13.12.2015

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР

қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида «Идоравий норма ижодкорлигининг ҳуқуқий аҳамия­ти» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда бир қатор вазирлик ва ташкилотларнинг шу соҳага масъул мутахассислари иштирок этди.

Анжуманда қайд этилдики, вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар миллий қонунчилик тизимида муҳим аҳамиятга эга. Экспертларнинг хулосасига кўра, бундай ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш мураккаб жараён. Ташкилий тадбирлар, зарур маълумотлар тўплаш, катта ҳажмдаги таҳлилий ишлар, лойиҳани тайёрлаш ва уни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш шулар жумласидандир.

Мазкур вазифаларни талаб даражасида бажариш эса юридик хизмат ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Адлия вазирлиги ва унинг қуйи тизимлари томонидан ушбу фаолият устидан доимий назорат олиб борилмоқда. Қайд этиш лозимки, ўтган йиллар мобайнида ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб, соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштириб борилди. Хусусан, 2012 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунда мазкур соҳага оид янги меъёрлар белгиланди. Жумладан, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланди.

Бундан ташқари, қонунга кўра, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилди. Бундай ёндашув вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги масъулиятини янада оширишга қаратилган.

Шу билан бирга, давлат рўйхатидан ўтказилмаган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмаслиги ҳам Қонунда ўз ифодасини топди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур ҳужжат билан экспертизанинг иккита янги тури жорий этилди. Улардан биринчиси, норматив-ҳуқу­қий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари тизимида коррупция, бош­қа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун ша­роит яратадиган қоидалар ва нормалар бор ёки йўқлигини аниқлашдан иборат.

Иккинчиси эса, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар келтириб чиқарувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор ёки йўқлигини аниқ­лаш­га қаратилган. Ҳуқуқий экспертиза натижасида идоравий норматив-ҳу­қуқий ҳужжатнинг талабга жавоб бермаслиги аниқланган тақдирда, уни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.

2015 йилнинг тўққиз ойи давомида Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун 388 ҳужжат тақдим этилган бўлса, унинг қарийб 21 фоизини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.

Адлия вазирлиги вазирлик ва идоралардан уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилган норматив-ҳу­қуқий ҳужжатларини қо­нунчиликка мувофиқ ҳолга келтиришни талаб қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда вазирлик ҳамда идоралар ўн кун муддатда ҳуқуқий экс­пертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгартиш ва қўшимчаларни Адлия вазирлигига тақдим этишга мажбурдир.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вазирлик ва идораларга давлат рўйхатидан ўтказилган 203 норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қонунчилик асосида қайта кўриб чиқиш тўғрисида 58 тақдимнома киритилган. Таъкидлаш ўринлики, эскирган ва ноқонуний нормаларни ўз ичига олган идоравий ҳужжатларнинг амалда бўл­маслигини таъминлаш мақсадида тегишли меъёрий ҳужжатлар давлат ­реестридан чиқарилади. Бу эса ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юридик кучга эга эмас, деб ҳисоблаш учун асос бўлади.

Соҳага оид камчиликларни бартараф этишда юридик хизмат ходимлари учун жойларда ташкил этилаётган сайёр семинарлар, давра суҳбатлари қўл келмоқда. Ушбу тадбирларда адлия органлари ходимлари томонидан муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ тавсия ва кўрсатмалар бериб келинмоқда. Мат­буот анжуманида, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш баробарида, уларни расмий эълон қилиш, манфаатдор шахслар эътиборига етказиш ҳам жиддий масала эканлиги таъкидланди.

Тадбирда журналистлар ҳамда юридик хизмат ходимлари ўзларини қи­зиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олишди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.