19.12.2015

ВАЗИР ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИГА ЖАВОБ БЕРДИ

Ўзбекистон ХДП фракцияси кун тартибидаги масала бўйича ўз позициясини билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирига «Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган парламент сўрови бўйича ахборот эшитилди.

Парламент сўрови асосида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Шуҳрат
Тешаев
«Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунда белгиланган сувни тежовчи технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва ускуналарини такомиллаштиришга қаратилган нормаларнинг вазирлик томонидан бажарилиш ҳолати, Президентимизнинг «2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси, шунингдек, амалдаги меъёрий ҳужжатларни янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида атрофлича ахборот берди.

Таъкидландики, ўтган йиллар давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришда сув хўжалигининг гидротехник ва бош­қа муҳандислик иншоотлари, сув ресурс­ларини автоматик бошқариш каби тизимлари кенг қўлланилди.

Маълумотларга кўра, Республика сув хўжалиги 180 минг километрлик суғориш тармоқларини, 160 мингта сув хўжалиги иншоотини, 800 йирик иншоотни, йиллик электр энергияси сарфи 8 миллиард 200 миллион кВт соат бўлган 1496 насос станциясини, 19 миллиард кубометрдан зиёдроқ ҳажмга эга бўлган 55 сув омборини, 4124 суғориш тик қудуғини ўз ичига олади.

Президентимизнинг «2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 2013-2015 йиллар давомида 2575 км узунликдаги коллектор тармоқлари реконструкция қилинган. 36 минг 957 км узунликдаги очиқ ва 1 минг 564 км ёпиқ горизонтал дренаж тармоқлари таъмирланди ва тикланган. «Ўзмелиомашлизинг» давлат лизинг компанияси орқали 477 дона замонавий мелиоратив техника ва механизмлар харид қилинган.

Шу билан бирга, 2013-2015 йилларда жами 890 км узунликдаги каналларда, 193 км лоток тармоқларида, 42 гидротехник иншоотда, қатор насос станциялари ва сув омборларида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилган.

Замонавий суғориш техника ва технологияларини жорий этиш борасида ўтган йиллар давомида республика бўйича 18,5 минг гектар майдонга томчилатиб суғориш тизими, 18,4 минг гектар ерга эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш тизими, 16,3 минг гектар майдонда эгатларга плёнка тўшаб суғориш усуллари жорий этилиб, улардан самарали фойдаланиб келинмоқда.

Депутатлар вазирликнинг мазкур соҳадаги фаолиятини амалга оширишда мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш, вазирлик тизимидаги мутасадди идораларнинг масъулиятини ошириш лозимлигини алоҳида қайд этишди. Давлат бюджети ҳисобидан ажратилаётган маблағлардан тўлиқ ва самарали фойдаланишга эришиш, соҳага чет эл инвестицияларини кенгроқ жалб қилиш, шунингдек, мамлакатимизда сувни тежайдиган бошқа замонавий суғориш технологияларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқарувчиларни қўл­лаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган амалий ишларни янада кучайтириш, мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш давомида сиё­сий партиялар фракциялари дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, ўз позицияларини билдирди. Ўз­беки­с­тон ХДП фрак­ция­си аъзоси Зулайҳо Акрамованинг таъкидлашича, таҳлиллар мамлакатимиз аграр секторининг деяр­ли барча тармоқларида, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарига замонавий техника ва технологияларни жорий этишда жиддий ижобий ўзгаришлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

— Фракциямиз фикрича, мамлакатимизда сув ресурс­­ларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, шу асосда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарор ишлашини таъминлаш, ерларнинг унум­дор­лигини ошириш ҳамда қиш­лоқ хўжалиги экинлари ҳо­сил­дорлигини кўпайтириш долзарб аҳа­миятга эга, — дейди у.

Фракциямиз таклифига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб боришининг олдини олишда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш, суғориш технологияларини ишлаб чиқарадиган янги корхоналарни барпо этиш, шу ор­қали янги иш ўринлари яратиш муҳим масаладир. Шунингдек, 2016 йилга мўл­жалланган Давлат бюджетида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кўзда тутилган маблағлардан оқи­лона фойдаланиш юзасидан парламент назоратини кучайтириш лозим.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.