22.12.2015

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ОЛТИН САНДИЁИ

ёки Навоий кон-металлургия комбинати ишчи-хизматчиларининг матонатли меҳнати ва уларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида

Навоий вилояти илдизлари мозийга туташган Кармана шаҳри, Работи Малик, Нурота каби қадимий манзиллар, Тошмасжид, Чилустун, Кўкгумбаз каби обидалар, Қосим шайх, Ориф Деҳгароний каби азиз-авлиёларнинг муқаддас қадамжоси, бепоён саҳро бағрида Навоий ва Зарафшон, Учқудуқ каби шаҳарлари билан бағри бутун, қадди баланд вилоят. Ўз меҳнатидан барака топаётган инсонлар маскани, олтин, кумуш, пахта, ғалла, қоракўл сингари ноёб бойликларга кон замин.

Вилоят маркази — Навоий шаҳри истиқлол йилларида бунёдкорлик майдонига айланди — кўплаб муҳташам бинолар, обод кўчалар, равон йўллар, хиёбону исти­роҳат боғ­лари барпо этилди.

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигининг ўн йиллигини нишонлаш арафасида улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийга бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуининг очилиш маросимида шундай деган эди: «Бир пайтлар қуш учса, қаноти, одам юрса, оёғи куядиган Қизилқум саҳросини гуллаган воҳага айлантираётган навоийликлар ўз олижаноб ишларингизда, аввало, Навоий даҳосидан руҳ ва илҳом, Навоий қаҳрамонларидан ўрнак ва ибрат олиб яшаётганингиз барчамизга қувонч ва ифтихор бағишлайди».

Бугунги кунда «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий ҳудудидаги янги ишлаб чиқариш тизимлари, ўнлаб саноат корхоналари нафақат Навоий вилояти, балки мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг ошишига хизмат қилмоқда. Ана шулардан бири — рангли нодир металлар қазиб олиш, қайта ишлашда замонавий технологияларни амалда қўллаш бўйича ­дунёда етакчи ўринларда турадиган Навоий кон-металлургия комбинати ҳисобланади.

Корхона ишлаб чиқариш қувватлари кўлами, маҳсулот турлари кўплиги, ходимлар иш ўрни сони, ижтимоий дастурларни молиялаштириш ҳажмига кўра нуфузи баландлиги билан навоийликларнинг фахрига айланган. Тўғрисини айтганда, бу корхона мамлакатимиз ифтихори, десак, ҳеч муболаға бўлмайди.

— Корхонамизда ҳар бир ишчи-хизматчи ўз меҳнатидан қадр топаяпти, — дейди Қизилқум геология-қидирув экспедицияси бошлиғи, халқ депутатлари Зарафшон шаҳар ҳамда Навоий вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Шокириддин ­Искандаров. — Ойлик маош ҳам рўзғорни обод қиладиган даражада. Энг замонавий таълим-тарбия муассасалари фарзандларимиз хизматида. Дам оламиз, даволанамиз десак, сиҳатгоҳларга бепул йўлланма бор.

Экспедициямиз таркибида 370 нафар ишчи ва мутахассис етти участ­када фойдали қазилмалар бўйича қидирув-геология ишларини олиб боради. Уларга дала шароитида ҳам барча қулайликлар яратилган. Хусусан, «Мурунтоғ» қўрғонида ўқув юртини битириб келган мутахассислар учун 120 ўринли ётоқхона, кутубхона, спорт зали мавжуд.

КОНЧИЛАР ШАҲРИ

Қизилқум саҳросининг қоқ марказида жойлашган мўъжиза шаҳар — Зарафшоннинг барпо этилганига ярим аср бўлса-да, унинг Букантов, Уру дараларида аниқланган петроглифлар бу ҳудудда эрамиздан аввалги мингйилликларда ҳам одамлар яшаганини исботлайди. Қирбукан қудуғи ёнидаги қоятошга чизилган одам-қуш сурати дунёнинг бор-йўғи саноқли жойларида учраши ҳам жаҳон олимларида катта қизиқиш уй­ғотиб келаяпти.

1964 йилда Марказий кон бош­қармаси ташкил этилиб, биринчи пойдевор қўйилди. Ҳувиллаган чўл бағрида турар-жойлар қурилиб, одамлар кўчиб кела бошлади.

