06.12.2015

ЗУККО ВА ФИДОЙИ ХОТИН-ҚИЗЛАР

Бош қомусимиз қабул қилинганининг 23 йиллиги арафасида «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари ғолиблари аниқланди

Танловнинг Жиззах вилоят босқичида шаҳар ва туманларда биринчиликни олган ўн уч нафар хотин-қиз қатнашди. Улар ўзлари танлаган йўналишлар бўйича бизнес лойиҳаларини тақдим этишди. Қонунларимиз — ҳаётимизнинг асоси ҳамда сиёсий ҳозиржавоблик шартларида билим ва иқтидори, зукколикларини намойиш этишди. — Тижорат банкидан оладиган кредит ҳисобидан ўз бизнесимни очмоқчиман, — деди Дўстлик туман халқ таълими муассасалари фаолиятини услубий таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ходимаси Гулбаҳор Нормуродова. — Шифобахш гиёҳлар етиштиришни йўлга қўйиш орқали аввалига 4 нафар хотин-қизни иш билан таъминлашни режалаштиряпман. Менинг бу лойиҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам ижтимоий аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Қизиқарли ҳамда соғлом рақобат тарзида ўтган кўрик-танловда Жиззах шаҳри вакиласи Ҳалима Неъматова ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг республика бос­қичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

— Танлов барчамизда яхши таассурот қолдирди, — дейди ЎзХДП Мирзачўл туман кенгаши раиси Ҳаким Намозов. — Танлов ўз номи билан танлов. Унда кимдир ғолиб бўлиши табиий. Аммо менга қолса, иштирокчи аёлларнинг ҳаммасини фаол, совриндор дегим келди. Улар кўрик-танловнинг вилоят босқичига, албатта, ғолиб бўламан, деган ният билан жиддий тайёргарлик кўриб келишган. Бу эса танловга ўзгача руҳ, ўзгача мазмун бағишлади, унинг таъсирчан, қизиқарли, эсда қоладиган тарзда ўтишини таъминлади.

* * *

Сирдарёда кўрик-танловнинг вилоят босқичи партияга бирлашган 4446 нафар хотин-қиз сиёсий фаоллигининг ўзига хос намойишига айланди. Шу куни Гулистон шаҳридаги вилоят маънавият ва тар­ғибот маркази мажлислар зали вилоят рассомлар уюшмаси аъзоларининг ижод намуналаридан бўлган аёл портретлари, тасвирий санъат намуналари, партиянинг рамзий белгилари туширилган кўргазмали воситалар билан безатилди.

Вилоят туман ва шаҳарларидан келган 11 нафар иштирокчи орасидан ғолибни танлаш эса осон кечмади.

— Намойиш этилган 11 лойиҳа бир-бирини ҳеч такрорламайди, — дейди ҳайъат аъзоси олима Ўғилой Эрбутаева. — Барчаси партия электорати манфаатларига мос равишда, ҳудуд шароитидан келиб чиққанлиги билан характерли. Мисол учун, Ховос тумани вакиласи Сайёра Сангилованинг аёлларни уй шароитида иш билан таъминлашга қаратилган, остоналар учун тўшама ва гиламдўзлик буюмларини тайёрлашга мўлжалланган лойиҳаси туман аҳолиси турмуш шароитига мос келади.

Муҳаббат Бўронова, Гулистон туман хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Туманда ЎзХДП аъзоси бўлган билимдон хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Ўзим ҳам шу партия аъзосиман. Қизғин ўтган танловдан хулоса қилиб айтишим керакки, иштирокчилар сиёсий фаолликда бир-биридан қолишмади. Лойиҳалар тақдимотигина эмас, қонунлар шарҳи, давлат ва сиёсат ҳамда демократик қадриятларга оид савол-жавоб шарт­лари жуда қизиқарли ўтди.

Ибодат Худойназарова, Ховос тумани:

— Иштирокчилардан бундай фаолликни кутмагандик. Шундай тадбирларни сиёсий партиялар ўтказсин экан-да. Чиройли, ихчам ва мазмунли. Томошабинлар учун ҳам зерикарли бўлмади чоғи, охиригача ҳеч ким зални тарк этмади.

