22.12.2015

Гулистон шаҳри ҳақиқий гулистонга айланмоқда

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят маркази, шаҳар ва қишлоқлари қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 5 март куни Сирдарё вилоятига ташрифи вилоят ҳаётида янги босқични бошлаб берди. Давлатимиз раҳбари сирдарёликлар билан учрашувда кейинги йилларда Гулистон шаҳрида 380 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани, жумладан, 2 миллиард 200 миллион сўм маблағ ҳисобидан 18 та дренаж қудуқлари реконструкция қилингани, 15 километрлик очиқ ва ёпиқ зовурлар тозалангани бу шаҳар учун ўткир муаммо бўлган сизот сувлари сатҳини сезиларли даражада, яъни 30 сантиметрга пасайтириш имконини берганини таъкидлади. Вилоятни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, Гулистон шаҳрини ҳақиқий гулистонга айлантириш бўйича қатор режа ва мақсадларни баён этди. 

Орадан тўрт кун ўтиб – 2015 йил 9 мартда Президентимизнинг «2015-2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармойиши эълон қилинди. 

Гулистон шаҳрини ривожлантиришда ер ости суви сатҳини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганининг сабаби бор. Маълумки, ер ости суви ер юзасига яқин бўлган жойда бино қуриб бўлмайди, дарахт ҳам тузукроқ ўсмайди. Собиқ тузум давридаги ўйламай, ҳисоб-китобсиз режалаштириш оқибатида Гулистон шаҳри айнан шундай ҳудудда қурилган. Шаҳар денгиз сатҳидан пастда, вилоятнинг бошқа жойларига нисбатан ҳам ботиқ ерда жойлашган. Шунинг учун шаҳардаги кўплаб сув тармоқлари, жумладан, «Дўстлик» канали ҳам икки ёндан тупроқ уюлиб, ер устидан ўтказилган. Йиллар давомида улардан сизиб чиққан сизот сувлари аҳволни янада қийинлаштирган. 

Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармойиши бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, турли идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат Республика комиссияси тузилди. Комиссиянинг бундай кенг таркибда тузилгани ва зарур мутахассислар жалб этилгани ишни самарали ташкил этиш имконини берди. 

Аввало ҳудудда илмий гидрогеологик тадқиқотлар ўтказилди. 140 кузатув қудуқлари орқали Гулистон шаҳри остидаги сув сатҳи ўрганилиб, уни пасайтиришнинг энг мақбул йўллари аниқланди. Шаҳарни замонавий қуришнинг бош режаси ишлаб чиқилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 4 сентябрдаги қарори билан 2015-2019 йиллар даврида ижтимоий, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан комплекс ҳолда ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сизот сувлар сатҳини пасайтириш, Гулистон шаҳрини архитектуравий-режали қуришни тубдан янгилаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Ўша кунданоқ аҳоли ҳаёт сифати, вилоят тараққиёти билан боғлиқ ушбу дастурни амалга оширишга киришилди. Бугунги кунда дастлабки вазифалар бажарилиб, ўз самараларини бера бошлади. «Дўстлик» каналининг Гулистон шаҳридан ўтадиган қисмини бетонлаш ишлари якунланди. 

Сирдарё вилояти фаоллари, нуронийлар ва ёшлар 19 декабрь куни бу ерда амалга оширилган реконструкция ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. 

«Дўстлик» канали Сирдарёдаги «Фарҳод» гидроэлектростанциясининг ташлама каналидан сув олади. Узунлиги 117 километр бўлган канал 236 минг гектардан зиёд майдонга обиҳаёт беради. Шу боис қишлоқ хўжалиги экинларини узлуксиз суғориш мақсадида аввал айланма канал қазилди. Сўнг «Дўстлик» каналининг суви тўхтатилиб, қолдиқ сувлар насос ёрдамида чиқариб ташланди. 

Бетонлаш ишларига энг малакали муҳандис ва қурувчилар, замонавий техникалар жалб этилди. Дастлаб канал туби металл конструкциялар билан мустаҳкамланди. Шағал тўкилиб, бетон ётқизилди. Фильтрацияни камайтириш учун плиталар орасига эни бир метрлик геомембрана қўлланилди. Эни 50, чуқурлиги 8 метр бўлган каналнинг шаҳардан ўтадиган қисми тубдан қайта таъмирланди. 

