22.12.2015

КЕЛАЖАККА ДАХЛДОР ВАЗИФАЛАР

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши «Бола сало­мат­лиги аввало, онанинг, оила ва жамиятнинг бахти» мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Унда Президентимизнинг Конс­титуциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни чуқур ўрганиш, уларни амалга оширишда ижтимоий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр юритилди. Соғлом она ва бола йили муносабати билан қабул қилинадиган дастурга электорат манфаатларидан келиб чиқиб, таклифлар тайёрлаш, бу борада партия ташкилотлари ва гуруҳлари олдида турган вазифалар муҳокама этилди.

— Президентимизнинг мус­тақилликка эришганимиздан сўнг соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, биринчи навбатда, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласини ўзимиз учун энг муҳим, устувор вазифа сифатида белгилаб олдик, деган фикрлари айни ҳақиқат эканини, унинг ҳаётий самараларини ҳар биримиз кўриб турибмиз, — дейди Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси ­Раимберган САБУРОВ. — 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши бу борадаги ишларни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида партиямиз олдида ҳам долзарб вазифалар турибди. Партия ташкилотлари, депутатлар, биринчи навбатда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом муҳитни кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиши керак бўлади. Оналар саломатлигини асраш, соғ­лом авлод вояга етиши учун яратилган шароит­ларни янада яхшилаш, бу борада қонунлар ижросини сўзсиз таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйишимиз талаб этилади.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Абдикаримова иштирок этиб, келгуси йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилинишидан кўзланган эзгу мақсад, Президентимиз томонидан давлат ва жамият олдига қўйилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш масалалари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шундан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бирлашиб, Соғлом она ва бола йилида партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг вазифалари, соғлом бола тарбияси, мактаб ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларнинг эрта турмушга узатилиши, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, ёшлар тўгараклари кўламини кенгайтириш масалаларида таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

Санобар БЕРДИЕВА,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши бўлим мудири. 



DB query error.
Please try later.