19.12.2015

БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ — ПАРТИЯНИНГ АСОСИЙ ТАЯНЧИ

Ўзбекистон ХДП тизимида бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш, уларни партия ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб этувчи воситага айлантириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жойларда қатор тадбирлар ўтказилаётир.

Партиямиз Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мус­тақил институти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида Оҳангарон туманида бўлиб ўтди. «Бошланғич партия ташкилотлари иш фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасидаги амалий ишлар, мавжуд муаммо ва ечимлар» мавзусида ўтказилган мазкур семинарда партия фаоллари, депутатлар, мутахассислар ҳамда бошланғич ташкилотлар етакчилари ўзаро фикр алмашишди.

Сўзга чиққанлар бошлан­ғич ташкилотлар иш самарадорлигини ошириш, ҳудудларда электоратни ўйлантираётган муаммоларни атрофлича ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудий кенгашлар, депутатларнинг қуйи бўғин билан ишлашни такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

— Оҳангарон туманида ЎзХДПнинг 4 мингга яқин аъзоси бор. Улар 62 бошланғич ташкилотга бирлашган, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сирожиддин Аъзамов. — Биз уларнинг кучи ва салоҳиятидан фойдаланиш, яхши ишлаётган қуйи бўғинлар тажрибасини оммалаштиришга ҳаракат қилаяпмиз. Партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ўтказиладиган сиё­сий ўқув машғулотлари, семинар-тренинг ва давра суҳбатларини кўпроқ бошланғич ташкилотларда ташкил этяпмиз. Натижада қуйи бўғин фаоллиги ошиб бормоқда.

Яқинда тумандаги бошланғич ташкилотларда келаси йили амалга оширилиши зарур бўлган ишлар режаси ишлаб чиқилди. Унда давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказиш, депутатлар ва тегишли идоралар вакиллари ҳамкорлигида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этиш, электорат манфаатларига доир таклифларни юқори партия ташкилотларига изчил бериб бориш каби вазифалар белгилаб олинди.

Аввал ҳам таъкидланганидек, қуйи бўғин ҳудуддаги муаммоларни ўрганиб, юқори ташкилотларга олиб чиқса, партия гуруҳларига уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритса, одамларнинг партияга ишончи янада кучаяди. Бошланғич ташкилот одамлар орасида иш юритади, уларни нима ўйлантиргани, ислоҳотларга муносабати қандайлигини яхши билади. Демак, улар фаолиятини намунали ташкил этиш орқалигина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Маълумки, бошланғич ташкилот фаолиятидаги устувор вазифалардан бири аъзолар, тарафдорлар, электоратнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганишдан иборат. Партия фаолларининг таъкидлашича, тумандаги бошланғич ташкилотлар аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ таклифларни туман партия кенгаши орқали халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳига етказиш бўйича кўплаб ташаббусларни илгари суриб келяпти. Шунингдек, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўқувларни, эркин мулоқотларни кўпроқ ўтказиш, аъзоларнинг фикрларини тинглаш ҳамда муҳокама этишга кенг ўрин берил­япти.

— Бошланғич ташкилотлар фаолиятидаги устувор вазифалардан бири — аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, электорат манфаатларига хизмат қиладиган таклифларни ишлаб чиқиб, партия маҳаллий кенгашларига киритишдан иборат, — дейди Оҳангарон туманидаги ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Салтанат Шодарова. — Маҳалламизда партиямизнинг 90 дан ортиқ аъзоси бор. Сиёсий ўқувларда эркин мулоқот, учрашувларни кўпроқ ўтказишга кенг ўрин бер­япмиз. Энг муҳими, бу тадбирлар партиямиз аъзолари ва электорат вакилларида ислоҳотлар тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тажрибадан келиб чиқиб, партия­миз электоратининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ўқувларни айнан бошланғич ташкилотларда тизимли равишда ўтказиш зарур, деб ҳисоблайман. Бу орқали фуқаролар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини чуқур анг­лаб етиши ҳамда ҳимоя қила олиш қобилиятини ривожлантиришга ҳисса қўшган бўламиз.

Тадбир давомида бошлан­ғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, электорат билан ишлашда замонавий сиёсий технологиялардан кенг фойдаланишга доир таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Наврўз ШОДМОНҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.