17.12.2015

БЕҲЗОД АБДУРАИМОВ

уни ҳамма бутун вужуди билан тинглайди

Ўзбекистонлик Беҳзод Абдураимов томонидан фортепьянода ижро этилган бетакрор куйлар бугун бутун дунё бўйлаб янграмоқда. У ҳақда жаҳон ОАВда ёзилаётган, эълон қилинаётган мақолаларнинг сон-саноғи йўқ. Уларнинг баъзи бирларини қисқартирилган ҳолда газетхонларимиз эътиборига ҳавола этаяпмиз.

The New York Times: Беҳзод Абдураимов жаҳонга машҳур куйларни муваффақиятли ижро этмоқда

«Ёш пианиночиларнинг дастлаб тўлқиндек кўринган ҳаракатлари бора-бора цунамига айланмоқда. Бу йил 30 ёшгача бўлган кўплаб пианиночилар Нью-Йоркда тўпланишди. Уларнинг муваффақиятли чиқишлари кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

Улар орасида ўзбекистонлик Беҳзод Абдураимов ўзининг иқтидори билан алоҳида ажралиб туради. Ёрқин дебют борасида у билан рақобат қилишнинг мутлақо имкони йўқ. 1990 йилда Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида туғилган пианиночи учун 2015 йил ўзига хос рекордлар йили бўлди. Унинг Карнеги холл­да Мария театри оркестри билан берган яккахон концерти томошабинларга эҳтиросли лаҳзаларни тақдим этди.

Унинг Манхэттеннинг Вашингтон Ирвинг даҳасидаги мактабда бўлиб ўтган концерти алоҳида мақтовга лойиқ. Ҳар бир одам ўз дидидан келиб чиқиб мусиқа тинг­лайди. Беҳзод Абдураимов чалган куйларни ҳар бир санъат мухлиси эшитиши зарур. Ўзбекистонлик пианиночи ўша куни нақадар кучли иқтидор соҳиби эканини яна бир бор исботлади.

Концерт дастурида белгиланганидек, Шуберт, Лист ва Мусоргскийнинг куйлари ижро этилди. Келажакда санъаткор бўлишни мақсад қилган ёшлар учун бу — ҳақиқий маҳорат мактабидир. Беҳзоднинг чап қўли қандай ишлаши ҳақида кўп гапирилган. Дарҳақиқат, унинг қўллари фавқулодда тез ҳаракатланади. Ундаги мусиқий ва жисмоний қувватга фақат ва фақат қойил қолиш керак.

Бугунги кунда Беҳзод Абдураимов жаҳон саҳналарида машҳур куйларни муваффақиятли ижро этиб келмоқда. Ундаги ўзига бўлган ишонч томошабинларга ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди, албатта».

Francemusique: Беҳзод Абдураимов Прокофьев концертларини жуда қадр­лайди

«Ёш ўзбек пианиночиси Беҳзод Абдураимов Радио Франция филармоник оркес­трида концерт берди. Ушбу дастур телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Прокофьевнинг учинчи концерти яна бир бор ижро этилди.

Беҳзод илк бор 10 ёшида Прокофьевнинг фортепьянода чалинган учинчи концертини тинглаган эди. Бугун эса вазият бутунлай ўзгарди. Орзулар ушалди: бугун унинг ўзи концерт бермоқда! Беҳзод маҳоратини ошириш баробарида мана шу кунлар келишини сабр билан кутди. Ниҳоят, 2009 йилда Лондонда ўтказилган пианиночиларнинг халқаро танловида қатнашган ўзбекистонлик пианиночи бош совринни қўлга киритди. Шундан сўнг у билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлганлар кўпайиб қолди.

Беҳзод Абдураимов Прокофьев концертларини жуда қадрлайди ва узлуксиз равишда ижро этиб келади. Унинг дунёга танилишида бу концертларнинг ўрни катта бўлган».

Medici.tv: Ўзбекистонлик пианиночи ёш ижрочилар орасида алоҳида ажралиб туради

«Мюнхенда яшаб туриб ҳам Прокофьев концертларини жонли тинглаш имконияти бор. Валерий Георгиев дирижёрлиги остида Беҳзод Абдураимов томонидан Мюнхен филармоник оркестри билан ижро этилган концерт тингловчилар ёдида анча вақтгача сақланиб қолишига шубҳа йўқ.

Ушбу концертнинг энг қадрли меҳмони ўзбекистонлик Беҳзод Абдураимов бўлди. Унинг оловли ҳаракатлари дунё аҳлини лол қилаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Ўзбекистонлик пианиночи ёш ижрочилар орасида алоҳида ажралиб туради. Уни буюк келажак кутаётганига шубҳа йўқ».

Verbierfestival.com: Беҳзоднинг концертлари спектакль

«Беҳзоднинг концертларини спектаклга қиёслаш мумкин. Бу йигит бутун дунёни ҳайратга солаётган спектакллар муаллифига айланди. Унинг чиқишларини фақат тан­қид қилишдан нарига ўтмайдиган мутахассисларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлаётгани ўзбекистонлик йигитнинг буюк иқтидор эгаси эканидан далолат беради.

LA Times мухбири: «У Чайковскийни жуда тез ва ёрқин ижро этди. Унинг ижросига ҳамма тан берди» деб ёзди. The Washington Post тан­қидчиси эса: «Беҳзоднинг концертини ҳамма бутун вужуди билан тинглайди. У инсонлар қалбини забт этган санъаткордир. Унга бундан ортиқ таъриф беролмайман», деди.

Ўтган вақт давомида Беҳзод жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидаги симфоник оркестрлар жўрлигида концерт берди. Владимир Ашканази, Валерий Георгиев, Кшиштоф Урбанский, Василий Петренко, Джеймс Гаффиган, Шарль Дютуа ва Владимир Юровский каби дирижёрлар билан ҳамкорликда ишлади.

2014/2015 йиллар Беҳзод учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Лос-Анжелес филармониясига қайтиш ва Чехия Иржи Белоглавек билан концерт бергани ҳамда Италия бўйлаб уюштирилган туркум концерт дастурларини асосий воқеалар сифатида қайд этиш лозим».

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.