Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
13.12.2015

МУРОЖААТЛАРГА ЮЗАКИ ЁНДАШИБ БЎЛМАЙДИ,

уларнинг ортида инсон ҳақ-ҳуқуқи, манфаати бор

Сайловда аҳоли катта ишонч билдириб, депутатни сайлаган. Бугун улар берилган ваъдалар асосида халқ вакилларидан амалий иш кутяпти. Бу ишончни оқлаш, одамлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуши янада фаровон бўлишига кўмаклашиш ҳар бир депутатдан катта масъулият талаб этади. Шу мақсадда сайловчилар билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳар ҳафта фуқаролар билан учрашаман, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини эшитаман.

Депутатлик фаолиятим давомида бир нарсага амин бўлдимки, аҳоли мурожаатларига юзаки ёндашиб бўлмайди. Бизга одамлар мурожаат қиляптими, демак уларни нимадир ўйлантиряпти, қандайдир қийинчиликка учраяпти ёки бўлмаса ҳудудда ҳал қилинадиган масалалар бор. Уларни вақтида ўрганиш, кечиктирмасдан бартараф этиш эртага рўй бериши мумкин бўлган катта муаммонинг олдини олишга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Маълумки, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунда депутатнинг ҳуқуқларидан бири сифатида депутат сўрови билан мурожаат этиш белгиланган. Унга асосан депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаат билан чиқишга ҳақли.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Андижон вилоятидаги 21-Юқори ҳосил сайлов округида фуқаролардан турли масалаларда мурожаатлар бўлди. Уларнинг ечими бўйича тегишли идора ва ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Хусусан, Избоскан тумани Мойгир қишлоғи Юқори ҳосил маҳалласида яшовчи фуқаролар «Избоскан сувоқава» МЧЖ га қарашли «Мойгир сув булоғи» сув қудуғи яроқсиз ҳолга келгани натижасида тоза ичимлик суви масаласида қийинчиликка дуч келишаётгани ҳақида мурожаат қилишди. Ушбу масала бўйича «Избоскан сувоқава» МЧЖга депутатлик сўрови юборилди. Белгиланган муддатда мутасадди ташкилотдан жавоб хати келиб, унинг ижроси бўйича жамоатчилик назорати олиб борилди. Саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг сувга бўлган талабининг бир қисми қондирилди, қолгани эса келгуси йилдаги туман ва вилоятнинг ҳудудий дастурларига киритилиши режалаштирилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Депутат сўрови турли масалаларда бўлиши мумкин. Сўров юборишдан олдин депутат муаммони атрофлича ўрганиб чиқиши керак, деб ўйлайман. Шунда сўровда баён этилган масала аниқ ва асосли қўйилган бўлади. Айтайлик, депутат қандайдир масала юзасидан назорат ўрнатди, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишга киришди. Шундан сўнг муаммога бевосита алоқадор ва масъул бўлган тегишли ташкилотларга сўров юбориши, унинг натижаларини умумлаштириши, керак пайтда, уни халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш муҳокамасига олиб чиқиши зарур бўлади. Албатта, бу билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Мутасадди ташкилот раҳбарининг депутат юборган сўровга жавоби устидан ҳам депутатлик назоратини ўрнатиш талаб этилади.

Масалан, депутат аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича мутасадди ташкилотга сўров юборди. Жавобда бу масала ҳудудий дастурга киритилгани қайд этилди. Очиғини айтиш керак, кўпчилик депутатларимизда ана шундай ҳолларда «расмий жавоб олдим, вазифамни бажардим», деган фикр бўлади. Лекин шундай вазиятлар бўладики, масала ечилмай қолади. Масала белгиланган вақт­да ҳал этилдими, йўқми, сўровимдан бирон-бир натижа чиқдими, йўқми, депутат ўзига доим шу саволларни бериши зарур, деб ўйлайман.

Яна бир гап. Мурожаатлардан келиб чиқиб бир қатор масалаларда жамоатчилик ва депутатлик назоратини янада кучайтириш лозим, деб ҳисоблайман. Мисол учун, тўлов терминаллари масаласида кўплаб мурожаатлар бўляпти. Хусусан, қурилиш материаллари сотиш ҳисобхоналарида терминаллар ўрнатиш, деҳ­қон бозорларининг мева-сабзавотлар учун марказлашган повилионлар ташкил этиш ва терминаллар ўрнатиш, қишлоқ ҳудудида маршрутлар бўйича хизмат қилаётган транспорт воситаларига автотранслар орқали тўлов карталари жорий қилиш ёки терминаллар ўрнатиш каби таклифлар билан чиқиляпти.

Шу каби бир-бирига ўхшаш ва кўп учраётган масалаларни маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига киритиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари қарорлари бажарилиши устидан қатъий назорат олиб бориш ҳам талаб этилади. Бу, ўз навбатида, электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар тезроқ ҳал бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда таькидлаб ўтиш керакки, туман Кенгашига сайланган 25 нафар депутатнинг 14 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакили экани зиммамизга катта масъулият юклайди.

Депутатлик фаолияти кишидан тиниб-тинчимасликни, ўзига нисбатан ўта талабчанликни тақозо этади. Ҳали қилишимиз лозим бўлган ишлар талайгина. Айрим бошланғич партия ташкилотлари билан алоқамиз етарли даражада мустаҳкамланмаган. Бошланғич партия ташкилотларида сиёсий ўқувлар, ранг-баранг тадбирлар ўтказиш, Жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этиш навбатдаги вазифаларимиздан ҳисобланади.

Хулосам шуки, депутат одамлар орасида бўлиши, уларнинг манфаати учун елиб-югуриши керак. Шунда муваффақиятга эришади, обрў-эътибор қозонади.

 

Раъно ҚАМБАРОВА,

халқ депутатлари Избоскан туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.