22.12.2015

ЗЕРИКАРЛИ ТАДБИРЛАР

ҳеч кимга фойда бермайди

Жаҳоннинг айрим давлатларида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий беқарорликлар, геосиёсий манфаатлар тўқнашуви авж олаётган бугунги шароитда одамларда фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, ҳар бир кишида мустақил фикр­лаш кўникмасини шакл­лантириш ва мустаҳкамлаш муҳим масала бўлиб турибди. Чунки инсон фуқаролик бурчи ва масъулиятини чуқур ҳис қилса, атрофдаги во­қеа-ҳодисалар моҳиятини теран англаса, унда ўзига ва келажакка ишонч, эл-юрт равнақига дахлдорлик туйғуси кучаяди.

Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу масалага ҳам яна бир бор эътибор қаратилди. Хусусан, аҳо­лини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Маълумки, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб қайтди. ЎзХДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, аҳоли, айниқса, ёшлар мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга катта қизиқиш билан қарамоқда, депутатлар билан учрашувларда фаол иштирок этмоқда. Ёшларда сиёсий жараёнларга, хусусан, сиёсий партиялар ҳаётига бўлган қизиқишни янада ошириш чораларини кучайтиришимиз лозим. Бунинг учун ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини кучайтириш энг муҳим масалалардан биридир.

Айтиш керакки, ЎзХДП Марказий Кенгаши ва ҳудудий партия ташкилотларида мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқув-семинарлар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Партия Марказий Кенгашидан тортиб, то бошланғич ташкилотларга қадар тўрт босқичда олиб борилаётган туркум машғулотларда партия дастурий мақсадларини тарғиб қилишга, юртимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга, шунингдек, мамлакатни модернизациялаш ва демократик янгилаш жараёнларида электорат манфаатлари билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар ва ҳаётий таклифларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Олдимизга қўйган мақсадларимизнинг тўла-тўкис амалга ошишида оммавий-сиё­сий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишларининг ўрни ниҳоятда катта, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Акмал Турсунбоев. Демак, жойларда ўтказиладиган тадбирлар қуруқ расмиятчиликка айланиб қолмаслиги учун кўпроқ ижтимоий масалаларга, аҳолини ўйлантириб турган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилишимиз талаб этилади.

Бугун ижтимоий-сиёсий тадбирларда бир нарсага гувоҳ бўлиш мумкин. Йиғилганлар бир-бири билан мулоқотга киришиб, мавзу юзасидан фикр-мулоҳаза алмашишяпти... Умуман, одамларда фаоллик, жамият миқёсида фикрлаш ҳисси кучайган. Шу боис тадбирлар қанча кўп бўлса, шунча яхши, деган фикрдаман. Бироқ бу мулоҳазадан тадбирни номигагина ўтказса ҳам бўлаверади, деган маъно чиқмаслиги керак. Биз сон кетидан қувиб, самарасиз тадбирларга берилиб кетмаслигимиз лозим. Хўш, тадбирларни таъсирчан ўтказиш, унда кўтирилган мавзунинг иштирокчиларга етиб боришини таъминлаш учун нималарга аҳамият беришимиз зарур?

Менимча, аввало, ҳар бир ўтказилаётган тадбир ёки йиғилишдан кўзланган аниқ мақсад бўлиши лозим. Мақсад кўзланмас экан, ҳар қандай ташаббус, тадбир номигагина бўлиб қолаверади. Тадбирларнинг кун тартибини белгилашда бугуннниг талаби, партиямиз электорати қизиқиши, одамларнинг таклифларидан келиб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Партиямиз тизимидаги тадбир мавзуси ва йўналишини белгилашда шунга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Яна бир масала. Тадбирларда қуруқ маъруза билан чекланадиган, уни ҳам қо­ғозга қараб ўқиб бераётган нотиқларни кўп учратамиз. Бундай ҳолларда тингловчиларнинг диққатини тортиб бўлмайди, аксинча, улар зерикади. Ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, минбарга чиққан мутахассис бўладими, депутат бўладими, улар самимий, одамларнинг кўнглига яқин гапларни гапирмаса, иштирокчиларга қалбан яқинлашмаса, эркин фикр алмашиш муҳитини ярата олмаса, бундай тадбирдан ҳеч кимга наф бўлмайди. Шунинг учун биз тадбирларда имкон қадар баҳс-мунозара уюштирсак, одамларнинг фикри чархланади, муҳокама этилаётган мавзуни ўйлашга, хулоса чиқаришга интилиш кучаяди.

