз ҳудудига қараб, Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 475 милиция таянч пунктларига марказлаштирилади ва назорат қилинади. Мақсадимиз — ҳар бир фуқаронинг ўз уйида, маҳалласида тинч-хотиржам яшашини таъминлашдан иборат.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: