22.12.2015

Истеъдод ва маҳорат эътирофи

“Истиқлол” санъат саройида маданият, санъат, спорт, журналистика ва бадиий ижод соҳаларидаги “Эътироф – 2015” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий-маърифий жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёнида навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, уларда мустаҳкам ҳаётий позиция, бадиий тафаккурни шакллантиришнинг муҳим шарти сифатида маданият, санъат, спорт ва бадиий ижод соҳаларини изчил равнақ топтиришга доимий эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Эътироф» мукофоти мумтоз қўшиқ, миллий эстрада, рақс санъати, жаҳон мусиқа мероси, театр ва кино санъати, адабиёт, мусаввирлик, миллий ва замонавий дизайн, журналистика йўналишларида соҳа равнақига ҳисса қўшаётган, изланиш ва ютуқлари билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган, миллий маданиятимиз ва санъатимизни дунё миқёсида кенг тарғиб этаётган ижодкорлар фаолиятини халқимизга яқиндан таништириш имконини бермоқда. 

Мукофотга йил давомидаги ижодий изланишлари, юксак савияда яратилган, миллий қадриятлар тарғиботи орқали маънавиятимизни бойитишга хизмат қиладиган асарлари, ижро этган роллари, спорт мусобақаларидаги юқори натижалари кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилган тегишли соҳа вакиллари улар фаолият кўрсатаётган тизим ташкилотлари томонидан тавсия этилади. 

«Эътироф – 2015» мукофотига тавсия этилган номзодлар «Театр, кино ва оммавий томошалар», «Эстрада, анъанавий, опера хонандалиги, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати», «Тасвирий ва амалий санъат», «Бадиий ижод, журналистика ва телевидение», «Спорт», «Эътибор, эҳтиром, эъзоз» каби олти йўналиш асосида йигирма уч номинация бўйича аниқланди. 

...Чорлов мусиқаси янграйди. Замонавий ва мумтоз куй-қўшиқларнинг сара намуналари томошабинларни ўзига жалб этади. Улкан мониторда турли номинациялар бўйича тавсия этилган номзодларнинг фаолиятига оид лавҳалар намойиш этилади. 

2015 йил мамлакатимиз маданий ҳаётида ғоят бой ва сермаҳсул кечди. Қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Шарқ тароналари» X халқаро мусиқа фестивали мусиқашуносларнинг ўзаро мулоқот ва маҳорат майдонига айланиши билан бирга, миллий санъатимизнинг анъана ва мактабларга нечоғли бой эканини намойиш этди. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри 86-ижодий мавсумини янгиланган, янада кўркам ва муҳташам қиёфа касб этган бинода бошлади. 

Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри иштирокидаги «Баҳор симфонияси» концерти юртимиз ва хорижлик санъат ихлосмандларига ғоят манзур бўлди. «Ёшлик баҳори» ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-танлови, театр, кино, рақс, анъанавий хонандалик ва мусиқа ижрочилиги каби йўналишлардаги кўплаб ижодий лойиҳалар янгидан-янги истеъдод соҳибларини кашф этди. 

– Осмони мусаффо, тонглари осуда ва нурли, ҳаёти бахтиёр ва саодатли, халқи аҳил ва ҳамжиҳат юртдагина санъат ва маданият, бадиий ижод, спорт гуллаб-яшнайди, – дейди «Йилнинг энг яхши бастакори» номинацияси ғолиби Ойдин Абдуллаева. – Камтарона меҳнатларим эътирофга муносиб топилганидан ғоят мамнунман. Ушбу мукофот кўпроқ изланишга, ёшлар тарбияси, онгу тафаккурини ёт ғоялардан асраб-авайлаш йўлидаги масъулиятни чин юракдан англаб, янада фаол ва фидойи бўлишга чорлайди. 

– Юртимизда ёшлар камолоти йўлида кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборни доим ҳис этиб келмоқдамиз, – дейди «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинацияси ғолиби Жасур Жумаев. – Ижодкор эътибордан чинакам илҳом ва рағбат, маънавий қувват олади. Меҳнатимизнинг шундай юксак эътирофи улкан бахтдир. 

Тантанали кечада турли номинациялар бўйича совриндорларга «Эътироф – 2015» мукофотининг статуэткаси, диплом ва совғалар топширилди. 

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги катта концерт дастури кечага янада файз бағишлади. 

Назокат Усмонова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА


DB query error.
Please try later.