13.12.2015

ПАРТИЯ АЪЗОСИ ФАОЛ БЎЛСА,

қуйи бўғин фаолияти кучаяди

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан Хонқа туманида ўтказилган бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган семинарда бунга алоҳида урғу берилди. Семинарда партия вилоят, туман ҳамда шаҳар кенгашлари раислари, йирик бошланғич ташкилотлар етакчилари иштирок этди.

Ҳар қандай партиянинг тарафдорлари кўпайи­ши, амалий дастурлари ҳаётга татбиқ этилишида қуйи бўғиннинг алоҳида ўрни бор. Партия ғоя ва мақсадларини жамоатчиликка тушунтириш ҳамда қўллаб-қувватланишида улар муҳим ўрин тутади. Демак бошланғич ташкилотлар зарур услубий ва амалий қўлланмалар билан таъминланиши, етакчиларнинг сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилияти юқори бўлмоғи керак, дейишди сўзга чиққанлар.

Семинар икки босқичда ташкил этилиб, унинг биринчи босқичида иштирокчилар намунали бошланғич ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишишди. Жумладан, Хонқа шаҳарчаси 4-маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги қуйи бўғин фаолияти ҳар томонлама ибратга лойиқ. Дилфуза Холмуродова етакчилигидаги мазкур бошланғич ташкилот сафида 73 аъзо бор. Маҳалланинг энг фаол инсонлари бўлган партиямиз аъзолари ҳудудда яшовчи фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ечимини топишда ҳамжиҳатлик кўрсатишмоқда. «Хонқа кафолат савдо» шўъба корхонаси қошидаги БПТ аъзолари хақида ҳам шу фикрларни билдириш мумкин.

Семинарнинг иккинчи босқичида бошлан­ғич партия ташкилотлари фаолиятини тубдан кучайтириш, партиянинг негизи сифатида электорат вакиллари билан ишлаш, Сайлов­олди дас­турида белгиланган вазифаларни бажаришда аъзолар ташаббуси, тажрибасига суяниш борасида фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Шунингдек, намунали БПТлар фаолияти борасида тажриба алмашилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бугун вилоят партия кенгашининг жойларда 720 бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Урганч, Хонқа ва Хива туман кенгашидаги бошланғич ташкилотларда иш тўғри ва тизимли йўлга қўйилган. Уларда етарли тажриба, ўрганишга муносиб иш услуби бор. Шу билан бирга, фақат қоғоздагина мавжуд БПТлар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Семинарда уларнинг ишини кучайтириш, партия дастурий ғоя ва мақсадларини тар­ғиб қилишда қуйи бўғин имкониятларидан самарали фойдаланиш, фаол ишлаётган бошланғич ташкилотлар тажрибасини оммалаштириш масалаларида таклифлар айтилди.

Боғибек ҚОСИМОВ, ЎзХДП Ҳазорасп туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати:

— Туманимизда 86 бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Биз аъзолар билан ишлашда янгича ва замонавий услубларни жорий этяпмиз. Масалан, «Бошланғич партия ташкилотлари куни»да фаол қуйи бўғинлар фаолияти билан танишамиз, аъзолар билан эркин суҳбатлар уюштирамиз. Депутатлар иштирокида уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганамиз. Ҳозир қуйи бўғинларда вақти-вақти билан Кўчма жамоатчилик қабулхоналари ташкил этиш чораларини кўряпмиз. Бу тадбирлар, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Аҳмаджон ВАИСОВ, Хонқа туман партия кенгаши раиси:

— Очиғи, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишда камчиликларимиз оз эмас. Намунали БПТ тажрибасини кенг ёйиш учун бундай семинарларни тез-тез ўтказиб туришимиз керак, деб ўйлайман. Бу тажрибани вилоят ва туманлар миқёсида ташкиллаштириш яхши самара беради.

Шунингдек, семинарда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири Дониёр Каримов партия кенгашларининг қуйи бўғинлар фаолиятини кучайтириш борасидаги вазифалари ҳақида гапириб ўтди.

Семинар сўнггида бошланғич ташкилотлар ишини кучайтириш, етакчилар фаоллигини ошириш бўйича билдирилган таклифлар умумлаштирилди ва шу асосда навбатдаги вазифалар белгиланди.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.