10.12.2015

ЎЗБЕКИСТОНДА ҲАР БИР БОЛА ҲИМОЯДА

Пойтахтимизда «Алоҳида эҳтиёжли болалар ижтимоий ҳимояси ва жамиятга интеграциялашуви» мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди.

Анжуман «Sen yolg'iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Маданият ва спорт ишлари, Молия вазирликлари, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, БМТ Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, халқ­аро ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, хорижлик мутахассислар, эксперт ва олимлар, педагоглар ҳамда шифокорлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов, «Sen yolg'iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси директори Р.Мустаев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Р.Фудерич, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари Ю.Штерк ва бошқалар юртимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида алоҳида эҳтиёжли болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг соғлом тенгдошлари қатори билим олиши, келгусида жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ёш авлодни руҳан тетик, жисмонан бақувват, мус­тақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунё­қарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш бўйича стратегик механизм йўлга қўйилган. Истиқлол йилларида мамлакатимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайди. «Она ва бола скрининги» дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён қарийб икки баробар камайди. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Соғлом она — соғлом бола» миллий модели халқаро ҳамжамият томонидан самарали стратегия сифатида эътироф этилган. Юртимизда жаҳон андозалари даражасида барпо этилган бирламчи тиббий-профилактика тизими, она-бола скрининг хизмати касалликлар ва болалар ногиронлигининг олдини олиш, оилада соғлом фарзандлар туғилишини таъминлашга хизмат қилаётир. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, соғ­лиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинлари, шу жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг кенг тармоғи яратилгани натижасида аҳоли, авваламбор қишлоқ жойлардаги оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини фойдали микроэлемент­лар билан бойитиш, иммунизация тадбирларини режа асосида ташкил этиш, болалар ўртасида витамин етишмаслигининг олдини олиш мақсадида саплементация тадбирларини ўтказиш, ҳомиладор аёлларга бепул поливитаминлар етказиб бериш борасида амалга оширилаётган дас­тур ва лойиҳалар ўз натижасини бераётир. Ана шундай хайрли ишлар самарасида «Save the Сhildren» халқ­аро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олган.

Ўзбекистонда бола ҳуқуқларига оид бешта халқаро конвенция ратификация қилинган, ўндан ортиқ қонун қабул қилинган. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқ­аро конвенциясида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида«ги қонун асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмоқда.

Мамлакатимизда ота-она меҳридан маҳрум ва имконияти чекланган болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва мактабгача тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини бос­қичма-босқич мус­таҳкамлаш, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўқув-тарбия жараёнини тубдан такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётир.

Халқаро форумда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, алоҳида эҳтиёжли болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, бу борадаги қонуний асосларни янада такомиллаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Анжуманда хорижий иштирокчилар Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва жамиятга интеграциялашувини таъминлаш, уларга ҳар томонлама тиббий-ижтимоий кўмак кўрсатиш, ижодий қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш борасидаги ишларни юксак баҳолади. Мамлакатимизда бу борадаги вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда давлат ташкилотлари қатори жамоат тузилмалари ҳам фаол иш олиб бораётгани қайд этилди.

«Sen yolg'iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, мураккаб тақдирли болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жамиятга интеграциялашувига ёрдамлашиш борасида изчил ишларни амалга оширмоқда. Кам таъминланган оилалар фарзандлари, алоҳида эҳтиёжли болалар юртимиз ва хорижий клиникаларда даволанаётир. Туғма хаста болалар учун коррекцион-даволаш курслари, тиббий кўриклар ўтказилиб, ота-оналарга ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий кўмак берилмоқда.

Бундай эзгу ишлар халқаро миқ­ёсда ҳам ўрнак олишга арзигулик тажриба сифатида эътироф этилмоқда.

— Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ратификация қилган ва бу ҳужжат ҳаётга изчил жорий этилмоқда, — деди ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич. — Бу омил мамлакатингизда ҳар бир болага бирдек улкан эътибор ва ғам­хўрлик кўрсатилишидан далолат беради. Мазкур халқаро форум ғоят долзарб масалага бағишланди. Унда алоҳида эҳтиёжли болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва жамиятга интеграциялашувини таъминлаш бўйича ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш имконига эга бўлдик. Ўзбекистонда ушбу йўналишда катта ишлар қилинганини алоҳида таъкидламоқчиман. ЮНИСЕФ бундан кейин ҳам Ўзбекис­тон билан ёш авлодни, жумладан, алоҳида эҳтиёжли болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида ҳамкорлик қилишда давом этади.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастурининг амалга оширилиши самаралари мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётган улкан эътиборнинг яққол тасдиғидир. Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилган, унинг сифати халқ­аро талабларга тўлиқ жавоб беради. Юртимизда болаларни мактабга тайёрлаш бўйича ҳам самарали тизим йўлга қўйилган. Бунда жорий этилган дастурларда болаларнинг ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши каби омилларга катта аҳамият қаратилмоқда.

Спорт мамлакатимизда ёш авлодни камол топтиришнинг ажралмас таркибий қисмига айланган. Уни болалар ва ўсмирлар, айниқса, қизлар ўртасида оммалаштириш, соғ­лом турмуш тарзини кенг қарор топтириш бўйича ноёб тизим яратилган. Нафақат шаҳарларда, балки энг олис туманларда ҳам замонавий спорт мажмуалари барпо этилган. Хусусан, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси баркамол авлодни воя­га етказишда муҳим ўрин тутмоқда. Жам­ғарма ташкил этилганидан буён мамлакатимизда 1700 дан зиёд спорт иншооти барпо этилди. Улар замонавий спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланди. Бу болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлаши, ёшларимизнинг жаҳон майдонларида улкан ютуқларни қўлга киритиши, халқаро миқёсда Ватанимиз нуфузининг янада ошишига замин яратди.

Мамлакатимизда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда инклюзив таълим тизими тобора ривожланмоқда. Мазкур жараёнда таълим муассасаларида алоҳида эҳтиёжли ўғил-қизлар соғ­лом тенгдошлари қаторида давлат таълим стандартлари асосида, тенг шароитларда таҳсил олиши учун барча қулайликлар яратилган. Бу уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини енгиллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Бундай болалар ҳам дидактик ва ҳаракатли, сюжетли-ролли ўйинларда, оммавий тадбирларда, спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, топшириқларни бажариш имконига эга бўлаётгани инклюзив таълимнинг юксак самарасидир.

— Ўзбекистонда алоҳида ёрдамга муҳтож болаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва инклюзив таълим тизимини изчил такомиллаштиришга катта эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор, — деди Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари Юрий Штерк. — Мамлакатингизда Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси муваффақиятли ва ғоят самарали жорий этилмоқда. 2014 йилнинг март ойидан ишга тушган мазкур лойиҳа доирасида жисмоний имконияти чекланган кўплаб болаларнинг жамиятга интеграция­лашуви таъминланмоқда, соҳада педагоглар малакасини ошириш, янги ўқув дастурлари ишлаб чиқиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон билан бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз.

Халқаро форумда ёш авлод камолоти йўлидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, соҳа муассасалари фаолиятини ва ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Оилада маънавий қадриятларни кенг қарор топтириш, эҳтиёжманд оилалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга манзилли кўмак бериш, уларнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш, бу йўналишда профессионал кадрлар тайё­рлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасидаги миллий ва хорижий тажриба юзасидан фикр алмашилди.

— Ўзбекистонда барча болаларнинг, жумладан, алоҳида эҳтиёжга эга ўғил-қизларнинг баркамол авлод бўлиб вояга етиши йўлида барча шароит яратилган, инклюзив таълим тизими яхши йўлга қўйилган, — деди халқаро эксперт Юрген Беккер (Австрия). — Ўзбекис­тон ва Европа Иттифоқи томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган «Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси ёш авлодни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу лойиҳа алоҳида эҳтиёжли болаларга тенг ва инклюзив ёндашувни таъминлаш бўйича барқарор ва узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш, педагог ва бошқа мутахассислар учун инклюзив таълим усулларини такомиллаштиришга кўмаклашмоқда.

«Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлиги жамиятимизда юксак маънавий муҳитни қарор топтириш, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирларга қарши туришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбир иштирокчилари Ўзбек­ис­тонда бола камолоти йўлидаги бу каби долзарб вазифаларнинг муваффақиятли ижроси оилалар, мактаблар, соғлиқни сақлаш тизими, давлат ва жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтларининг ўзаро ҳамкорлигида таъминланаётганини юксак баҳолади.

 

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.