17.12.2015

НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАР

тажрибасини оммалаштириш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб ҳудудий семинарлар ўтказиляпти

— Бошланғич партия ташкилотларида салоҳиятли, ташаббускор, сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан билимдон етакчилар сафини кенгайтириш, уларнинг тажрибасини мунтазам ошириб бориш лозим;

 — Ҳудудий партия кенгашлари ва депутатларнинг бошланғич ташкилотлар билан ҳамкорлигини изчил йўлга қўйиш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш керак...

Самарқандда ЎзХДП Марказий Кенгаши ва вилоят партия кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган семинарда билдирилган фикр-мулоҳазалар орасида ана шундай таклифлар, ҳаётий мисол ва таҳлиллар кўп эди. Энг муҳими, уларнинг ҳар бирида ўзига хос нуқтаи назар, бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ёндашув бор.

Шу тариқа тадбирда сиёсий партиялар олдига жиддий ва масъулиятли вазифалар қўйилаётган бугунги даврда бошлан­ғич партия ташкилотлари фаоллигини ошириш бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Ўқув-семинар икки босқичда ташкил этилди. Иштирокчилар ­дастлаб Самарқанд шаҳридаги на­мунали бошланғич ташкилотлар  ­фаолияти билан танишишди. Партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аъзолар билан ишлаш, хайрихоҳлар сафини кўпайтириш, тадбирларни таъсирчан тарзда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоят партия кенгаши ­раиси Камолбой Исобеков бошланғич ташкилотлар партия ғояларини кенг тарғиб қилиши, хайрихоҳларга алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлади. Ҳудудий партия кенгашлари бошланғич ташкилотлар фаолиятини доим таҳлил қилиб, уларга яқиндан ёрдам кўрсатиш, тавсиялар бериб бориш лозимлигини қайд этди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири ­Дониёр Каримовнинг фикрича, бошланғич ташкилотлар электорат манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар билан чиқиши, маҳаллий партия кенгашлари, депутатлар ушбу таклифларни рўёбга чиқариш чораларини кўриши зарур бўлади. Бунинг учун қуйи бўғин етакчиси изланиш ва интилишдан тўхтамаслиги керак. Улар партия аъзолари билан ишлашдан ташқари сафимизга ташаббускор ва билимдон ёшларни кенг жалб этишга ҳам бош-қош бўлиши керак.    

Семинарда яна кўплаб фикрлар билдирилди, таклифлар айтилди. Таъкидландики, ижтимоий-иқтисодий мавзулардаги тадбирларни кўпроқ қуйи бўғинда ўтказиш лозим. Бундай тадбирларда асосан ижтимоий масалаларни муҳокама қилиш зарур.

Шунингдек, семинарда ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Шаҳида Раҳматуллаева, Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири ­Озода Эгамназарова, Иштихон ­туман партия кенгаши раиси Лола Булакова сўзга чиқиб, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. 

Тадбир якунида фаол бошлан­ғич партия ташкилотлари етакчилари вилоят партия кенгаши томонидан рағбатлантирилди.

Семинарда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши вакиллари, вилоят партия кенгаши масъул ходимлари, туман ва шаҳар кенгаши ­раислари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва фаол бошланғич ташкилотлар етакчилари иштирок этди.

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши ҳам Қўрғонтепа туманида намунали бошланғич партия ташкилотларининг тажрибаларини оммалаштириш, қуйи бўғин фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишлаб семинар ўтказди.

Унда бошланғич партия ташкилотлари ишини янада кучайтириш, етакчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтириш, илғор бошланғич ташкилотларни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Қўрғонтепа туманида ЎзХДП­нинг 52 бошланғич ташкилоти фаолият олиб бормоқда. «Қўрғонтепадонмаҳсулотлари» акциядорлик жамиятидаги бошланғич партия ташкилотига 46 нафар аъзо бирлашган. Мазкур қуйи бўғин ибратли ташаббуслари, партия дастурий мақсадлари тар­ғиботига қаратилган амалий ишлари билан бошқаларга ўрнак бўлмоқда. 42 нафар аъзони бирлаштирган туман санитария эпидемиология маркази қошидаги бошланғич ташкилот фаолияти ҳақида ҳам шундай ижобий фикр­ларни айтиш мумкин.

Тумандаги «Нурли ёғду» ҳудудий партия ташкилотига Маҳбубахон Комилжонова етакчилик қилади. Салоҳиятли, партия ишини чин дилдан адо этадиган бу етакчи «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлди. Бу ҳам бошланғич ташкилотлар етакчиларининг ташаббускорлиги, сиёсий фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.

— Қўрғонтепалик партиядошларимизнинг ибратли ишлари билан танишдик, — дейди ЎзХДП Бўз туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Матлуба Тўйчиева. — Ўрганганларимиз фаолиятимизда албатта асқотади, деб ўйлайман. Қуйи бўғин қанчалик фаол бўлса, партиянинг жамиятдаги обрўси ҳам шунча ортади. Шу боис бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш, уларни рағбатлантириш, маҳаллий кенгашлар тадбирларини бевосита бошлан­ғич ташкилотларда изчил ўтказиш масалаларига эътибор қаратишимиз керак.

— Бошланғич ташкилотлар имкониятидан самарали фойдаланган партиягина амалий натижаларга эришади, электоратга яқин бўлиб, унинг манфаатларини ҳимоя қилади, — дейди семинар иштирокчиси Жалақудуқ туманидан ­Нилуфар Хурхонова. — Шу боис қуйи бўғин фаолиятини бугунги кун талаби даражасида кучайтириш партиямиз олдидаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Қаерда партия фаоллари сид­қидилдан, жонкуярлик билан ҳаракат қилса, муваффақиятлар мустаҳкамланади. Электорат ишончи оқланади.

— Бундай семинарларни мунтазам ўтказишни мақсад қилдик, — деди Андижон вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдулҳамид Нурматов. — Бу фақат бизнинг эмас, балки кўпчилик семинар қатнашчиларининг фикри.

Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи қошида ЎзХДПнинг янги бошланғич ташкилоти очилиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республика партия кенгаши «Бошланғич партия ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасидаги амалий ишлар: муаммо ва ечимлар» мавзуида семинар ўтказди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Қорақалпоғистон Республика кенгаши масъул ходимлари, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, йирик бошлан­ғич ташкилотлар етакчилари қатнашди.

Семинарда бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, самарали ишлаш механизмларини яратиш масалаларида фикр алмашилди. Қуйи бўғин фаолиятини  жонлантириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

— Бошланғич партия ташкилотининг ишчанлиги, аъзоларнинг бирдамлиги, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга ҳозиржавоблиги жуда муҳим, — дейди Қорақалпоқ давлат санъат музейи қошидаги бошланғич партия ташкилоти етакчиси Бибисара Юсупова. —  Бошланғич партия ташкилотига фақатгина аъзоларни тўпловчи, тадбирларни ташкил этувчи тузилма сифатида қарамасдан, балки унга партия ғоялари, мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқараётган асосий куч сифатида муносабатда бўлмоғимиз зарур. Шу нуқтаи назардан бошланғич ташкилотларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, партия кенгашлари ва бошланғич ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик, мулоқот муҳитини кучайтириш, қуйи ташкилотларнинг ҳамжиҳатлиги, тажриба алмашувини янада ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.

Семинар якунида бир гуруҳ ёшларга партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

Аҳмадулло СОЛИЕВ,

Махсудбой СЕРИМБЕТОВ.



DB query error.
Please try later.