Канал остидан узунлиги 115 метр бўлган икки қаторли дюкер қурилди. 261 километрлик очиқ коллектор-дренаж тармоғи қайта тикланди. Янги ёпиқ дренажлар, мелиоратив насос станциялари барпо этилди. 

Бундан ташқари, коллекторларда сув туриб қолишининг олдини олиш мақсадида чуқур дюкерлар қурилди. Дренаж тармоғидаги сувларни темир ва автомобиль йўллари остидан олиб ўтиш учун уларга таъсир ўтказмаган ҳолда, мураккаб технология асосида қувурлар тортилди. 230 метр узунликдаги металл қувурлар монтаж қилинди ва 3 сув ўтказиш назорат қудуқлари қурилди. 

Бундай тизимли ишлар самарасида шаҳардаги ер ости суви сатҳини 1,5 метргача пасайтиришга эришилди. 2015 йилнинг март ойида ер ости сувлари сатҳи ўртача 0,9-1,2 метрни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 1,7-2,5 метргача пасайган. 

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар Гулистон шаҳри аҳолисининг ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда, кўнглини тоғдек кўтармоқда. 

– Собиқ тузум даврида фақат пахта ҳақида ўйланган-у, пахта етиштирувчи одамларни ҳеч ким ўйламаган, – дейди меҳнат фахрийси Рауф Абдураҳмонов. – Чўлда пахта етиштириш учун тортилган «Дўстлик» канали ва унинг захида яшаб келган гулистонликлар ҳаёти бунга мисол. Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида бу ҳолатни қалбидан, юрагидан ўтказиб гапирди. Тез кунларда катта комиссия тузилиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. «Дўстлик» канали чиройли қилиб бетонлаштирилди. Атрофига дарахтлар ўтқазилиб, одамлар дам оладиган сўлим сайилгоҳга айлантирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, «Дўстлик» илгари пахта канали эди, энди ҳақиқий халқ каналига айланди. 

– «Дўстлик» каналини кенгайтириш ишларида иштирок этганман, – дейди профессор Виктор Духовний. – Канал атрофидаги уйларнинг оғир аҳволи сира ёдимдан чиқмайди. Ёзда дим, қишда зах бўларди. Хоналардан намчил ҳид келарди. Хуллас, аҳоли тарих хатосидан азият чекарди. Президентимиз ташаббуси билан каналнинг замон талаблари асосида қайта таъмирлангани гулистонликлар учун тарихий воқеа бўлди. 

Ер ости сувининг меъёрдан юқори бўлгани турли тиббий-ижтимоий муаммоларни ҳам юзага келтирарди. Турар жойлар ва кўп қаватли уйлар ертўлаларида сизот сувлар, очиқ майдонларда эса кўлмак сувлар тўпланиб қоларди. 

– Марказимиз «Дўстлик» каналининг ёнида жойлашган, – дейди Сирдарё вилояти Реабилитация маркази бош шифокори Татьяна Рюхина. – Биноларимиз ертўласида доим сув бўларди. Захлик даражасининг юқорилиги, чивинларнинг кўплиги турли касалликларни келтириб чиқарарди. “Дўстлик” каналининг қисқа фурсатда бетонлаштирилгани, дренаж тизими яхшилангани самарасида ер ости суви сатҳи сезилари даражада камайди. Шаҳардаги санитарик-гигиеник ҳолат тубдан яхшиланди. Бу аҳоли саломатлигига, жумладан, марказимиз фаолиятига ҳам ижобий таъсир қилади. 

– Илгари уйларимиз захлигидан келинларимиз, қизларимиз кўпроқ қийналарди, – дейди 13-умумтаълим мактаби директори Зулхумор Холиқова. – Зах оқибатида болаларимиз тез-тез касалликка чалинар эди. Президентимиз раҳнамолигида қисқа муддатда амалга оширилган ишлар натижасида бугун шароит бутунлай ўзгарди. Одамлар, айниқса, оналар ўзини хотиржам ҳис этмоқда. Бунинг учун сирдарёлик барча оналар номидан давлатимиз раҳбарига чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. 

