Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
06.12.2015

ИҚЛИМ ЎЗГАРИШЛАРИ

кун тартибидаги масала

29 ноябрь куни Франция пойтахти Парижда бошланган Ер сайёраси миқёсидаги глобал муаммо — иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро конференция ўз ишини давом эттирмоқда. Унда 80 мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашмоқда.

Ўн икки кунлик саммитни ўтказишдан асосий мақсад глобал иқлим ўзгаришларининг олдини олиш юзасидан универсал ва мажбурий келишув битимларига эришишдир. Масалан, углерод манбаи ўрнига қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг миқёсда фойдаланишга тезкорлик билан ўтиш технологиясини иштирокчи давлатлар кун тартибига киритиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борадаги янги битим 2020 йилдан кучга киради.

«Яшил технология» миқ­ё­­­­сини янада кенгайтириш учун БМТнинг Иқлим жам­ғармаси 2020 йилдан эътиборан йилига юз миллиард доллар миқдорида маблағ йиғиши даркор.

Табиатда «парник газ»­лари камайишини тезлаштириш учун конференцияда иштирок этаётган давлатлар ўз зиммаларига янги мажбуриятлар олмоқда. Масалан, Россия 2030 йилга бориб атмосферага СО2 оксиди чиқаришни 1990 йилдаги кўрсаткичдан 30 фоиз камайтириши жоиз. Атмосферага углерод газлари чиқариш бўйича дунёда Хитойдан кейин иккинчи ўринда турувчи АҚШ эса 2025 йилга бориб, 2005 йилдаги кўрсаткични 26-28 фоиз қисқартириши шарт. Шундай қилиб, ҳар бир давлат ўз зиммасига «иқлим мажбуриятлари»ни олиши ва бу қонуний расмийлаштирилиши Париж саммитининг асосий мақсади ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур Париж конференцияси Киото протоколининг давомидир.

Маълумки, 1997 йили Япониянинг Киото шаҳрида иқлим ўзгаришларига олиб келувчи «парник газ»­ларини атмосферага чиқаришни қисқартириш юзасидан дунёда биринчи бор халқаро битим — Киото протоколи имзоланган. У 2005 йил 16 февралдан расмий кучга кирган. Уни дунёнинг 156 давлати ратификация қилган. Аммо АҚШ ва ­Австралия сингари давлатларнинг ушбу протоколни ратификация қилмаганлиги, кейинчалик Канада мазкур протоколдан чиққанлиги бу борада дун­ёвий миқёсдаги қатъий тартиб механизмлари ҳали етарли эмаслигини ва умуман бу борада қатъий ҳуқуқий механизм­лар яратиш зарурлигини кўр­сатди.

Киото протоколига мувофиқ саноат индустрияси ривожланган давлатлар 2008-2012 йилларгача ўрта ҳисобда атмосферага «парник газ»лари чиқаришни 1990 йилдаги кўрсаткичдан 5 фоизга қисқартириши лозим эди. Бунинг учун ҳар бир давлатга аниқ квоталар белгиланди. Қайси давлат ушбу квотада белгиланган меъёрдан кам «парник газ»и чиқаришга эришса, ортиб қолган квотани бошқа талабгор давлатга сотиш имкони берилди.

Аммо ачинарлиси, бу услуб, яъни тежалган квота савдоси кутилган натижани бермади. Айрим давлатларда кўзбўямачиликлар, қўшиб ёзишлар эвазига квота савдосини авж олдириш кузатилди. Ҳатто икки хил фикрдаги иқлимшунос олимлар «тоифаси» юзага келди: бир гуруҳ олимлар иқлим ўзгаришлари глобал ҳарорат кўтарилишига олиб келмоқда, деган фикрни илгари сурса, яна бир гуруҳ олимлар иқлим ўзгаришлари глобал музлик даври юзага келишини яқинлаштиради, деган фикрни билдирмоқда. Масалан, олимларнинг Гренландия, Ҳимолай ва ҳатто Антарктида музликлари эриб бораётгани хусусидаги фикрлари ҳаё­тий мисоллар билан исботланган. Бошқа гуруҳ олимлар иқлим ўзгаришлари глобал музлик даврини яқинлаштираётганига шу йилнинг февраль ойида қаҳратон қиш ҳатто Нью-Йорк штатидаги гейзерларни музлатиб қўйганини мисол қилиб келтиради.

Нима бўлганда ҳам бугунги кунда дунё сиёсати энергоресурслар атрофида айланмоқда. Ҳар бир тонна нефть кишилик жамияти учун қимматга тушмоқда. Мазкур углеводород манбаига тенг келадиган, унинг ўрнини босувчи муқобил энерго­ресурс­лар ҳозирча кам. Атом энергияси унинг ўрнини босиши мумкин, аммо сиё­­сий нуқтаи назардан уни ривожлантириш хавфли. Бундан ташқари, техноген ва сейсмохавф ҳам мавжудки, уларнинг оқи­бати қанчалар аянч­ли эканлиги ҳаётда исботини топган.

Қисқаси, қуёш энергиясидан фойдаланиш, қайта тикланувчи ва биоэнергия яратиш технологиясини ривожлантириш ҳамда амалга кенг жорий этиш энг соф, экологик тоза энергия манбалари мажмуи эканлиги аллақачон исботланган. Париж саммити бу борадаги амалий саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосини ишлаб чиқиб, барча давлатлар учун мажбурий механизмлар яратишига умид қиламиз.

 

Алимқул СУЛТОНОВ



DB query error.
Please try later.