24.12.2015

БАҒРИКЕНГЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЁРҚИН ИФОДАСИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият деб ҳисобланишининг яна бир ёрқин ифодасидир. Мухбиримиз амнистия актининг кимларга нисбатан қўлланилиши, унинг ижтимоий ва тарбиявий аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Умиджон РАСУЛБЕРДИЕВ билан суҳбатда бўлди.

— Маълумки, Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти «амнистия тўғ­рисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади ва Ўзбекис­тон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қи­линган шахсларни авф этади», — дейди суҳбатдошимиз. — Ўз навбатида, Конс­титуция­мизнинг 80-моддаси 10-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнис­тия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш масаласи Ўз­бекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мутлақ ваколатларига киради.

Президентимиз тақдимномасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конс­ти­ту­цияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан ам­нистия тўғрисида»ги қа­рорда аёлларни, воя­га етмаганларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатларнинг фуқароларини, шунингдек, бир қатор бош­қа тоифадаги маҳкумларни жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш назарда тутилди. Бундан ташқа­ри, ам­нис­тия акти татбиқ этилмайдиган шахс­лар тоифаси белгилаб берилди.

— Шу ўринда амнистия тўғрисидаги қарорни қўл­лаш тартиби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Дарҳақиқат, амнистия ҳужжати бў­йича жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилиши лозим бўлган шахс­­ларга нисбатан ишларни ҳамда материалларни судда кўриб чиқиш тартиб-таомили белгилаб қўйилди.

Сенатнинг амнистия тўғ­рисидаги қарори ижросини тўлиқ таъминлашда суд-ҳуқуқ органлари билан бир қаторда вакиллик ор­ганлари, хусусан, депутат ва сенаторлар зиммасига ҳам катта масъулият юкланди. Уларнинг ушбу жараёнда фаол иштирок этиши амнис­тияни қўллашнинг барча бос­қичида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш имконини беради.

Бунда амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши, шунингдек, уни иж­ро этиш тартиб-таомиллари очиқ-ошкоралигини таъминлаш устидан жамоат назоратини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгадир. Шунинг учун сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Ўз­бекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бў­йича вакили (Омбудсман)нинг минтақавий вакиллари ушбу масъулиятли жараёнда фаол иштирок этади.

Бу борада жазодан озод этилган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришга қаратилган бир қатор тадбирлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, жазодан озод қи­линган шахсларнинг тўлиқ ҳисобга олиниши ва ишга жойлаштирилишини таъ­минлаш, ёл­ғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳо­мийлик органларининг назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юборишга қаратилган чо­ра-тадбирлар амалга оширилади. Ана шу ишларга мутасадди идоралар билан бир қаторда, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш ор­ганлари, жамоат ташкилотлари вакиллари фаол жалб этилади.

— Амнистия актининг моҳияти, аҳамияти нималарда кўпроқ намоён бўлади?

— Амнистия актимамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган инсонпарварлик ва бағрикенглик, миллий қадриятларга ҳурмат сиёсатининг амалдаги яна бир кўринишидир. Зотан, билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолганларни кечириш, уларга нисбатан инсонпарварлик актини қўллаш шахс­нинг ҳар қандай қилмиши учун жазонинг муқаррарлигини анг­лаб етишида жуда муҳим ўрин тутади.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда фуқароларнинг конс­титуциявий ҳуқуқ ва манфаат­ларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган изчил демократик ислоҳотлар олиб борилаётганининг ёрқин ифодасидир. Юр­тимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига ҳам айнан шу ғоя синг­дирилгани диққатга сазовордир.

Ҳақиқатан ҳам, бағри­кенг­лик, кечиримлилик улуғ аждодларимиздан мерос фазилат. Шу маънода амнистия актини минглаб одамлар, фарзандлар, оилалар кутади. Шу боисдан ҳам, ушбу ҳужжатнинг амалда қўл­ланилиши самарадорлигини, очиқ-ошкоралигини таъ­минлаш жу­да муҳимдир. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, амнистия акти қадимдан амал қилиб келинаётган қадриятларимизни, қо­лаверса, бағрикенглик, мурувват ҳамда инсонпарварлик каби олий фазилатларнинг нозик қирраларини ўзида мужассамлаштирган.

Истиқлол шарофати билан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган эзгу амалларимиз, асрий анъана ҳамда қадриятларимиз янада кенг қулоч ёзди. Бу — хато қилганни ке­чириш, йиқилганни суяш, тўғри йўл кўрсатиш, инсон сифатида қаддини тиклаб, қайтадан жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кўмаклашиш кабиларда намоён бўлмоқда.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён ўтган 24 йил мобайнида 26 марта амнистия акти эъ­лон қилинди. Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз ташаббуси билан 1991 йил 31 августда эълон қилинган биринчи амнистия халқимиз ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолганини таъкидлаш лозим.