Бир йилдан кейин бу ерда ­Зарафшоннинг биринчи фуқароси дун­ёга келди. Гўдакнинг шодон чин­қириғи ушбу масканда ҳаёт бошланганини билдирди, одамларни қувонтирди. 1966 йилда дастлабки мактаб фойдаланишга топширилган бўлса, 1972 йилда Зарафшонга шаҳар мақоми берилди.

 Айни пайтда 2,5 минг гектар майдонни эгаллаган шаҳарнинг қарийб 75 минг нафар аҳолисининг ҳар бири зарафшонлик экани билан фахрланади.

— Комбинатнинг Саноат иссиқ сув таъминоти ва оқава сувларни тозалаш цехига ЎзХДП фаоли Мансуржон Қудратов раҳбарлик қилади, — дейди мазкур цех бюроси бошлиғи, халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари Исмат Болтаев. — Тизимда оз эмас, кўп эмас, 787 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Ойлик маошдан кўнглимиз тўқ, фарзандлар учун таълим-тарбия, спорт-соғломлаштириш муассасалари ишлаб турибди. Шунинг учун ишчи-хизматчиларимизнинг кайфияти яхши. Кайфият яхши бўлса, ишда унум бўлади.

Зарафшон саноат минтақаси сифатида мам­лакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Истиқлол йилларида ушбу ҳудуд инфратузилмасини яхшилашда ҳам, саноат корхона­ларини модернизация қилишда ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Натижада НКМК Марказий кон бошқармаси тасарруфидаги бар­ча корхоналарнинг ишлаб чиқа­риш қувватлари ошди, меҳнат унумдорлиги ях­ши­­лан­ди.

Корхонада ҳозирги кун талабидан келиб чиққан ҳолда маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш, инновацион ва рационализаторлик лойиҳаларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Натижада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш асносида бозор талабларини ўрганиш, маҳсулот таннархи ва энергоресурс харажатларини камайтириш бўйича рационализаторлик ғоялари амалиётга татбиқ этилаётир.

Комбинат мустақиллик йилларида энг замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланди, кўплаб корхона ва иншоотлар қурилиб, ишлаб чиқариш линиялари модернизация қилинди.

Комбинат ҳозирги пайтда дунёга машҳур кўплаб хорижий компаниялар билан доимий тижорат ва иқтисодий алоқалар ўрнатган.

— Комбинат бошқарув тизимида юқори компьютер технологиялари, замонавий алоқа-коммуникация ва информацион тизимлар жорий этилган, — дейди корхона матбуот хизмати раҳбари Азамат Зарипов. — Буларнинг барчаси корхонада жаҳон стандартлари даражасида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ишни юқори самарали тарзда ташкиллаштириш имконини бермоқда.

Корхонада 6 нафар фан доктори, 43 нафар фан номзоди ва бош­қа малакали ходимларнинг фаолият кўрсатиши тизимда илмий-тадқ­иқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг ривожланишига жиддий асос бўлаётир.

Навоий кон-металлургия комбинати ривожланиш стратегиясига кўра, жорий йилда мавжуд ички имкониятлардан фойдаланиш туфайли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 10-20 фоизга ошди, энергетика ва хомашё сарфи эса 24 фоизга камайди.

Фарҳод ҳайкалининг айнан ­Навоий шаҳри марказига ўрнатилганлиги том маънода бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорликлар рамзидир. Шаҳарнинг ҳар бир мавзесида такрорланмас меъморий ечимлар асосида қурилган гўзал кошона ва саройлар шундан далолат бериб турибди.

— Фарҳод тоғу тошни қазиб, саҳрога обиҳаёт олиб келган бўлса, кончиларимиз ана шу тоғ-тош бағрида яшириниб ётган хазиналарни қазиб олиб, мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларига ҳиссаларини қўшяпти, — деди Азамат Зарипов. — Президентимиз ҳам «Навоий воҳасини Ўзбекистоннинг олтин сандиғи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз», деб бежизга айтмаган.