Гулчирой Раҳмонова, танловнинг Сирдарё вилоят бос­қичи ғолиби:

— Шу ерга етиб келгунча, тўғриси, кўп изландим. Ишлаб турган лавозимим масъулиятини қайта ўрганиш учун ҳар бир мактаб муассасасида бўлдим. Шаҳримиздаги «Обод юрт» маҳалласида ҳар бир хонадонда ўзим илгари сурмоқчи бўлган лойиҳам юзасидан иш олиб бордим. Қонунлар мазмун-моҳияти ва аҳоли ҳаётига муштараклиги бўйича суҳбатлар ўтказдим. Бошқа иштирокчилар ҳам кам меҳнат қилмаганлиги кўриниб турибди. Қомусимиз байрами олдидан ўтказилган танловда меҳнатларимни руёбга чиқара олганимдан, партиядошларимни эътиборига лойиқ топилганимдан хурсандман, албатта. Энди республика бос­қичида ҳам муносиб қатнашиш учун янада қатъи­ят билан изланаман.

* * *

Урганч шаҳридаги Санъат коллежи ҳар қачонгидан гавжум бўлди. «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг Хоразм вилоят босқичи мана шу кошонада ўтказилаётгани сабабли бу ерга танлов иштирокчилари, уларни қўллаб-қувватловчи яқинлари, ҳамкасблари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишди.

Танлов иштирокчиси Дилнура Қурбонова Янгиариқ тумани марказидан узоқда жойлашган «Гулобод» қишлоғида истиқомат қилади. Ёш тадбиркор ўз қишлоғида фойдаланилмаётган бинони ижарага олиб, йигирма бир нафар хотин-қизни ишга жалб этган. Чеварлар томонидан тикилаётган турли хил махсус иш кийимлари, ўсмирлар учун костюм-шимлар аллақачон ўз харидорларини топган. Дилнура Қурбонова тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш учун банк­дан кредит олишни режалаштирган. Янгиариқ туман ҳокимлигининг қарорига асосан ёш тадбиркорга 30 квадрат метр ер майдони ҳам ажратилди. Унинг янги бизнес режаси амалга ошса, яна 5 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.

Кўрик-танловнинг вилоят бос­қичига етиб келган хивалик Зумрад Матниёзова, шовотлик Роҳатой Ёқубова, хонқалик Нигора Абдул­лаева, урганчлик Муқаддас Абдикаримованинг касаначилик билан шуғулланиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, қишлоқда ичимлик сув таъминотини яхшилаш, аҳолига арзон ва сифатли парранда ҳамда парранда маҳсулотлари етказиб бериш борасидаги лойиҳалари ҳам ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

Танловнинг «Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир» деб номланган шартида Боғот иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси Камолот Саидова эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, бу масаланинг ҳуқуқий томонлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Иштирокчилар танловнинг сиёсий ҳозиржавоблик шартини ҳам тўлақонли ва талаблар асосида бажаришга ҳаракат қилишди. Якуний натижаларга кўра, Хазорасп Педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Рашида Султонова биринчи, 
Боғот иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси Камолот Саидова иккинчи, вилоят Ахборот-ресурс маркази бўлим мудири Муқаддас Абдикаримова учинчи ўринга сазовор бўлди.

— Кўрик-танловда иштироким менга кўп нарсаларни ўқиб-ўрганиш, анчадан бери орзу қилиб юрган бизнес лойиҳамни амалиётга татбиқ этиш, ўз устимда янада кўпроқ ишлаш, янги дўстлар орттиришимда катта ёрдам берди, — дейди Рашида Султонова. — Бундан кейин ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол аёли номини оқлаш, партиямизнинг мақсад ва вазифаларини тарғибот-ташвиқот қилишда ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ.

Жанглиш ҲАСАНОВА.

Санобар БЕРДИЕВА.



DB query error.
Please try later.