Вилоят ҳаётидаги ушбу тарихий воқеа муносабати билан Гулистондаги Ёшлар марказида тантанали тадбир бўлиб ўтди. 

Уни Сирдарё вилояти ҳокими О.Ашурматов очди. Сирдарё вилояти изчил ривожланаётгани, қишлоқ хўжалиги экинлари майдони оптималлаштирилаётгани, шаҳару қишлоқлар обод бўлиб, одамларнинг бугунги ва эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. 

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Ш.Ҳамроев, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А.Тўхтаев, Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа илмий-текшириш институти бош директори Й.Маърупов, «Ўзшаҳарсозлик» лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти бош директорининг биринчи ўринбосари Ш.Шоназаров ва бошқалар Сирдарё вилоятида мелиоратив ҳолатни яхшилаш, Гулистон шаҳрида ер ости суви сатҳини пасайтириш борасида қилинган ишлар, бош режа асосида шаҳарда амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева, Сирдарё насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси етакчи мутахассиси П.Дўстмаматов ва бошқалар Гулистон шаҳрининг қиёфасини янгилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ҳаёт сифатини оширишга қаратаётган эътибори учун вилоят аҳли номидан Президентимизга миннатдорлик билдирди. 

– Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча йирик шаҳарлари бош режа асосида қайта қурилмоқда, – дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Солижон Қудратов. – Гулистон шаҳримизда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бир вақтлар “одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куяди” деб таърифланган чўл бағридаги шаҳримиз бугун исмига монанд гулистонга айланмоқда. Бундай бунёдкорлик ишлари “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга амалий жавобдир. 

– Ер ости сувининг баландлиги кундалик турмушимизда кўп қийинчиликлар туғдирарди, – дейди гулистонлик меҳнат фахрийси Даврон Муниров. – Иморат қуришга ҳадиксирардик, захдан шўрланиб кўчган деворларни сувайвериб силламиз қурирди. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаб бўлмасди. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган ишлар бундай муаммоларга чек қўйди. Энди бемалол чиройли иморатлар қуришимиз, боғлар яратишимиз мумкин. Гулистонимиз мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларидан қолишмайдиган замонавий шаҳарга айланмоқда. Шундай олижаноб ишларга бош-қош бўлаётган Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз. 

Гулистон шаҳридаги ер ости суви сатҳини пасайтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Дренаж тармоқларига ўрнатилган замонавий технология асосида шаҳар остидаги сув сатҳи мунтазам мониторинг қилиб борилади. Мавжуд мелиорация ва ирригация инфратузилмаси такомиллаштирилади. 

Кейинги йилларда вилоят бўйича 3 минг 905 замонавий уй-жой, Гулистон шаҳрида 97 кўп қаватли бино барпо этилади. 1 минг 165 километр сув тармоқлари янгиланади ва реконструкция қилинади. Қарийб 400 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Гулистон шаҳрининг бош режасига мувофиқ шаҳар ҳудуди кенгайтирилади. Бу ерда янги таълим ва тиббиёт муассасалари, санъат ва спорт саройлари, йўл ва кўприклар, замонавий саноат корхоналари барпо этилади. «Дўстлик» канали атрофи сайилгоҳга айлантирилиб, истироҳат боғи билан яхлит ансамблни ташкил этади. 

Бундай кенг кўламли бунёдкорлик самарасида Сирдарё вилояти, хусусан, Гулистон шаҳри янада гўзал ва обод масканга айланади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, асрлар давомида қақраб ётган Мирзачўлни ўзлаштириб, уни боғу бўстонга айлантиришда ўзининг нималарга, қандай улкан ишларга кодир эканини амалда намоён этаётган, меҳнаткаш, бир сўзли, бағрикенг Сирдарё эли ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта эришади. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди. 

Анвар Самадов, Бекзод Ҳидоятов, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА


DB query error.
Please try later.