17.12.2015

ЭНЕРГЕТИКА ТИЗИМИГА ИНВЕСТИЦИЯ ЖАЛБ ЭТИШ

муҳим аҳамиятга эга

«Ўзбекэнерго» акциядорлик жа­мия­ти томонидан «Соҳага инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» матбуот анжумани ўтказилди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда энергетика тармоғини ривожлантириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, шунингдек, электр энергияси узатишдаги йўқотишларни камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда, — дейди «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари
Дадажон Исоқулов.
— Президентимизнинг «2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, энергетика соҳасида умумий қиймати 8,9 миллиард АҚШ долларлик 33 инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

— Ҳозирда жамият томонидан мавжуд электр станциялари кенг кўламли модернизация ва реконструкция қилинмоқда, янги электр тармоқлари ва нимстанциялар қурилмоқда, энергетика объектларининг ишлаб чиқариш қуввати кучайтирилмоқда, — дейди «Ўзбек­энерго» акциядорлик жамиятининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулла Аҳмедов. — Хусусан, Навоий, Сирдарё иссиқлик электр станциясида ҳамда Тошкент иссиқлик электр марказида замонавий технологик қурилмаларнинг жорий этилиши самарасида мамлакатимиз энергия тизимининг белгиланган қуввати 555 мегаватга ошди. Қолаверса, йиллик газ тежаш кўрсаткичи 455 миллион куб метр­ни ташкил қилмоқда. Бундан таш­қари, айни пайтда Таллимаржон, Тошкент, Тахиатош, Навоий иссиқлик электр марказларида умумий қуввати 1970 мегаватт бўлган буғ-газ қурилмалари қурилмоқда. Юқори даражали техник-иқтисодий кўрсаткичларга эга ушбу замонавий буғ-газ қурилмалари йилига 360 миллион куб метр ёқилғи тежаш имконини беради.

Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда энергетика балансини босқичма-босқич диверсификация қилиш мақсадида қайта тикланадиган энергия манбаларини кенг жорий этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида янги фотоэлектрик қуёш станциялари қурилмоқда. Бундан ташқари, энергия захираларидан самарали фойдаланиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш мақсадида 2020 йилга қадар 15 гидроэлектр станциясини модернизация ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Ушбу ишларни амалга ошириш натижасида гидроэлектр станцияларининг умумий қуввати 200 мегаваттга ошиб, қўшимча 600 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш билан бирга, 250 миллион куб метр ёқилғи иқтисод қилинишига эришилади.

Тадбир сўнггида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.