22.12.2015

ОНАЛИК ВА БОЛАЛИК МУҲОФАЗАДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида оналик ва болаликни ижти­моий муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу йўналишдаги ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё.Умаров, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маъруфова ва бошқалар ­Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалашга қаратилаётган доимий эътибор жамият тараққиётини юксалтиришнинг муҳим омили бўлаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда бу соҳадаги ишларни ташкил этишнинг муҳим ҳуқуқий асослари яратилган. Аёллар ҳуқуқини ҳимоялаш, ижтимоий ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган юздан зиёд қонун ва меъёрий ҳужжат қабул қилиниб, уларда белгиланган вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилиши аёлларнинг оила ва жамиятдаги фаоллигини ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотлардан баҳрамандлик даражасини юксалтиришга хизмат қилаётир.

Мамлакатимизда аёллар саломатлигини асраш, уларга тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш, оилада соғлом фарзанд туғилиши ва камолга етишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу йўналишда белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида бажарилаётгани натижасида она ва бола ўлими ва касалликлари кўрсаткичини кескин камайтиришга эришилди.

Аёллар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини замонавийлаштириш, меҳнат ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш ҳам доимий эътиборда. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ва унинг жойлардаги тузилмалари томонидан бу йўналишда мониторинг тадбирлари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилаётир.

Президентимизнинг Конституция байрамидаги маърузасида бу йўналишдаги ишлар таҳлил этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди. Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофазалашга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, амалдаги қонунлар ижроси юзасидан парламент назоратини кучайтириш, жамиятда қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашга эришиш долзарб вазифалардандир.

Тадбирда оналик ва болаликни ижтимоий муҳофазалашга оид вазифаларни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикрлашилди.

 

Б.ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.