МЎЪЖИЗАЛАР ЎЗ-ЎЗИДАН ПАЙДО БЎЛМАЙДИ

— Мамлакатимиз иқтисодиётида ва оғир саноатида катта салоҳиятга эга бўлган Навоий кон-металлургия комбинатида 70 минг нафарга яқин турли миллат вакиллари меҳнат қилади, — дейди комбинат касаба уюшмалари Кенгаши раиси Исроил Раҳматов. — Ишчиларимиз меҳнатини чинакам мўъжизага қиёсласа бўлади. Мўъжизалар эса машаққатли меҳнат, ақл-заковат эвазига яратилади.

Шунга яраша, уларнинг маданий дам олиши, соғлиқларини тиклаши, тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиб, бепул даволанишига алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса, табиийки, меҳнат унумдорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Масалан, «Металлург» сиҳатгоҳида ҳар йили уч минг нафарга яқин ишчи ва фахрийларимиз бепул йўлланма асосида ўз соғлиқларини тиклайдилар. «Фарҳод» маданият саройи, спорт-соғломлаштириш масканлари фақат ишчи-хизматчиларимизнинг фарзандларигагина эмас, балки барча навоийликларга хизмат кўрсатади.

«БУНИ ЎЗ КЎЗИНГИЗ БИЛАН КЎРИШИНГИЗ КЕРАК!»

Азамат «Фарҳод» маданият саройи директорига «сим қоқди»:

— Николай Петрович, меҳмонлар келишган эди, маданият саройи ­фаолияти билан танишсак, дейишаяпти...

Кейин бизларга юзланди:

— Ҳозир гаплашган одамим сарой директори Сисоев, у киши бизларни кутяпти.

Николай Петрович бизни қадр­донларидай кутиб олди.

— «Фарҳод» маданият саройи ташкил этилганлигининг 40 йиллик юбилейига бағишлаб унинг фаолияти ҳақида рисола чоп этганмиз, — деди у бизга биттадан китоб тақдим қилиб. — Лекин эшитган бош­қа-ю, ўз кўзинг билан кўрган бош­қа. Бу ерга келганимга 20 йил бўлишига қарамасдан, ҳар куни янги иш бошлаётган кишидай саройга шошиламан. Бошқа илож ҳам йўқ, вақт эса қараб турмайди. Мана булар менинг қанотларим — Николай Петрович бизга йигитларни таништирди — Шавкат Тўхтаев маънавият-маърифат бўйича, Шерзод Давронов бадиий ижод бўйича ўринбосарларим.

Учқудуқ, Зарафшон, Зармитан, Маржонбулоқ, Нуробод, Зафаробод маданият саройлари ҳам бизнинг тасарруфимизда. Шунинг учун бош қашишга қўл тегмайди.

Маданият саройи бош режиссёри Муҳиддин Кенжаевнинг айтишича, илгари бу масканда 14 тўгарак фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир 76 тага етган. Комбинат ишчи-хизматчиларининг фарзандларидан ташқари Навоий вилояти бўйича шу соҳага қизиққан ўғил-қизлар бу ерда ижод билан шуғулланади. Энг муҳими, бундан тижорат мақсади йўқ, ҳамма тўгараклар бепул.

«ШАХМАТ БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ БЎЛМОҚЧИМАН!»

Комбинатнинг зиё маскани — ахборот-ресурс маркази китобхонлар билан гавжум. Уларга халақит бермаган ҳолда бинонинг иккинчи қаватига — «Қироатхона» деб ёзиб қўйилган бўлимга кўтариламиз. Бу ерда мактаб ўқувчилари, талаба-ёшлар, катталар қироатхонаси алоҳида бўлиб, ўқув ўринларининг бўш турганини кўрмайсиз.

Болалар бўлимида 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўзлари танлаган китоб мутолааси билан банд. Иккита боланинг ўртасида шахмат тахтаси, доналар «жанг» мақомида, қўлларида эса қандайдир китоб-қўлланма. Секин разм солсам, машҳур шахмат устаси Эммануил Ласкарнинг «Шахмат ўйини дарслиги».

— Мен шаҳардаги 16-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Мурод Рўзиевман, — дейди улардан бири. — Рақибим — 8-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Улуғбек Турсунов. Биз мана шу китоб-қўлланма асосида шахмат сирларини ўрганяпмиз. Мақсадим — жаҳон чемпиони бўлиш!

— Мен ҳайвонлар ҳақидаги топишмоқларни ўрганяпман, — дейди 1-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Мадина Зайниддинова.