Бугунги кунда партия тизимида ўтказилаётган тадбирларни таҳлил этадиган бўлсак, ­ке­йинги йилларда аниқ мақсад илгари сурилган лойиҳалар асосида тизимли тадбирлар ташкил этилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, «Маҳалла — аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази», «Кексаларимиз фаровон ҳаёти учун масъулмиз» лойиҳалари, шунингдек, «Қонунлар тарғиботи ойлиги» доирасида бўлиб ўтаётган тадбирларда эркин фикр алмашиш муҳити кузатил­япти. Хусусан, партия электорати вакиллари билан мунтазам мулоқотлар уюштирилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиё­сат самаралари, қабул қилинаётган қонунлар бўйича тар­ғибот-тушунтириш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Энг муҳими, борган сари бу йўналишдаги тадбирларнинг таъсирчанлиги ҳам, қизиқувчилар сони ҳам ошиб боряпти.

— Одамлар тадбирга ўзи учун фойдали бир гап, кўнгилга яқин фикр ёки таклиф эшитаман, деб келади, — дейди ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов. — Агар биз уларни маш­ғулотга чақириб, керакли гап ­айтмасак, бундай тадбир жамоатчиликда яхши таассурот қолдирмайди, одамлар кетган вақтига ачинади, бора-бора тадбирлардан безиб қолади. Ҳар қандай йиғинни қизиқарли, қатнашчиларга фойдали тарзда ўтказиш ўзимизнинг қўлимизда. Ҳар бир тадбирда интерактив усуллар, замонавий сиёсий технологиялар имкониятидан кенг фойдаланишимиз керак. Энг аввал, мавзу устида бош қотириб, излансак, шунда янгидан-янги ғоялар туғилади. Гап изланишда ва эринмасдан жон куйдириб меҳнат қилишда, деб биламан.

Мана, масалан, яқинда «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг вилоят босқичини катта тайёргарлик билан кўтаринки руҳда ўтказдик. Танлов қатнашчиларининг саҳнада ўзини тутишидан тортиб, аудиторянинг ўртача ёши, уларни қандай тартибда чиқишларигача эътибор қаратилди. Натижа ёмон бўлгани йўқ. Тўғриси, танлов ғолиблари эълон қилингунча зал тўлиб турди.

— Менимча, тадбирларни қизиқарли ўтказиш учун саволни ҳам, ечимни ҳам аудитория­нинг ичидан қидириш керак. Шундагина иштирокчилар фаол бўлади, чалғимайди, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Муқаддас Раҳматуллаева. — Айтайлик, қонун тарғиботига бағишланган семинарда давра тўрига чиқиб, қонун шарҳини расмий тилда ўқиб бериш керак эмас. Аввал, иштирокчилардан мазкур ҳужжатда ифодаланган ҳуқу­қини қай даражада билишини ёки қандайдир қонун бузилиш ҳолатидан мисол келтириб, энди қандай йўл тутиш лозимлиги бўйича фикрини сўраш яхши самара беради. Қонун содда тилда, имкон қадар тасвирлар, мисоллар ёрдамида тушунтирилса, у ҳақда аниқ тасаввур уй­ғонади. Яна бир гап. Вақти-вақти билан тадбирда иштирок этувчи фаоллар, олим ва мутахассисларни рағбатлантириб туриш ҳам фойда беради.

Бугун одамларнинг дунёга, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга, қолаверса, сиёсий партияларга муносабати ўзгариб, юксалиб бораётганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Шуни ҳисобга олиб, тадбирларимиз, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувлар самарадорлиги ҳақида холис хулоса чиқаришимиз керак бўлади.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.