15.12.2015

БОЛАЛИКНИНГ НУРЛИ ЙЎЛЛАРИ

«Сариқ девни миниб», «Сариқ девнинг ўлими», «Беш болали йигитча» сингари асарлар муаллифи, халқимизнинг, айниқса, болажонларнинг севимли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди ТЎХТАБОЕВ билан суҳбатимиз болалар тарбияси ҳақида бўлди.

— 2016 йилга Соғлом она ва бола йили, деб ном берилганини эшитиб, кўнглингиздан нималар ўтди?

— Тўғрисини айтай, жуда ҳаяжонландим, тўлқинландим, кўнглимда кўп янги режалар пайдо бўлди. Президентимиз томонидан келаётган йилнинг бундай номланиши бежиз эмас, албатта.

Юртбошимиз ўз фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ, соғлом жамиятнинг руҳан ва жисмонан бақувват бўлиши — соғлом она ва соғлом болага кўп жиҳатдан боғлиқ эканини такрор ва такрор айтиб келмоқда. Жамиятимизда болалар ва ўсмирлар тарбиясига эътибор ўтган йиллар мобайнида давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Бунинг натижаларини болаларимизнинг юз-кўзида, чиройли кийинишида, турли халқ­аро мусобақаларда, санъат танловларида ғалаба қозониб, ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун дунёга намоён қилаётганида кўряпмиз, бундан беҳад қувонаяпмиз.

Бугунги ривожланган жамиятимиздаги муҳим омиллардан бири — Мамлакатимиз раҳбари айтганидек, она ва боланинг сиҳат-саломатлиги, жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлишига боғлиқ. Буни босиб ўтган 24 йиллик нурли йўлимиз тасдиқлаб турибди.

Бир воқеа ёдимда. 1989 йил 10 ноябрь куни катта бир адабий танлов якуни бўлди. Ўшанда давлатимиз раҳбари менга мукофот топшира туриб: «Сизни болалар ёзувчиси сифатида яхши таниймиз. Бундан буён бола таълим-тарбиясига астойдил киришишимиз керак», — деди. Эътибор бераяпсизми, «киришишимиз керак» дейилаяпти.

Ўшанда республика телевидениеси раҳбарияти билан келишиб, «Ўйла, изла, топ» деган дастур ташкил қилган эдик. Шу мулоқотдан кейин телевидениенинг болаларбоп кўрсатувлари кўпайди, болалар тарбияси маънан янги босқичга кўтарилиб, ўсиб келаётган ёш авлоднинг билимга бўлган интилиши яна ҳам кучайди.

Яна бир воқеа ёдимда, 1991 йил 3 декабрь куни таниқли ёзувчилар, жамоат ва давлат арбоблари иштирокида катта йиғилиш бўлди. Болалар ёзувчиси сифатида менга сўз берилганида, Президентимиз ташаббуси билан барча мактабларда кунлик бепул нонушта ташкил қилиб берилгани, бу хайрли ҳаракатдан ота-оналар, болалар мамнун эканини айтдим. Бу ўз навбатида, мактаблардаги таълим-тарбия сифатига катта таъсир қилгани, буни ота-оналар ҳам гапираётганини таъкидладим.

Ўша куни Президентимиз йиғилганларга қарата: «Билиб қўйинг­лар, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир бола менинг фарзандим, жамиятимиз келажаги. Мен уларни меҳр-муҳаббат билан бағримга босаман, деган эди.

Президентимиз бизни ҳушёрликка даъват этиб, яна бир муҳим фикрни айтганди.

Биз бугун янги давлат қуряпмиз, янги мафкурани шакллантираяпмиз. Бу йўлда ўзига хос қи­йинчиликлар, мураккабликлар кўп бўлади. Бизга ёрдам бериш баҳонасида ўз мафкурасини тиқиштиришга уринувчилар кўпаяди.

Социализм чалажон бўлиб қолди, диний экстремизм бугун-эрта бош кўтаради. Демак, асосий йўналишларимиздан бири — бундай шароитда ўсиб келаётган ёш авлодни турли бало-қазолардан сақлаш, эҳтиёт қилишдан иборат бўлиши керак. Ҳақиқатан ҳам Президентимиз айтган гапларнинг қанчалик ҳақ­қоний эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатди.

Ўша йилларда, айниқса, болалар матбуоти ночор аҳволга тушиб, қолган эди. Қоғоз таъминоти тўхтаб қолгани боис, уларнинг чоп этилишида узилишлар пайдо бўла бошлади. Бу ишга шахсан Президентимиз аралашуви туфайли қоғоз тан­қислиги бартараф этилди, болалар газета ва журналлари ўқувчилар қўлига вақтида етиб борадиган бўлди.

Мана, ўшандан буён бу газета-журналлар болажонларимизнинг маънавий, руҳий, ақлий ўсишига хизмат қилаяпти, уларнинг сони кўпайиб, сифати яхшиланиб бор­япти. Болаларни, ўсмирларни илмга, фанга, маънавиятга қизиқтиряпти.

Яна бир қутлуғ воқеани яхши эслайман. Президентимиз бир фикр­ни такрор ва такрор айтдики, болаларни мустақил фикрлашга, ўзимиз намуна бўлиб, уларни оқни-қорадан ажратиш маданияти ва кўникмасига ўргатиш керак.

Чунки ҳаммамиз биламизки, ёш бола дунёқараши 5 ёшдан 7 ёшгача атрофида рўй бераётган воқеалар асосида шаклланади. Ана шу даврда ўзимиз ўрнак бўлиб, уларни оқ-қорани, яхши билан ёмонни ажратишга ўргатмасак, кейин кеч бўлади. Ёшларни касбга, илм-ҳунарга қизиқтириш керак.

Ана шундан кейин мутахассисларимиз томонидан олиб борилган тинимсиз изланиш ва ривожланган давлатлар таълим йўналишидаги ижобий тажрибалар асосида узлуксиз таълим тизими йўлга қўйилди, ўқувчи-ёшлар учун уч босқичли спорт-соғломлаштириш мусобақалари ташкил этилди.

XXI аср боши билан ҳозирги даврни таққослайдиган бўлсак, ҳаётимиз фаровонлашди, интернет, ахборот асри бошланди. Ахборот хуружлари, диний-экстремизм,, оммавий маданият каби хавф-хатарлар кучайди. Фарзандларимизни уларнинг таъсиридан қай йўсинда асрашимиз керак?

Бунинг учун аввало, улар тарихимизни, ота-боболари, аждодлари ким, қандай инсонлар бўл­ган, шуларни албатта, билиши лозим. Одоб-ахлоққа асосланган қад­риятларимиз уларнинг турмуш тарзига айланиши керак. Тарихини, қадрият­ларини яхши билмаган авлод эртанги кун эгаси бўла олмайди.

Бугун интеллектуал баҳслар замони келди, қайси мамлакатда ақлий салоҳиятни ривожлантиришга ҳал қилувчи масала, деб қаралса, ўша мамлакатда тараққиёт гуллаб-яшнаяпти.

Болаларимиз учун мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб хорижий тилларни узлуксиз ўрганиш масаласи илгари сурилди. Уч-тўрт тилни яхши билган киши ўз интеллектуал салоҳиятини ошириш ва тўла намоён этиш имконига эга бўлади.

Бугун оила, мактаб, маҳалла, жамият олдида ёшлар онгида оқ билан қора, зарар билан фойда, дўст билан душманнинг фарқига бора оладиган, тафаккури кенг авлодни тарбиялашдек ўта муҳим вазифа кўндаланг бўлиб турибди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.