22.12.2015

САЙЛОВЧИ НИМАНИ ИСТАЙДИ?

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, фуқаролик жамиятини янада ривожлан­тиришда сиёсий партияларнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Бу ўз навбатида сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари зиммасига катта масъулият юкламоқда.

Бугун сиёсий партиялар фракциялари ўзи мансуб бўлган партия электорати манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муаммоларни чуқур ўрганиб, таклифлар ишлаб чиқиб, уларни қонунчиликда акс эттиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятини самарали йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракциясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатларнинг жорий йил 23-26 ноябрь кунлари сайлов округларида олиб борган фаолияти натижалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалалар, ўрганилган маълумотлар атрофлича таҳлил қилинди. Таъкидландики, фракция аъзоларининг сайлов окрукларидаги фаолия­ти давомида сайловчилар билан 266 учрашув, давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди. Уларда фракция аъзолари, аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга батафсил ахборотлар беришга эътибор қаратишди.

Юртимиз эришган, дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётган ютуқ ва марралар, иқтисодиётнинг изчил ривожланаётгани, аҳоли фаровонлиги йилдан-йилга ошиб, жаҳонда мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани, мустақиллик йилларида сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва маънавият, суд-ҳуқуқ тизими, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, олдинда турган муҳим вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, учрашувларда Президентимизнинг шу йил 23 январдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишидаги маърузаси мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Маърузада парламент фаолиятини замонавий талабларни инобатга олган ҳолда тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини ошириш юзасидан белгилаб берилган вазифалар, ўтган вақт мобайнида парламент томонидан бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берилди.

— Жойларда бўлганимизда мамлакатимизда барча жабҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳаётий самаралар бераётганига, фуқаролар уларни ҳар томонлама фаол қўллаб-қувватлаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдик, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Аваз ­Ўринбоев. — Аҳолининг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий фаоллиги, ҳаётга ва меҳнатга муносабати тубдан ўзгараётгани, ён-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси, айниқса, ёшларимизнинг ўзига ва келажакка ишончи ортиб бораётганини кўзимиз билан кўрдик. Қабул қилинган қонунларнинг ижроси, қандай қонунларга эҳтиёж борлиги, аҳоли, хусусан, электорат вакиллари қандай муаммоларга дуч келаётгани ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини ўрганиш сайлов округларидаги фаолиятимизнинг муҳим йўналиши бўлди.

Депутатларнинг қайд этишича, сайловчилар билан учрашувлар очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган. Яна шуниси эътиборга моликки, депутатлар муайян ижтимоий масалаларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бирга жойида ҳал қилишга эришган. Хусусан, фуқароларнинг 380 мурожаати жойида ҳал этилган бўлса, 168 мурожаат маҳаллий давлат органларига, 53 мурожаат эса тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилиши режалаштирилмоқда. Уларда аҳолини табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида берилиши каби масалаларга эътибор қаратилган.

— Фракциямиз аъзоларига банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, ногиронларни квоталанган иш ўринларига жойлаштириш, қишлоқ жойларида йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, чекка ҳудудларда яшовчи кишиларга амбулатория хизматларини кўрсатиш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш масалаларида саволлар ва мурожаатлар бўлган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Собитхон Турғунов. — Биз сайловчилар мурожаатларини ҳал этиш чораларини кўряпмиз, албатта. Лекин шу билан бирга, долзарб ижтимоий масалалар бўйича парламент назоратини кучайтиришимиз, аҳолини ўйлантириб келаётган ҳар бир муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, тизимли ҳал қилишга эришишимиз керак, деб ўйлайман. Шунда сайловчилар билан учрашувларимизнинг самарадорлиги янада ошади.

Фракция аъзоси Қаҳрамон ­Мирзаевнинг айтишича, учрашувлар давомида партиямизнинг устувор дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масаласи ҳам ўрганилган.

— Мазкур йўналишда барча ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, — дейди депутат. — Аммо ютуқлар билан бирга, айрим муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, таълим муассасалари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлаштиришга етарлича эътибор берилмаётган айрим ҳолатлар учрамоқда.

Йиғилишда фракция аъзоларининг сайловчилар билан учрашувларида кўтарилган баъзи масалаларни парламент даражасида кўриб чиқиш талаб этилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг ижросини кучайтириш масаласи долзарбдир. Қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларига бўлган эҳтиёжни ўрганиш ва шундан келиб чиққан ҳолда, бундай муассасаларни барпо этиш масалаларига эътибор қаратиш керак бўлади. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларини кадрлар билан етарли даражада таъминлаш ва малакасини ошириш, махсус мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ўрганиб чиқиб, улар учун индивидуал махсус дастурларни қайта кўриб чиқиш ва қабул қилиш, боғчаларда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг содда ва самарали механизмларини татбиқ этиш, тизимда Давлат бюджети маблағларидан оқилона фойдаланиш масалаларида парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислигига кўра ҳамда улар учун қонунчиликда мустаҳкамланган кафолатли иш ўринларига жойлаштириш масалалари юзасидан парламент назоратини давом эттириш муҳим вазифа экани қайд этилди. Йиғилишда депутатлар 2016 йил мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишга оид дастурлар ижросига эътибор қаратиш, мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш йўналишларида ҳам таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Фракция йиғилишида депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти якуни атрофлича таҳлил этилгандан сўнг тегишли қарор қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.