Ўтган даврда Мустақиллик куни муносабати билан 9 марта, Конституция куни муносабати билан 14 марта, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бошқа саналар муносабати билан яна 3 марта амнистия актлари қабул қилинган.

Шу ўринда 2008 йилнинг декабрь ойида ишни судга қадар юритиш бос­қичида шахс­ларга ва маҳкумларга амнис­тия актини қўл­лаш ваколати судга ўтказилганига эътибор қа­ратиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Яъ­ни, шу тариқа мамлакатимизда амнистия актини қўллаш масаласи, жиноят процесси босқичидан қатъи назар, фақат суд томонидан ҳал этиладиган бўлди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва жиноят қонунчилигини эркинлаштириш замирида, авваламбор, инсонпарварлик ва бағри­кенг­лик тамойиллари, жиноят содир этган шахсларга нисбатан кечиримли бў­лиш мақсадлари мужассамлашган. Шу жиҳатдан амнистия — умумий афв бўлиб, олий давлат ҳоки­мия­ти органининг хусусий акти, айрим шахсларни жа­­зодан озод қилиш, жиноят ишини тугатиш ёки жазони енгиллашти­риш тўғ­рисидаги қарори ҳисобланади. Унинг асосида хато қилган ёки қилмишидан пушаймон бўлганлар кечирилади, уларга ҳаётларини тўғри йўлга солиш учун имкон берилади.

Бошқача айтганда, ам­нис­тия актини қўллаш — ғайриқонуний ҳаракатлар содир этган жиноят процесси иштирокчиларидан би­ри бўлмиш гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи учун маълум имконият ва енгилликлар туғдириш мажмуаси, десак, муболаға бўлмайди.

Ҳар йили эълон қилинаётган амнистия актидан кўзланган мақсад — нафақат билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларни жазодан озод қилиш, балки улар туфайли жабр тортадиган ҳар бир оила ва унинг аъзолари, айниқса, ўсиб келаётган норасида ўғил-қизларнинг келгуси тақдирини турли салбий таъсир ва оғир синовлардан ҳимоя қилишдан ҳам иборатдир.

Агар шу вақтга қадар эълон қилинган амнистия актларининг 1-бандига эътибор қаратсак, уларнинг барчасида, айрим чеклашларни ҳисобга олган ҳолда, энг аввало, аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшга тўлган эркаклар ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаролари жазодан озод этилиши назарда тутилганига гувоҳ бўламиз.

— Ҳар бир амнистияда аёлларга алоҳида эътибор қаратилишининг асосий сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

— Маълумки, аёл, энг аввало, меҳрибон она, оила қўрғонининг таянчидир. Бинобарин, оилада, фарзанд тар­бия­сида аёлнинг ўрни катта. Билиб-билмай қилган хатолари, ҳаётда адашганликлари туфайли жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаётган хотин-қизлар ортида ҳам оиласи, фарзандлари ва яқинларининг тақдири турибди. Шу сабабли Олий Мажлис Сенатининг амнис­тия тўғрисидаги қарори хо­тин-қизларга жамият эъ­тиборини қаратишда, адаш­­ганларга эса, яна бир имконият беришда муҳим ҳужжатдир.

Масалан, 2014 йилда эълон қилинган амнистия акти 52 минг 498 нафар шахс­га нисбатан қўлланилди. Шундан 7 минг 865 нафарини аёллар, 1 минг 174 нафарини вояга етмаган шахслар, 681 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 172 нафарини ногиронлар ташкил этгани ҳам юқоридаги фикрни яққол тасдиқлайди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ҳар йили Конституция­миз талаблари асосида қабул қилинаётган ам­нис­тия акти асосида қанчадан-қанча кишилар жазодан озод қилинмоқда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ижроси доирасида маҳкумларни нафақат озодликка чиқариш ва оиласи бағрига қай­тариш, балки уларнинг соғ­лиғи, турмуш шароитларини яхшилаш ҳамда ишга жойлаштириш каби чора-тадбирлар ҳам изчил амалга оширилмоқда. Бу маълумотларга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, ўтган йилги амнистия тўғрисидаги қа­рорга кўра, 3 минг 289 нафар фуқаро бевосита жазони ўташ муассасасидан озодликка чиқарилгани бунга аниқ мисол бўла олади, деб ўйлаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, амнистия тўғ­ри­си­даги ҳужжатнинг қа­бул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши давлатимизда ин­сон ҳуқуқ ва ман­фаат­лари олий қадрият саналишининг, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятида инсонпарварлик тамо­йили устувор эканининг амалий тасдиғидир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.