13.12.2015

Тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида ҳамкорлик

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун 11-12 декабрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди. 

Ташрифнинг асосий воқеалари 12 декабрь куни бўлиб ўтди. 

Президентимиз хорижий давлатлар раҳбарлари билан бирга Бетараф Туркманистон майдонига ташриф буюрди. Ушбу мамлакатнинг бетарафлиги тимсоли бўлган Бетарафлик монументи пойига гул қўйди. 

1995 йил 12 декабрда Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақоми тан олингани тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси қабул қилинган. 

Ушбу сананинг 20 йиллиги муносабати билан Ашхободда “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади. 

– Аввало, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва туркман халқини миллий байрам – Туркманистон бетараф мамлакат деб эълон қилинганининг 20 йиллиги билан самимий табриклайман, – деди Ислом Каримов. 

Туркманистоннинг бетарафлик мақоми халқаро миқёсда эътироф этилиши мамлакат янги тарихида туб бурилиш қилган, давлат қурилишининг асосий босқичлари ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берган муҳим воқеалардан биридир. 

БМТ Бош Ассамблеясининг 1995 йил 12 декабрда қабул қилинган «Туркманистоннинг доимий бетарафлиги» резолюцияси ўзига хос ноёб ҳужжатдир. Туркманистон БМТнинг ушбу резолюциясини мамлакатнинг Асосий қонунига киритиб, ўзининг бетарафлик мақомини конституциявий мустаҳкамлаган ягона давлатдир. 

Шуни таъкидлаш керакки, деди Президентимиз, ушбу халқаро ҳуқуқий мақом асосини Туркманистоннинг тарихий, географик ва этномаданий хусусиятлари, авваламбор, туркман халқига хос бўлган тинчликпарварлик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик каби азалий фазилатлар ташкил этади. 

Туркман халқининг бундай фазилатларини ушбу мамлакатнинг энг яқин қўшниси бўлган Ўзбекистон халқи яхши билади ва юксак қадрлайди. Бизнинг муносабатларимиз асрлар давомида вақт синовидан ўтган. Халқларимиз оғир кунларда бир-бирига елкадош бўлиб, қувончу шодликларни баҳам кўриб келган. 

Давлатимиз раҳбари ўзбек ва туркман халқининг тарихи, тили, дини ва анъаналари бир, мақсадлари муштарак эканини алоҳида қайд этди. 

Мазкур конференция Туркманистоннинг шу йиллар давомида босиб ўтган йўлини таҳлил этиш, сарҳисоб қилиш ва мамлакатнинг бугунги тараққиёт босқичлари ҳақида фикр юритиш имконини беради. 

Бетарафлик мақоми нафақат Туркманистон халқининг узоқ муддатли манфаатларига, балки минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини исботлашнинг зарурати йўқ, деб ўйлайман, деди Ислом Каримов. 

Туркманистонни бетараф давлат сифатида эълон қилиш тўғрисидаги қарор СССР парчалангандан сўнг, собиқ иттифоқнинг деярли барча республикалари ривожланишнинг мақбул йўлларини топиш, ўз мамлакати келажагини таъминлашнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бўйича изланаётган бир пайтда қабул қилинди. 

Собиқ иттифоқ республикалари ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда мустақил тараққиёт йўлини танлади. 

Ёш ва мустақил Туркманистон учун бетарафлик мамлакат ички ва ташқи сиёсатини ўзида мужассам этган узоқ муддатли мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг ўзига хос шакли ва мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилди. 

Туркманистоннинг доимий ижобий бетарафлик мақомига эга давлат сифатида замонавий ривожланиш даври бевосита Гурбангули Бердимуҳамедов номи билан боғлиқдир. У Президент лавозимида фаолиятини бошлагач, Туркманистоннинг бетарафлик мақоми сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойиди, деди Президентимиз. 

Гурбангули Бердимуҳамедов 2007 йил БМТ минбаридан Туркманистоннинг халқаро ҳамжамият учун очиқлиги, мамлакатнинг бошқа давлатлар билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини баён қилиб, бетарафлик ўз қобиғига ўралиб қолиш, халқаро муносабатлар ва ҳамкорлик алоқаларидан ўзини тийиш деган тушунчаларга чек қўйди. Бу билан Туркманистоннинг янги ташқи сиёсат стратегиясини белгилаб берди. 

Ўтган давр мобайнида Туркманистон Президенти халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, транспорт-коммуникация, энергетика соҳалари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Оролни қутқариш бўйича ҳамкорликка оид долзарб масалалар юзасидан кўплаб амалий таклиф ва ғояларни илгари сурди. Ашхободда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказини ташкил этиш ҳақидаги ташаббуси шулар жумласидандир. 

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Каспий денгизида транспорт соҳасида ҳамкорлик бўйича битим ишлаб чиқиш, БМТнинг Транспортни ривожлантиришга доир минтақалараро махсус дастурини қабул қилиш, Туркманистонда БМТ Бош Ассамблеясининг Транспорт коридорлари тўғрисидаги резолюциясини амалга оширишга бағишланган минтақавий симпозиумни ўтказиш ҳақидаги таклифлари алоҳида эътиборга лойиқдир, деб таъкидлади Ислом Каримов. 

Йирик транзит-транспорт салоҳиятига эга Туркманистон айни пайтда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда темир йўл, автомобиль, денгиз ва ҳаво йўллари орқали қатновни ўз ичига олган кенг тармоқли мультимодаль инфратузилмани шакллантирмоқда. Мамлакатларимиз транспорт йўллари минтақадаги барча давлатларнинг Эрон, Форс кўрфази ва Қора денгиз бўйида жойлашган мамлакатлар бандаргоҳларига, Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорларига чиқишини таъминлайдиган ягона тизимнинг интеграциялашган бўғинига айланиши даркор. 

Бугунги учрашувимиз халқаро майдонда вазият шиддат билан ўзгариб бораётган, геосиёсий кескинлик ва қарама-қаршилик кучайиб, глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган, жаҳон бозорларида конъюнктура беқарор бўлиб турган бир шароитда ўтмоқда. 

Халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм кенгайиб бораётгани ғоят жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бутун дунё кескин ўзгаришларни бошдан кечирмоқда, халқаро хавфсизлик архитектураси ўзгариб бормоқда. 

Табиатда вакуум, яъни бўшлиқ бўлмайди, деган ҳақиқатни такрорлашга эҳтиёж йўқ, деб ўйлайман, деди давлатимиз раҳбари. Бўшлиқ пайдо бўлган жойда уни, биринчи галда, ҳеч қандай чегара ва чекловларни билмайдиган турли бузғунчи ва босқинчи кучлар эгаллаб олади. 

Қўшни Афғонистондаги бугунги аҳволни қарама-қарши томонлар – асосан ҳукумат қўшинлари ва толибонлар ўртасидаги низо чўзилиб кетаётгани билан изоҳлаш мумкин. АЙСАФ ҳарбий контингентининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши, шунингдек, ушбу мамлакатни ташқи молиявий қўллаб-қувватлаш камайгани вазиятни янада мураккаблаштирди. 

Афғонистондан хорижий қўшинларнинг олиб чиқилиши оқибатида юзага келган бўшлиқни Яқин Шарқ минтақасидан қочиб чиқаётган босқинчи ва террорчи гуруҳлар эгаллаб олаётгани бу фикрнинг тасдиғидир. 

Афғонистондаги вазият қандай кечишидан қатъи назар, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Афғонистон муаммосини фақат бир йўл, яъни ўзаро курашаётган томонлар ўртасида БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш орқали ҳал этишдан бошқа йўл йўқ, деди Ислом Каримов. Ҳукумат ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокараларни қайта тиклаш муҳимдир. Бунда томонлар музокараларга киришишдан олдин бир-бирига ҳеч қандай шарт қўймаслиги керак. Ҳеч бир вазият ёки масала музокараларга тўсиқ эмас, балки муросага эришиш воситаси бўлиши даркор. Бунинг учун қатъий сиёсий иродага эга бўлиш, ўзаро муроса қилиш, бир-бирига ён босиш зарур. 

Муроса, яна бир бор муроса, курашаётган томонларнинг ўзаро бир-бирига ён бериши – Афғонистон муаммосини ҳал қилишнинг ягона йўли мана шу. 

Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласи бўйича позицияси очиқ ва равшан. Биз Афғонистонга қўшни мамлакат сифатида барқарор ва дўстона муносабатларни миллий манфаатларимиз, ички ишларга аралашмаслик сиёсати асосида йўлга қўйганмиз ва шундай бўлиб қолади. 

Айнан шунинг учун Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаган давлат сифатида ҳар томонлама пухта ўйланган сиёсат олиб бормоқда. Яъни, тинчликпарвар сиёсат юритиш, ҳарбий-сиёсий иттифоқ ва коалицияларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектлар жойлашувига йўл қўймаслик, ҳарбийлари чет эллардаги операцияларда иштирок этмаслик каби қатъий йўлни танлаган. 

Кучларнинг глобал ва минтақавий жойлашувидаги мураккаб ўзгаришларга нисбатан Туркманистон билан ёндашувларимиз ўхшашлиги, замонамизнинг бошқа долзарб муаммоларини ошкора муҳокама этишга тайёрлигимиз бизнинг ҳамфикр эканимизни кўрсатади, деди Президентимиз. 

Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлиги бўйича вазмин ташқи сиёсат стратегиясини, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақамиз мамлакатларининг иқтисодий интеграциялашуви ва барқарор ривожланишига қаратилган ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди. 

Туркманистоннинг амалий халқаро ҳамкорлик учун очиқлигини эълон қилган бетарафлик концепцияси бундан кейин ҳам мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, унинг миллий манфаатларини халқаро миқёсда илгари суришга хизмат қилишига ишонамиз, деди пировардида Ислом Каримов. 

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Бунда аввало икки давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин дўстлик, ишонч ва ҳурмат муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларига юқори баҳо берилди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Дунёнинг турли минтақаларида вазият кескинлашмоқда, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи ортиб бормоқда, деди давлатимиз раҳбари. Бугун терроризм турли шакл ва кўринишларда намоён бўлмоқда, унинг туб сабаб ва манбаларига қарши курашиш зарур. 

Гурбангули Бердимуҳамедов Президентимиз Ислом Каримовга ушбу байрам ва халқаро конференцияда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга ташрифи ниҳоясига етди. 

Анвар Самадов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА


DB query error.
Please try later.