— Мен эса шеър ёдлаяпман, — дейди унинг дугонаси, 2-синф ўқувчиси Дилюз Абдукаримова.

Тўғриси, жажжи ширинтойларнинг китобга бунчалик қизиқишини кўриб, кўнгил осмон қадар юксалди.

— Қироатхонамизда 40 ўқув ўрни бор, — дейди болалар бўлими мудири Сожида Нуруллаева. — Унга истаган ўқувчи аъзо бўлиши, истаган китобини топиб ўқиши мумкин. Бундан ташқари, кутубхонага аъзо бўлган ўқувчиларга уйида ўқиши учун маълум муддатга китоб берилади.

Катталар бўлими мудири Нодира Нуримованинг айтишича, кутубхона умумий фонди 226 мингни ташкил қилади. Яқинда яна 26 минг китоб харид қилиниб, зиё маскани хазинаси бойитилди.

СОҒЛОМ ЧЕҲРА ЧАРОҒОН БЎЛАДИ

Бизни «Металлург» сиҳатгоҳининг бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Дилмурод Рўзиев кутиб олиб, сиҳатгоҳ бўйлаб кичик «экскурсия» уюштирди.

— Муассасамиз 150 ўринга мўлжалланган, умумий ҳудуди 22 гектардан иборат, — дейди бош шифокор. — Комбинат ишчи-хизматчилари, фахрийлари бепул йўлланма билан келиб, 18 кун мобайнида ўз соғ­лиқларини тиклаб кетадилар. Ўтган йили комбинат касаба уюшмаси кўмаги билан Англиядан умуртқа поғонасини чўзадиган иккита ускуна олиб келдик. Лазер нури билан даволаш, магнитотерапия, УВЧ, олти каналли электрокардиограф ускуналари ҳам янги олиб келинган. Илгари юрак хасталиги билан оғриган беморларни шаҳар тиббиёт масканига жўнатишга мажбур бўлардик. Ҳозир битта ҳамшира ва иккита кардиолог шифокоримиз шу ернинг ўзида беморларни даволаяпти.

 Соғлом одамнинг чеҳраси чароғон бўлади. Комбинатда 44 йил меҳнат қилган фахрий Мустафо Эргашевнинг сиҳатгоҳга 12-марта келиши экан. У бу ерда яратилган қулайликлар, даволаш усуллари, ҳамшира ва врачларнинг ширинсўзлигидан мамнун. Султон Шамсиев эса комбинатга қарашли Зафарободдаги 5-кон бошқармасидан келиб, ўз соғлиғини тиклаяпти. Жанубий кон бошқармаси бурғуловчиси бўлиб 40 йил ишлаган Ҳикмат Раҳмонов, назоратчи Акмал Иззатуллаев ҳам Мус­тафо аканинг фикрини маъқуллашди.

— Тиббиётда инсон касалликка чалинмасдан туриб, унинг олдини олиш дастури бор, — дейди Дилмурод ака. — Сиҳатгоҳга келган ишчи-хизматчиларни шу асосда даволаймиз. Мижозларимиз сув ҳарорати 28 даража бўлган ёпиқ бассейнда эрталаб соат 6.00 да сузишади, 2 сауна, совуқ сувли ҳовуз улар хизматида.

Сиҳатгоҳ фаолияти комбинат раҳбарияти томонидан доимий назорат қилиниб борилади. Ўтган йили ­муассаса хоналарига 70 дона замонавий телевизор қўйилди. Бинонинг тўртинчи қавати тўла таъмирдан чиқарилиб, қолган қаватларда таъмирлаш ишлари давом этяпти. Иситиш тизимлари бутунлай бошқатдан янгиланди.

Сиҳатгоҳ ҳудуди қишда ҳам, ёзда ҳам ям-яшил бўлиб туради.

— Икки йил аввал сиҳатгоҳ ҳудудига хушманзара дарахт кўчатлари ўтқазган эдик, — дейди бош шифокор. — Ҳозир яна минг туп кўчат учун жой тайёрлаб қўйдик.

