17.12.2015

ОНА ҚАЧОН БАХТЛИ БЎЛАДИ?

Ёмғир шаррос қуймоқда. Атрофда боласини кўтариб олган онадан бошқа ҳеч ким йўқ. Онанинг эгни шалаббо. Бошидаги рўмоли елкасида. Сочларига оқ оралаган, чеҳрасини ажинлар тўри қоплаган. Уфқсиз меҳрининг кафтида фарзандини асраб, вояга етказаётган она... Боласини бағрига маҳкам босганча, қаергадир шошаяпти. Йўлнинг ўйдим-чуқурлигидан оёғи чалкашиб кетаяпти – ҳудди ҳозир тойиб кетадигандай. Бола тинмай чинқирайди. Она эзилади, кўзидан тирқираб ёш оқади...

Замондош мусаввир архивидаги иллюстрациялардан бирида шу воқеа тасвирланган. Чорак аср муқаддам ишланган мазкур суратга тикилиб, онаизор билан ўзимизча гаплашамиз, орому осойишини сўраймиз: Умрингиз тарозисининг бир палласига дилингизни мунаввар этган қувончларни, бошқасига чеккан азобу уқубатларингизни қўйса, қай томон босиб кетади? Сийнангизда ҳаёт шарбати камайгани мурғак гўдагингизга шу қадар мусибат, дарду хасталиклар келтирдими? Синиққан нигоҳингизда қалқиб турган тиғли саволларга-ку жавоб бермоқдан тил қурийди, дил қақшайди...

Рассом эътиборимизни ҳалиги картина ёнида турган яна бир иллюстрацияга қаратади. Бунда ҳам худди ўша — фарзандини кўтариб олган аёл тасвирланган. Иккисининг номи бир, ўртасидаги «ёш» 25 йил. Лекин ер билан осмонча фарқ бор. Разм соламиз:

Бобо қуёш ўзининг заррин нурларини атрофга сочаяпти. Сўлим хиёбон. Онанинг кўзлари юлдуз мисол порлайди. Маъсума чеҳрасида болалари, оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ-омонлигидан, нурафшон ҳаётидан мамнунлиги яққол билинади. Уфқсиз меҳрининг кафтида фарзандини асраб, вояга етказаётган бахтиёр она... У фарзандини ўйнатиб юрибди. Боланинг кўзида ўт чақнайди. Қулоғингизга унинг шодон кулгуси чалинади гўё. Яқиндагина яратилган мазкур картинага термилиб, она билан ўзимизча гаплашамиз. «Бахт формуласини» сўраймиз ундан. Аёлнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллагани, оила аъзоларининг эришган бир олам ютуқларини тиниқ тасвирдан анг­лаб дилларимиз қувнайди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: икки сурат ҳам бир рассом томонидан ишланган ва у икки картинада бир аёлни тасвирлаган бўлса, нега улар орасидаги тафовут шу қадар катта? Картиналарнинг номи нима ўзи?

Икки картина ўртасидаги фарқнинг шу қадар катталиги кундек равшан. Уларнинг номи эса... ҳа майли, бу ҳақда кейинроқ.

Яқинда қайсидир хориж телеканалида бир ҳужжатли фильм намойиш этилди. Воқеалар ривожи тахминан бундай:

Аёл ҳомиладорлик пайтида турли касалликларга чалинади. Фарзандини сунъий йўл билан дунёга келтиради. Кўп қон йўқотгани боис, узоқ вақт даволанади. Эрининг кутилмаганда оиласини ташлаб кетиши дард устига чипқон бўлади. Руҳий ҳолати ёмонлашади. Ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган она фарзандининг тарбияси билан жиддий шуғуллана олмайди.

Ҳаш-паш дегунча боласи улғайиб, мактабга чиқади. Орадан йиллар ўтади. Бола еттинчи ё саккизинчи синфда ўқиётганида мактабга қурол олиб бориб, бир неча синфдошини отиб ташлайди. Қотил воқеа жойининг ўзида қўлга олинади. Ўша куни терговчи ундан нега бундай қилгани ҳақида сўраганида, синфдошлари унга нисбатан қўпол муносабатда бўлишини, масхара қилишини, нуқул камситишини айтиб, «боплаб ўчимни олдим!», дейди. Эртаси куни эса кеча нималар қилганини мутлақо эслай олмайди.

Бир неча ҳафта давом этган тиббий текширувлар натижасида боланинг руҳиятида аллақандай касаллик мавжудлиги ва бу онадан унга ҳомиладорлик пайтида ўтиб, кейинчалик оилавий муҳит ҳамда ташқи омиллар туфайли ривожланиб кетгани маълум бўлади...

Бугун шунга ўхшаш воқеаларга кўплаб мамлакатларда гувоҳ бўлиш мумкин. Боиси, ҳозирги глобаллашув даврида у давлатларда оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёшларни тарихий хотира ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, миллат генофондини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш сингари ижтимоий масалаларга деярли аҳамият берилмайди.

Мамлакатимизда соғлом она — соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Кенг кўламли дастурлар ишлаб чиқилган. Унинг доирасида мамлакатимиз тиббиётида мутлақо янги тизим бўлган перинатал, скрининг хизматлари, репродуктив саломатлик марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган туғруқ мажмуалари барпо этилди, оналик дастури ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ўсмир қизлар, туғруқ ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ёш оналарнинг саломатлигини доимий назорат қилиб бориш, уларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилган. Бугун бу улкан ишлар жаҳон миқёсида тан олиниб, кенг эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда ҳар бир йилни муайян ном билан аташ, шу асосда махсус Давлат дастури ишлаб чиқиш ва унинг ижросини изчил амалга ошириш яхши анъанага айланган. Қайси йилга қандай ном берилишидан қатъи назар, мазмун-моҳиятида, аввало, инсон, унинг манфаатлари, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, жисмонан соғлом, маънан баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадлар мужассам.

