19.12.2015

ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИШ

партия ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар зиммасига масъулиятли вазифаларни юклайди

Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси кенг жамоатчилик, хусусан, партиямиз ташкилотлари ва гуруҳларида катта қизиқиш билан ўрганиб чиқилмоқда ва тегишли вазифалар белгилаб олинмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам Президентимиз маърузасида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялардан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида сўз борди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов аввало, Президентимиз маърузасида жамиятни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқич­га кўтариш борасида қўйилган вазифаларга тўхталди.

Шунингдек, маърузада билдирилган кўплаб фикрлар, илгари сурилган вазифалар партиямиз Сайловолди дастурининг мақсадларига бевосита боғлиқлигига эътибор қаратди. Масалан, аҳоли саломатлигини муҳофаза этишни кучайтириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, пиру бадавлат отахону онахонларимизга ҳурмат ва иззат кўрсатиш, уларни доимий равишда эъзозлаш каби масалалар партиямиз Сайловолди дастурида устувор вазифалар сифатида белгиланган. Демак, маърузада билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар ҳаётимизда ўз ифодасини топишидан, энг аввало, бизнинг партия электорати манфаат кўради, деди Ҳотамжон Кетмонов. — Шундай экан, — дея таъкидлади у, — Президентимиз маърузасида қўйилган вазифаларни чуқур ўрганиб, тегишли хулосалар чиқариб, бу борада қилиниши зарур бўлган ишларни аниқ белгилаб олишимиз керак. Улар ижросини таъминлаш ишларида фаол иштирок этиш эса ҳар бир партия аъзоси ва депутатнинг шарафли бурчига айланмоғи керак.

Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар, партия фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдуғаффор Қирғизбоев, Феруза Эшматова қонун ижодкорлиги фаолиятини прогноз қилиш ва режалаштириш бўйича самарали тизимни яратиш ҳақида фикр юритишди. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қонунлар ижроси назоратини, қонун ва қонун ҳужжатларини қабул қилишнинг умумий принцип ҳамда механизмларини такомиллаштириш тўғрисида таклифлар билдиришди. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш ишига янада жиддий эътибор қаратиш кераклигини таъкидлашди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддас Раҳматуллаева, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Меҳрож Дархонов аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, жамиятда тиббий маданиятни юксалтириш билан боғлиқ масалаларда эришилаётган катта ютуқлар билан бир қаторда айрим муаммолар борлигига ҳам эътибор қаратишди.

Президентимиз маърузасида алоҳида таъкидланган яна бир муҳим масала — қиз болани коллежни битирмасдан, ҳунар эгалламасдан туриб турмушга бериш ҳолларининг олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, жойларда, айниқса, маҳаллаларда тарғибот ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида Соғлом она ва бола йилида амалга ошириладиган ишлар бўйича бир қатор таклифлар айтилди, бу каби йиғилишларни партиямизнинг энг қуйи бўғинларигача ўтказиш, барча даражадаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари ўз таклифларини ишлаб чиқиши зарурлиги уқтирилди.

Йиғилишда билдирилган таклифлар асосида Давлатимиз раҳбари маърузасининг мазмун-моҳиятини партия фаоллари ва жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича тавсиялар тайёрлаш ва уларни партия ташкилотларига етказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари раислари, халқ депутатлари Тошкент вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.