Сиҳатгоҳга туташ жойда қурилиши тугамаган уч қаватли бинода усталар қўли-қўлига тегмай ишлаяпти. «Ҳорма, бор бўл»дан сўнг бош шифокор бизга изоҳ берди:

— Мана бу қўшимча бино қурилиши кўп йиллардан буён тўхтаб қолганди. Раҳбарият ёрдами билан етарли даражада маблағ ажратилиб, якуний ишлар давом этяпти. Худо хоҳласа, яқин олти ой ичида уни ҳам ишга тушириб, бир корпусдан иккинчи корпусга ўтадиган ички коридор қурамиз. Шунда мижозларимиз муолажа олиш учун ташқарига чиқиб юрмайди. Режаларимиз кўп. 200 ўринга мўлжалланган ошхонани ётоқхона ёнига кўчирамиз. Янги бинода балчиқ, қум, йодобромли сув билан даволашни йўлга қўямиз. Руҳий-ҳиссий босимдан халос бўлиш хоналарини очамиз. Конимехда туя наслчилик фермаси бор, ўша ердан олиб келинадиган туя сути билан даволашни ташкил қилмоқчимиз. Француз олими номи билан «Виш ваннаси» деб аталадиган асаб тизимларини даволайдиган иккита ускунага буюртма бериб қўйганмиз.

ҚОЗОНИНГИЗ УЧТАМИ?

Вақт тушликдан ошиб қолганда бош шифокор қўярда-қўймай таомлардан татиб кўриш учун бизни ошхонага бошлади. Сиҳатгоҳ бош ошпази Рўзи Ҳамроев бу соҳада 22 йиллик иш тажрибасига эга. У дастурхонни биринчи, иккинчи, учинчи... пар­ҳез таом билан тўкин қилди.

— Нима, қозонларингиз учтами? — дея ҳазиллашдим.

— Йўқ, қозон ўн саккизта, — деди бош шифокор жиддий оҳанг­да. — Мижозларнинг таъбига қа­раб алоҳида-алоҳида таом тайёрланиб, тарқатилади. Даволовчи шифокор қайси қозонга қанча масаллиқ солинишини бошида туриб назорат қилади. Ҳар бир таом сифати доимий фаолият кўрсатадиган даволаш-назорат комиссияси аъзолари томонидан баҳолаб борилади.

ДОСТОНЛАРГА СИҒМАЙДИГАН ЯНГИЛИКЛАР

— Комбинат раҳбариятининг ишчи-хизматчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб бораётган ишлари жуда серқирра, буни битта мақола билан қамраб олиш қийин, — деди сиҳатгоҳдан қайтаётганимизда Азамат Зарипов. — Биргина Зарафшон шаҳрида бунёд этилган «Ак­вапарк»­нинг ишга туширилиши ёки Учқудуқ туманида Шимолий кон бошқармаси томонидан ёш оилалар учун фойдаланишга топширилган 48 хонадонлик кўп қаватли уй-жойда ўтказилган уй тўйлари қувончи ҳақида катта бир достон ёзса арзийди.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Дав­лат дастури ижросини таъ­минлаш бора­си­да кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Меҳнат фахрий­лари, ёлғиз кек­салар, ногиронлар, иж­тимоий ҳи­мояга муҳ­тож оилалар ҳоли­дан хабар олиб ту­риш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш комбинат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоянинг яна бир қирраси ҳисобланади. Нурота туманида комбинатнинг «Дўстлик» агрофирмаси томонидан ташкил этилган 100 гектарлик мевазор боғ ҳам «Нуронийлар боғи» деб аталибди.

Навоий кон-металлургия комбинати иқтисодий кўрсаткичларининг йилдан-йилга юксалиб бориши ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг оиласи, фарзандлари учун муносиб турмуш шароити яратиб бериш имкониятини ҳам кенгайтирмоқда.

Навоийликлар Президентимиз айт­ганидай, «бағрида беҳисоб табиий бойликларни — олтин ва кумуш дейсизми, мармар ва фосфорит дейсизми, уран ва кварц дейсизми, феруза ва оҳактош дейсизми — мухтасар айтганда, ўзида бутун Менделеев жадвалини мужассам этган саховатли замин»да фидокорона меҳнат қилиб, орзу-ниятлари ушалиб, ҳаётдан рози бўлиб, шоду хуррамлик билан яшашмоқда. Буюк бобомиз «Фар­ҳод ва Ширин» достонида битган қуйидаги сатр­лар айнан уларга бағишлангандай:

Бу ишким, биз демай бунёд этибсен,

Бағоят кўнглумизни шод этибсен!

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 



DB query error.
Please try later.