10.12.2015

ОНА ВА БОЛА СОҒЛОМ БЎЛСА,

оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғриси, ҳар йили Конституция байрами олдидан ҳар биримиз ниятимиз, режаларимизга қараб, янги йил ҳақида кўнглимизга бир ном тугиб қўямиз, «шундай йил бўлса, яхши бўларди-да», деб ўйлаймиз. Президентимиз тантанали маросимда кириб келаётган 2016 йилни мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили деб номлашни таклиф қилганида чексиз қувончга тўлиб, ён-атрофимга қарадим.

Ҳамманинг юз-кўзида ҳаяжон, мамнунлик ифодасини кўрдим. Шунда сездимки, бу барчамизнинг, хал­қимизнинг кўнглидаги гап бўлди, барчамизнинг юрагимиздаги эзгу орзуларни ифода этди.

Очиғи, йил эълон қилингач, она сифатида юрагим бир олам ифтихорга тўлди. Фарзандларимиз, невараларимизнинг соғ-саломат улғайиши, комил инсон сифатида камолга етиши учун кўрсатилаётган ғам­хўр­ликлар, ўйлайманки, ҳар бир ота-онани қувонтиради. Болаларимизга яратиб берилаётган бугунги ша­роит ва имкониятларни кў­риб биз улғайган замондаги аҳволни беихтиёр эсладим. Қиёсласак, ер билан осмонча фарқ бор...

Эсимда, биз ёш бўлган пайтимизда қишлоқлардаги мактаблар ҳам бир аҳволда эди. Ҳали суяги қотмаган жажжигина болалар совуқ кунлари тенгдошлари билан бир-бирига суяниб, қалтираб мактабга борарди. Синф хоналари эса тор ва зах, шароитлар ҳам ўзига яраша эди. Ўқитувчиларнинг кўпчилиги олий маълумотга эга эмасди. Мактабдан қайтгач, қуёш ботганча каттадан кичик ҳамма далада меҳнат қиларди. Кечга ­бориб, китоб ўқишга киришиларди. Лекин кўзимиз илиниб кетаверарди.

Ҳозир фарзандларим, невараларим учун яратиб берилган шароитлардан кўзим қувнайди. Очиғини айтсам, ёш бўлиб қолгим келади. Ҳар куни неварамни мактабга кузатиб қўяман. У мактабда ўрганганлари ҳақида оғзидан бол томиб гапиради. Бу каби ҳислар бугун боласини, неварасини боғчага, мактабга кузатаётган ҳар бир ота-она, бобо-бувининг юрагидан ўтса керак, деб ўйлайман. Аслини олганда, ­дунёда бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. 

Шу куни Президентимиз «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади», деган ҳаётбахш ғоя ҳар бир юртдошимизнинг қалбига чуқур кириб бориши, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланиши лозимлигини алоҳида уқтириб ўтди.

Чиндан ҳам ҳаёт давомчилари бўлган оналарга, келажагимиз таянчи ва суянчи бўлган фарзандларимизга, оилага ғамхўрлик қилиш бутун жамиятнинг эртасини ўйлаш демакдир. Шу маънода олиб қарасак, оналарга, болаларга ғам­хўр­ликнинг янада кучайиши бу миллат келажагига эътибор янада ошаётганини билдиради.

Давлатимиз раҳбари Соғ­лом она ва бола йилида олдимизда турган муҳим вазифаларга тўхталар экан, шулар қаторида тиббиёт муассасалари, жумладан, жойларда фаолият кўрсатаётган перинатал марказларнинг моддий-техник базасини, уларнинг кадрлар салоҳиятини янада кучайтириш, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарасини ошириш, перинатал ҳамширалар сонини кўпайтириш, акушер-гинекологлар, болалар шифокорларининг малакасини юксалтириш масалаларига алоҳида аҳамият бериш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Бу  масалалар партиямиз дастурий мақсадларига бевосита ҳамоҳангдир. Пар­тиямиз Сайловолди дастурида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланган. Шу нуқтаи назардан қараганда, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни изчил ва тизимли амалга оширишда фаол қатнашиш, бу борада янги ташаббуслар, ғоялар билан чиқишимиз талаб этилади.

Мамлакат миқёсида олдимизга қандай мақсад қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси мужассамдир.

Кўнглимиздаги ана шу қутлуғ ният ҳаммамизни Соғлом она ва бола йилида янада мустаҳкам жипслаштириб, астойдил меҳнат қилишга ундайди.



DB query error.
Please try later.