15.12.2015

СУД ТИЗИМИДА ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

қўлланилиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш имкониятларини тубдан кенгайтиради

Мустақиллик йилларида демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан қатъият билан одимлаётган мамлакатимизда фуқароларнинг судларга мурожаатлари кун сайин ортиб бормоқда. Бу, бир томондан, истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг мустаҳкам кафолатлаб қўйилгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, ана шу ҳуқуқий кафолатлардан самарали фойдаланиш учун юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганидан далолат беради.

Энг муҳими, кейинги йилларда фуқароларнинг суд тизимига ишончи ортгани уларнинг судларга мурожаатлари ошиб боришида намоён бўлмоқда. Хусусан, 2014 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 164 минг 455 та иш кўрилган бўлса, 2015 йилнинг шу даврида 195 минг 270 та иш кўрилган, шунингдек, 747 минг 239 та суд буйруғи чиқарилган.

Президентимизнинг 2013 йил 4 октябрда қабул қилинган «Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида мамлакатимизда фуқаролик ишлари бўйича 75 та туманлараро ва туман (шаҳар) судлари фаолият юритмоқда. 2015 йилнинг 9 ойида битта судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 109 дан ортиқ фуқаролик иши ва 421 суд буйруғини ташкил этгани ҳам ана шу судларга фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар қилинганини яққол кўрсатиб турибди.

Табиийки, фуқароларнинг судга мурожаатлари ортиб бораётган бир вақтда фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолия­тига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш суд ишларини юритиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу борадаги хорижий амалиётга назар ташлайдиган бўлсак, ҳозирги вақтда Жанубий Корея, Малайзия каби давлатлар суд тизими фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилаётганини кўриш мумкин.

Мамлакатимизда ўтган давр­да бу борада муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қи­лиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори уш­бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштиришда муҳим ҳужжат бўлди.

Айниқса, Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дас­тури қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш керак. Мазкур дастурга асосан судлар фаолиятида ком­п­ьютерлаштириш даражасини ва компьютер техникасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, судларда ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига кўрсатиладиган интерфаол хизматлар кўламини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш борасида изчил иш олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Фуқаролик суд ишларини юритишни ислоҳ қилиш: самарали суд бошқаруви» қўшма лойиҳаси доирасида «E-Sud» миллий электрон суд иши юритуви тизими ишлаб чиқилди. Ушбу замонавий электрон суд иши юритуви тизими фуқаролик ишлари бў­йича Зангиота туманлараро судида синовдан муваффақиятли ўтказилди. Айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманлараро судида ҳам йўлга қўйилди.

«E-Sud» тизимининг қулай ва афзал жиҳатлари шундаки, у ўзига хос ишлаш тартиби ва имкониятларга эга. Бу эса интерфаол суд хизматини йўлга қўйиш ҳамда ортиқча сансалорликларни камайтириш имконини беради. Тизимнинг «Суд портали» ёрдамида фуқаролик ишлари бўйича судларга Интернет тармоғи орқали даъво аризалари билан мурожаат қи­лиш ҳам мумкин. Тизимга кириш, ундан фойдаланиш учун эса фойдаланувчи элект­рон рақамли имзо ёки «ID.UZ» тизими орқали рўй­хатдан ўтиши ҳамда шахсини тасдиқлаши талаб қилинади.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларига келаётган ахборотларни йиғиш, сақлаш ва саралашни, яъни тоифалашни автоматлаштириш мақсадида даъво аризаларини топшириш чоғида даъвогар низо тоифаси ва ариза турини танлайди. «E-Sud» тизими даъво аризаси турини танлашда низони судда кўриб чиқиш учун лозим бўлган маълумотларни сўрайди.

Электрон тарзда юборилган даъво аризаси суд томонидан уни қабул қилиш рад этилганда ёки ариза ҳаракатсиз қолдирилганда ёхуд кўриб чиқишга қабул қилинганда ушбу маълумот суд веб-саҳифасида акс эттирилади. Натижада суднинг тегишли ажримини компьютер орқали ушбу тизимда кў­риш, юклаб олиш ҳамда нашр қилиш имкони пайдо бўлади.

