Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
10.12.2015

ХАЛҚ ҚУДРАТИ МУЖАССАМ ҚЎШИҚ

Ҳар тонг мадҳиямиз садолари остида янги кунга пешвоз чиқар эканмиз, қалбимизда ёрқин туйғулар уйғонади. Дунёда куй кўп, қўшиқ кўп, аммо халқни ягона мақсад йўлида бирлаштиришга, миллий ғурурни юксалтиришга қодир қўшиқ – бу мадҳиядир.

Президентимиз Ислом Каримов 1992 йил 10 декабрда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мад­ҳияси тўғрисида»ги қонунни имзолади. Шу куни мадҳиямиз қабул қилинди.

Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, фуқароларимиз, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган бошқа шахслар ҳам мад­ҳиямизни ҳурмат қилиши шарт.

Бугун мадҳиямиз давлатимизнинг бошқа рамзлари қатори эзгу интилишларимиз ва ёруғ мақсадларимизга ҳамоҳанг, халқимизни саодатга элтувчи чинакам тимсолга айланди.

Миллий мадҳиямиз садолари давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг давлат бошлиқларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамларида, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда.

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз таълим масканларида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида камол топтиришга хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз мадҳиямизни куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямиз халқимизнинг асрий орзулари, келажакка мустаҳкам ишончини теран ифодалаган.

Серқуёш — юртимиздаги бетакрор иқлим ва танланган тараққиётнинг ёруғ йўли, ҳур — миллий мустақиллик ва ривожланиш, ҳақсевар — Ватанимиз табарруклиги ва адолат тантанаси, оламни маҳлиё айлаганлик — бой ўтмиш,  юксак салоҳият ва қудрат ифодаларидир.

Юртимизнинг элга бахт ва нажот бўлиши — миллий ҳамжиҳатликдаги тараққиётни, дўстларга йўлдош ва меҳрибонлиги — халқаро ҳамжамиятга фаол интеграциялашув жараёнида ҳамиша тинч­лик ва фаровонлик тарафдори эканини англатади.

Жаҳонда то абад илму фан, ижод яшнар экан, Ватанимиз шуҳрати ҳам мангу порлаши — улуғ аждодларимиздан мерос буюк интеллектнинг авлодлар оша абадий яшаши ва амалда ўзини намоён этаверишидир. Мадҳиямизда аждодларимиз — мардона руҳ эгаси, авлодлар — эркин ва ёш қанот тарзида таърифлангани улуғ халқ қудратининг миллий негизини янада ойдинроқ ифодалайди.

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони — ҳаётимизни барҳаёт, умрзоқ ва бизни ҳамиша саодатга элтувчи миллий мезонлар асосига қурганимизни, мамлакатимизда эътиқод эркинлиги кафолатланганини, ўзимиз танлаган эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни англатади. Бу йўлда истиқлол машъали ва тинч­лик посбонидир.

Ҳа, халқимизнинг Бош қўшиғи — мадҳиямиз вужудимизга она сути, алласи ва улуғ аждодларимиз ўгити билан кирган бемисл миллий қудрат, мустаҳкам иродани эслатиб туради. Бу мус­тақиллигимизни мустаҳкамлашга, бугунги эркин ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етишга, унинг янада зиёда бўлиши учун мунтазам курашишга ундайди. Зотан, ўз миллий тимсолларини улуғлаган халқ ҳамиша мағрур, йўли ойдин, келажаги буюк бўлади.

 

Дилшод КАРИМОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.