Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
22.12.2015

ПИРОТЕХНИКА ВОСИТАЛАРИ

ноқонуний тарзда мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилишига йўл қўймайлик

Бугунги кунда дунё миқёсида кўнгилочар ва бош­қа маиший мақсадларда ишлатиладиган пиротехника буюмларидан фойдаланиш кўламининг тобора ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, янги йил кириб келиши олдидан мазкур масала янада долзарблашади. Бу эса ўз ўрнида пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг ошишига ҳамда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий саломатлигига жиддий хавф туғилишига олиб келади.

Ҳукуматимиз томонидан республика ҳудудига пиротехника воситаларини ноқонуний кириб келиши ва айланишининг олдини олиш, шунинг­дек, оммавий-маданий тадбирларни ўтказилишида хавфсизликни таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан божхона органлари томонидан муайян ва мақсадли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

— Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун пиротехника буюмлари муомаласи бўйича самарали давлат назорати ўрнатилишида, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга, хусусан, уларнинг саломатликлари ва жамоат хавф­сизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати катта инспектори Ҳусан Тангриев. — Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати»га пиротехника буюмларини (ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлардан таш­қари) яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилиш билан боғлиқ фаолият ҳам киритилди. Қолаверса, пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласи юзасидан маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг кучайтирилиши бу борада божхона органлари зиммасидаги масъулиятни янада оширди.

Мамлакатимиз божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда бу борадаги қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида доимий чора-тадбирлар кўриб бормоқда. Натижада жорий йилнинг 14 декабрига қадар мазкур йўналишда 62 марта божхона қоидабузарликлари аниқланган ва қиймати 55,6 миллион сўмлик 659 минг донадан ортиқ пиротехника воситалари ноқонуний равишда республикамиз ҳудудига киритилишининг олди олинган.

Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ғишткўприк» чегара-божхона мажмуаси орқали республикамизга пиёда тарзида кириб келаётган Янгийўл туманидан Мақсуда Намозованинг (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) безовталаниши божхоначиларда шуб­ҳа уй­ғотди. Шундан сўнг ушбу аёл холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, у эгнидаги курткасининг ички чўнтакларига 360 дона пиротехника воситаларини яшириб олгани фош қилинди. Ушбу қоидабузар аёл қиймати 360 минг сўмлик салкам 300 грамм оғирликдаги мазкур пиротехника буюмларини йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилмасдан туриб, олиб ўтишга уринган экан. Шунингдек, яна ушбу чегара-божхона мажмуаси ходимлари томонидан андижонлик Муниса Маъмурованинг ҳам қинғир қилмишларига чек қўйилди. Унга тегишли қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, улар орасида қонунга зид равишда олиб ўтилаётган қиймати 100 минг сўмлик 0,5 кг оғирликдаги пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги пиротехника буюмларининг ноқонуний олиб кирилишининг олди олинди.

Фарғона туманининг қўшни давлатга чегарадош ҳудудида истиқомат қилувчи Ботир Саломов бошқарувидаги «Тико» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг салони ва юкхонасида божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 957 қутида 57 минг дона пиротехника воситалари ноқонуний равишда республикамиз ҳудудига олиб кирилаётгани фош қилинди. Даст­лабки суриштирувларга кўра, қиймати 3,8 миллион сўмлик 57 кг. оғирликдаги мазкур пиротехника воситалари шаҳрихонлик Дилдора Норбековага тегишли эканлиги аниқланди. Ушбу ҳудудда Холиқ Юсупов бошқарувида ҳаракатланаётган «Хундай-Портер» автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда 2,5 мингдан ортиқ қутиларда пиротехника воситалари ноқонуний равишда олиб кирилаётганлиги аниқланди. Қиймати 10 миллион сўмдан ортиқ бўлган мазкур пиротехника буюмларининг умумий оғирлиги 154,5 кг.ни ташкил қилди.

Қашқадарё вилояти божхона бош­қармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида яширин равишда сақланаётган йирик миқдордаги пиротехника воситалари фош этилди. Олинган тезкор маълумотлар асосида Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи бир-бирига қариндош фуқаролар Боймуродовларнинг хонадонлари амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 436 минг донадан ортиқ пиротехника воситалари тегишли ҳужжатларсиз яширин равишда сақланаётганлиги маълум бўлди. Ҳозирда ушбу барча ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда юртдошларимизга пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига оид ва бошқа божхона қоидабузарликлари юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 120-76-27 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтмоқчи эдик. Ҳудудий божхона бошқармалари ишонч телефонларининг тўлиқ рўйхатини эса www.customs.uz сайтидан олиш мумкин. Унутманг, бу билан сиз Янги йил арафасида ўзингиз, оилангиз, қўни-қўшнингиз ва юртдошларимиз саломатлиги ҳамда хотиржамлигини таъминлашга ҳисса қўшган бўласиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади. 



DB query error.
Please try later.