«E-Sud» тизимининг яна бир қулайлиги шундаки, низодаги тарафларнинг даъво аризаси топширилишига қадар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан тегишли масалалар юзасидан қабул қилинган ҳужжатлар, суд амалиёти билан танишиб ва ўрганиб чиқиш ҳамда даъво аризаларини қаноатлантириш эҳтимолини баҳолаш имконияти мавжуд. Бунда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳам назарда тутилган бўлиб, ҳужжатнинг қайси шахсга тегишли эканлиги кўрсатилмайди.

«Электрон суд иши юритуви»да фуқаролик ишлари электрон тарзда бошқарилади. Бу судларда ишни электрон ҳолда ўрганиш, кўриб чиқиш ва қарор қа­бул қилиш имконини беради. Айни чоғда, мазкур тизим кутиш залига уланиб, муайян кунларда кў­риб чиқилаётган фуқаролик ишларининг рўйхати, суд залининг рақами ҳамда иш­ни кўриб чиқаётган судьянинг исм-шарифи монитор орқали кўрсатиб борилади.

«E-Sud» тизимининг «Элект­­рон ҳисобот»и эса, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантиришга мўлжалланган. Тизим йўлга қўйилгач, судлар томонидан кўрсатиладиган бир қатор хизматлар интерфаол шаклга ўтказилади. Даъво аризалари ва илтимосномаларни тузиш, фуқаролик ишлари бўйича судларга топшириш, ишнинг судда кўриладиган куни ва вақти ҳақидаги маълумотларни ҳамда ажримлар ва суд қарорларини олиш билан боғлиқ жараёнларни бевосита интернет орқали амалга ошириш имкони туғилади.

Судлар ва суд ижрочилари ўртасида маълумот алмашинуви тезлашади. Бу ўз-ўзидан суд қарорлари ижросини таъминлаш, фуқаролик ишлари бўйича судлар харажатларини камайтириш, тарафларни судда ишни кў­риб чиқиш санаси ва вақти ҳақида тезкор хабардор этиш имкониятларини тубдан оширади.

Шу ўринда «E-Sud» миллий электрон судлов тизимидан фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлар­аро суди фаолиятида фойдаланиш борасида муайян ижобий тажриба тўпланганини қайд этиш жоиз. Хусусан, ўтган қисқа давр­да бу ерда «E-Sud» тизими орқали электрон шаклда судга мурожаат қилиш тартиби ва қа­рор нусхалари, суд чақирув қо­ғозлари ва бошқа ҳужжатларни юбориш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида биргина 2015 йилнинг 9 ойида 25 минг 515 та суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризалар электрон шаклда қабул қилинди. Шу билан бирга, суд буйруқлари электрон тартибда чиқарилиб, уларнинг нусхалари ҳам ундирувчиларга элект­рон тарзда юборилмоқда.

Албатта, фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш амалдаги процессуал қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этади.

Шунга кўра, судларга мурожаат қилишни янада соддалаштириш, фуқаролик ишлари бўйича судларда электрон ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш, хусусан, судга аризалар ва бош­қа ҳужжатларни электрон шакл­да юбориш ҳамда суд чақирув қоғозларини, суд қа­рорлари нусхаларини ва бош­қа ҳужжатларни электрон шакл­да юбориш тартибини амалда жорий этиш юзасидан изланишлар олиб борилмоқда.

Шу асосда миллий қонунчиликка бу борада тегишли қў­шимча ва ўзгартишлар киритиш юзасидан қонун лойиҳаси тайёрланди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, амалдаги Фуқаролик-процессуал кодексининг ўттиздан ортиқ моддасига ариза ва мурожаатларни ҳам­да суд қарорларини электрон тарзда беришни назарда тутувчи ўз­гартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хулоса сифатида айтганда, соҳадаги ислоҳотлар фуқаролик суд иши юритуви тезкорлигини янада ошириш, суд процесси иштирокчилари харажатларини ва суд чиқимларини камайтиришга хизмат қи­лади. Энг асосийси, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технология­ларининг изчил жорий қилиниши, ҳеч шубҳасиз, инсон ҳу­қуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини тубдан кенгайтиради.

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси.



DB query error.
Please try later.