15.12.2015

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИДА

замонавий корпоратив бошқарув услублари жорий этилмоқда

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, иқтисодий жиҳатдан барқарорликка эришган давлатларда Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарали йўлга қўйилгани, уларга замонавий корпоратив бошқарув услублари кенг жорий этилганига гувоҳ бўламиз. Бугун ушбу масала мамлака­тимиздаги акциядорлик жамиятлари фаолиятини ривожлантиришда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, қонунчилигимизга асосан акциядорлик жамияти хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади ва акциядорлар олдида муайян мажбуриятларга эга бўлади. Акция­дорлик жамияти ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкига эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлар олиши мумкин. Бундай жамиятлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, юридик шахс ҳуқуқларини қўлга киритади. Агар унинг уставида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жамият чекланмаган муддатга тузилади.

Акциядорлик жамияти масъулия­ти чекланган жамиятлар ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги тижорат ташкилотларидан фарқли равишда очиқ бозорда қимматли қоғозлар чиқариш йўли билан чекланмаган шахс­лар ўртасида инвестицияларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Шунинг учун сўнгги йилларда акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тамойилларини кенг жорий этиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Боиси, изчил иқтисодий ислоҳотлар, соҳадаги таркибий янгиланиш ва ўзгаришлар, қулай инвестиция муҳитини яратиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш вазифалари шуни бевосита тақозо этди. Халқ­аро тажриба чуқур ўрганилиб, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув услубларини қўллашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди.

Бир эслайлик, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида акциядорлик компаниялари ўзларининг бозор муносабатларига мос мақомига мувофиқ фаолият юритиши учун янги имкониятларни ишга солиш зарурлиги қайд этиб ўтилди. Шу асосда дунё амалиётида ўзини оқлаган акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини жорий этишга эътибор кучайди.

Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида бир қатор қонунлар кўриб чиқилди. Хусусан, сенаторлар корпоратив бошқарув соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни муҳокамадан ўтказиб, маъқуллашди.

Маълум бўлишича, давлатимиз раҳбарининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бош­қ­арув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинганлиги муносабати билан тегишли қонун асосида «Акциядорлик жамиятлари ва акция­дорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда бош­қа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мутахассислар мазкур қонун соҳадаги қонунчиликнинг тизимлилигини таъминлаш, уларнинг нормалари ва ижро механизмларини бирхиллаштириш, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солишга қаратилганини таъкидлашмоқда.

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Қонун потенциал инвесторлар учун акциядорлик жамиятларининг очиқлиги ва жалб этувчанлигини таъминлаш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

Қонунга асосан акциядорлик жамиятлари ишларини бошқаришда иштирок этаётган чет эллик менежерларнинг ваколатлари кенгайтирилди, акциядорлик жамиятларидаги чет эллик ходимларнинг бошқарув ходими сифатида олган даромадлари солиқдан озод этилиши назарда тутилди. Демак, бундан буён акциядорлик жамиятлари бош­қарув ходимлари сифатида четдан жалб қилинган хорижий мутахассислар ва улар сармоя киритган акция­дорлик жамиятларига енгилликлар яратилади.

Таъкидлаш жоизки, қонуннинг қабул қилиниши корпоратив бош­қарувнинг замонавий услубларини, хусусан, ишлаб чиқариш менежменти, фаолиятнинг сармоядорлар учун шаффофлигини ошириш каби усулларни жорий этиш орқали акциядорлик жамиятларининг самарадорлигини кучайтиришга, уларнинг халқ­аро мезонларга мос равишда фаолият юритишига имкон яратади.

Яна бир муҳим жиҳати, қонунда акциядорлик жамиятининг ўрта муддатга ва узоқ муддатга мўлжалланган истиқбол стратегиясини аниқлаш, шунингдек, ижро этувчи орган ва кузатув кенгашининг мазкур стратегия­ни амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш бўйича акциядорлар умумий йиғилишларининг ваколатлари анча кенгайтирилмоқда. Бу эса ўз навбатида жамият фаолиятида очиқ ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда 90 дан ортиқ давлатнинг инвесторлари иштирокида ташкил этилган 4 мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Акциядорлик жамиятларига замонавий корпоратив бош­қарув услублари жорий этилиши улар фаолиятини кучайтириш билан бир қаторда, соҳада янги имкониятлар яратади. Қонундан кўзланган мақсад ҳам корпорацияларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, барча томонлар манфаатларининг оқилона мувозанатига риоя қилинишини таъминлаш, очиқ акциядорлик жамиятларининг барча фаолият турларидан янада юқорироқ фойда олинишига эришиш ҳисобланади.

Шу жиҳатдан олиб қарасак, акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услублари жорий этилиши, шу муносабат билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши рақобатбардошлик ва жозибадорликни оширишда, бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Қонун тегишли вазирлик ва идоралар, акциядорлик жамиятларининг вакиллари, акциядорлар, иқтисодчи олимлар, ҳуқуқшунослар ва кенг жамоатчилик вакиллари фикр-мулоҳазалари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Уни парламентда муҳокама қилиш жараёнида акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услублари бўйича миллий ва илғор хорижий тажриба қиёсий таҳлил этилди. Шу асосда акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни жорий этишни кўзда тутадиган меъёрлар янада такомиллашди.

Бизнингча, акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услублари жорий қилиниши юртимиз иқтисодий салоҳиятини изчил юксалтиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарали йўлга қўйилиши иш ўринлари янада бар­қарорлигини таъминлаш, аҳолининг бандлик даражасини оширишга хизмат қилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.