Ўтган йиллар юртимизда Оила йили, Аёллар йили, Соғлом авлод йили, Оналар ва болалар йили, Ёшлар йили, Баркамол авлод йили, Мустаҳкам оила йили, Соғлом бола йили, деб эълон қилингани ва улар бир-бирига узвий боғланиб, тўлдириб келгани бунга ёрқин мисол.

Хўш, йилларга ном берилишида асосий эътибор оила мустаҳкамлиги, она ва бола саломатлигига қаратилишининг боиси нимада?

Аслида ҳамма гапни мана шундан бошламоқ лозим эди. Келажагини ўйлаган давлат ўзининг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида кўради.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, фақатгина соғлом онадан соғ­лом бола туғилади.

Халқимизнинг эзгу мақсадлари замирида фарзандларимизни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради.

Шоир топиб айтган: дунёда болам деб яшайди ўзбек! Чиндан ҳам, ҳар қайси ота-она ўз боласининг соғлом ва баркамол, ақл-заковатли, бахтли бўл­ишини истайди. Шундай фарзандни воя­га етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш ота-онанинг энг улуғ, энг муқаддас орзусидир.

Мутахассисларнинг фикрича, соғлом боланинг дунёга келиши, бақувват бўлиб ўсиб-улға­йиши, аввало, онанинг соғлиғига боғлиқ. Бўлғуси она дилбандини тўққиз ой ўз бағрида асраб-авайлаб, ёруғ дунёга келтиради. Мазкур жараёнда аёл қандай кунларни, қандай руҳий ҳолатни бошидан кечирса, бу албатта она вужуди орқали ҳомилага таъсир ўтказади. Ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати меьёрида бўлишини таъминлаш учун уларга берилаётган таомнинг рациони, сифати ва калориясига жиддий эътибор қаратиш лозим.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни қарийб ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, дунё аҳолисининг 30 фоизидан кўпроғи тўлиқ ов­қатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошдан кечирмоқда. Шу боис 160 миллиондан ортиқ бола бўйининг ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига доир камчиликлардан азият чекмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, бугунги кунда ривожланаётган мамлакатларда бир киши учун тавсия этилган кундалик 400 грамм ўрнига бор-йўғи 150-200 грамм мева-сабзавот истеъмол қилинмоқда. Ваҳоланки, халқ­аро диетологларнинг тав­сия­сига кўра, инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг камида 50 фоизини мева-сабзавот ташкил этиши зарур.

Мамлакатимизда аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини узлуксиз таъминлаш, оналар ва болаларни талаб даражасида парвариш қилиш, уларнинг овқат рациони, унинг сифати ва калориясини ошириш борасида қилинаётган ишлар аҳоли, аввало, болалар саломатлигини тубдан яхшилашга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, сўнгги 10 йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд, яъни 4 фоиздан 1,8 фоизга қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди.

Фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом инсонлар этиб вояга етказиш қон-қонимизга сингиб кетган. Соғлом авлод тарбиясини спортсиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, спорт — инсоннинг характерини тоблайди, қалбида ўз халқи, юрти билан фахрланиш туйғуларини юксалтиради.

Ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган кенг шароитлар ҳам ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Уч босқичли узлуксиз спорт тизими — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиа­да мусобақалари ёшларни спортга кенг жалб этиш, профессионал спортчиларни тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён мамлакатимизда 1700 дан зиёд спорт объекти барпо этилган. Улар замонавий спорт инвентарлари ва малакали мураббийлар билан таъминланган. Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланаётир.

Шаҳару қишлоқларда бунёд этилган шундай замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқда. Иродаси тобланмоқда, турмуш тарзи, дунёқараши ўзгармоқда.

Бунинг самарасида ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришиб, Ватанимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтармоқда. Юксак марраларни кўзлаётган йигит-қизларнинг ғалабаларига шоҳид бўлаётган ота-оналар, болалар қалбида ҳам спортга меҳр уйғонмоқда.

Келажагимиз ворисларининг ўқиб-ўрганишлари, тинмай изланишлари, ўз устида ишлашлари, фан-техника имкониятларидан ҳар томонлама самарали фойдаланишлари учун янгидан барпо этилган мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ҳамда университетларда яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳақида-ку ортиқча тафсилотга берилишнинг ҳожати йўқ. Чунки бундай кўламдор ишларнинг беқиёс натижаларини бугун ушбу таълим муассасаларида таҳсил олган ёки ўқиётган ёшларимиз эришаётган ютуқларни деярли ҳар куни кўриб турибмиз.

...Бу икки картина «Она қачон бахтли бўлади?», деб номланган. Дарҳақиқат, аёл қачон бахт­ли бўлади? Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги фикрларини келтиришни лозим топдик:

«Қачон аёл бахтли бўлади? Авваламбор, унинг болалари, оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ-омон бўлса.

Қачон аёл ҳаётдан рози бўлади? Қачонки, оиласи тинч, рўзғори фаровон бўлса, эртанги кундан кўнгли тўқ бўлса.

Ҳаммамиз яхши биламиз, ҳаёт ташвишсиз бўлмайди, лекин шу ташвишлар камроқ бўлса, енгилроқ бўлса, ана шунда аёл ҳаётдан рози бўлади».

Ҳаётда ҳар кимнинг ўз мақсади бор. Кириб келаётган янги — 2016 йилда ана шу мақсадларимиз ижобати йўлида яна беқиёс ишлар амалга оширилишига шубҳа йўқ.

 

Бекзод ҲИДОЯТОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.